ЭНЕРГЕТИКА ВАЗИРЛИГИДА ЯПОНИЯ БИЛАН ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
https://t.me/minenergy_uzЎзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида Япониянинг Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Бюроси – METI Бош директори Шино Хосака бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг декабрь ойида Японияга амалга оширадиган ташрифига тайёргарлик кўриш доирасида ташкил этилди.
Мулоқотда Ўзбекистон томони Япониянинг «Mitsubishi Corporation», «Yokogawa Corporation» ва «Marubeni Corporation» каби компаниялари билан истиқболли ҳамкорлик ўрнатилганини таъкидлади. Қайд этилдики, мамлакатнинг бугунги кундаги сиёсати илғор технологияларни жорий этиш орқали республиканинг энергетика соҳасига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш учун очиқдир.
Ўзбекистон Республикасининг газ-транспорт тизимини модернизация қилиш Дастурининг иккинчи босқичида «Marubeni Corporation» компанияси билан газ инфраструктура объектларида диспетчерлик, назорат қилиш ва бошқарув маркази (SCADA), «Yokogawa» компанияси билан эса АСУТП тизимини жорий этишнинг имкониятлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон томонидан, шунингдек «Навоий ИЭС» АЖда қурилаётган 4 та буғ-газ қурилмасини, «Сирдарё ИЭС»да давлат-хусусий шериклик тамойили асосида қурилаётган буғ-газ қурилмаси қурилиши каби лойиҳаларни молиялаштиришда ҳамкорлик қилиш таклифи билдирилди. Ушбу лойиҳалар электр энергетикаси соҳасининг салоҳиятини оширишга қаратилган бўлиб, бу борада эҳтиёт қисмлар етказиб бериш, доимий назоратлар учун техник маслаҳатлар бериш, шеф-муҳандислар тайёрлаш ҳамда буғ-газ қурилмалари бўйича масофавий назорат ўрнатиш йўналишларида ҳамкорлик қилиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, JICA маблағлари ҳисобидан Япония компаниялари бугунги кунда «Навоий ИЭС» ва «Тўрақўрғон ИЭС»да буғ-газ қурилмаларини қуриш каби энергетика соҳасидаги лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширмоқда.
Ҳозирги вақтда «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва «Mitsubishi Corporation» компанияси ўртасида таклиф этилаётган лойиҳаларнинг истиқболини ўрганиш асносида англашув Меморандумини имзолаш кутиляпти.
«Yokogawa Corporation» компанияси билан эса «Ўзбекнефтгаз» АЖ технологик жараёнларига автоматик бошқарув тизимларини жорий этиш бўйича англашув Меморандуми имзоланган. Айни пайтда томонлар бу борада битим имзолашга тайёргарлик кўрмоқдалар.
Томонлар Ўзбекистон Республикасининг газ-транспорт тизимини модернизация қилиш Дастурининг иккинчи босқичида газ инфраструктура объектларида диспетчерлик, назорат қилиш ва бошқарув марказини (SCADA) жорий этишда «Marubeni Corporation» компаниясининг иштироки имкониятларини ҳам кўриб чиқмоқдалар.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати