ЭЛИНИНГ ЁДИДАДИР МУҲАММАД ЮСУФ

ЭЛИНИНГ ЁДИДАДИР МУҲАММАД ЮСУФ


 Содда, самимий қалб эгаси, ўзбекнинг суюкли шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 70 йиллик тантаналари юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда. ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД Биринчи минтақавий ҳудудига қарашли 13-сон жазони ижро этиш колониясида ҳам навбатдаги “Маънавият ва маърифат дарси” “Муҳаммад Юсуф – Ватан куйчиси” мавзусига бағишланди.  

Шоир шеърларида она юртга меҳру муҳаббат, садоқат чин юракдан куйланган. Шунданми, унинг ўзбекона соддалик, тантилик, самимият билан йўғрилган ижод намуналари миллионлаб қалблардан жой олган. Шоирни халқимиз ҳалигача ардоқлаб эъзозлаб, унинг ёрқин хотирасини ёдга олиб келади.   

      Тадбирда сўзга чиққанлар ҳам шоирнинг гўзал ижоди ва жудаям ноёб инсоний фазилатлари ҳақида сўзладилар. Айниқса, шоирнинг эл-юрт тинчлик-осойишталиги йўлида хизмат қилаётган фидойи посбонларига қарата айтган:

Сизда ором қайда, Сизда тин қайда,

Сиз тўйиб ухлаган битта тун қайда.

Эл-юрт оромини асраган зотлар,

Эл меҳри асрасин Сизни ҳар жойда!

сатрлари барча юрт ҳимоячиларининг қалб мадҳиясига айланганини таъкидлаб ўтдилар.

    Чиндан ҳам юртига меҳрини берган, элини ардоқлаган инсонлар мангуликка даҳлдордир. Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хотираси ҳам унинг мухлислари қалбида мангу қолади. Зеро, ижоди билан юртни кўкларга кўтарган, Ватан ҳақида ҳақиқий дардчил сўзларни сўзлай олган шоирни халқимиз ҳеч қачон унутмайди.

Нилуфар ДАВИДОВА,

журналист.


Report Page