ЭНЕРГЕТИКА ОБЪЕКТЛАРИНИ ЛОЙИҲАЛАШ БИЛАН ЯНГИ ҚЎШМА КОРХОНА ШУҒУЛЛАНАДИ 

ЭНЕРГЕТИКА ОБЪЕКТЛАРИНИ ЛОЙИҲАЛАШ БИЛАН ЯНГИ ҚЎШМА КОРХОНА ШУҒУЛЛАНАДИ 


Мамлакатимизда Франция билан ҳамкорликда «Uzenergoengineering–Assystem» қўшма корхонаси ташкил қилинмоқда.

 Мазкур қўшма корхона инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда барча турдаги электр тармоқлари ва энергетик объектларини лойиҳалаш билан шуғулланади. 

Бу ҳақидаги битим 2019 йил 24 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида «Assystem Engineeringand Operation Services S.A.S.» компанияси (Франция) вакиллари билан учрашувда имзоланди. 

Қўшма корхона Франциянинг ҳамкор компанияси ва «Ўзэнергоинжиниринг» АЖ билан биргаликда ташкил этилади ва у Ўзбекистон Республикасида масъулияти чекланган жамият шаклида фаолият юритади.

 «Uzenergoengineering–Assystem» қўшма корхонасининг фаолияти барча турдаги электр тармоқлари ва энергетик объектларини лойиҳалашда инновацион технологиялар ва замонавий фан ютуқларига асосланади.

Шуни қўшимча тарзда айтиш мумкинки, имзоланган битим Энергетика вазирлиги ва Франциянинг «Assystem» компанияси ўртасидаги ҳамкорликдаги энг муҳим босқичдир. 

Бундан ташқари, жорий йилнинг май ойида томонлар энергетика соҳасида ўзаро манфаатли техник ҳамкорлик мақсадида ўзаро англашув тўғрисидаги меморандумни имзоланган эди. Ушбу ҳужжат томонларнинг техник ҳамкорликнинг янги шаклларини, шу жумладан, энергетика соҳасида лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва бошқариш кабиларни рағбатлантиришга қаратилгани билан катта аҳамият касб этади.


 Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги матбуот хизмати