“ЭЛЕКТРОН РЕЦЕПТ” ТИЗИМИ БЎЙИЧА ЖАМОАТЧИЛИКДАН КЕЛИБ ТУШГАН САВОЛЛАРГА ЖАВОБЛАР
SSV.uzТошкент шаҳри ва тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилаётган 15 та туман(шаҳар)да дори воситаларининг электрон рецепт асосида берилиши йўлга қўйилаётгани жамоатчилик вакилларида турли саволларни юзага келтирмоқда.
Шундан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ишчи гуруҳи аҳолини қизиқтираётган саволларга навбатдаги жавобларни тақдим этади.
Савол: Айрим фуқаролар тизим “осилиб” қолиши, узоқ юкланишини айтмоқда. Чиндам ҳам шундайми?
Жавоб: Ҳозир тизим ишчи ҳолатда. Агар интернет тезлигида носозликлар кузатилмаса, тизимдан мунтазам фойдаланиш имконияти мавжуд. Техник мутахассислар доимий равишда юкламага қараб, серверларни оптимизация қилиш ишларини олиб бормоқда.
Савол: Агар тизим ишламай қолса, шифокор нима қилади?
Жавоб: Агар тизим муассасанинг ўзида (электрдаги узилиш, тармоқдаги узилиш) ишламай қолса, муқобил вариант сифатида шифокорлар планшет воситаси орқали электрон рецепт тайинлайди.
Савол: Техник носозлик кузатилган ҳолларда беморларнинг дори воситалари билан таъминланиши қандай амалга оширилади?
Жавоб: Бундай ҳолатларда бемор вақтини тежайдиган қулай алгоритм ишлаб чиқилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, шошилинч ҳолатларда шифокорлар томонидан жойида тиббий ёрдам кўрсатилади (дорилар муассаса захирасидан берилади). Электрон рецептлар эса асосан амбулатор даволаниш учун мўлжалланган.
Савол: Тизимнинг ишлаш кўрсаткичлари, ҳодисаларга жавоб бериш тартиби, шифокорлар ва дорихоналар учун ягона техник ёрдам канали мавжудми?
Жавоб: Техник кўмак тўлиқ ташкил этилган. Тизимни мониторинг қилиш мақсадида вазирликнинг Рақамли соғлиқни сақлаш маркази серверлар ишини 24/7 режимида кузатиб бормоқда. Шунингдек, мурожаатларни қабул қилиб, тезкор кўриб чиқиш учун @ssv_pilotbot телеграм боти ишлаб турибди.
Савол: Рецепт ёздириш мақсадида келадиган беморлар учун алоҳида тезкор йўлак жорий этилганми?
Жавоб: Алоҳида тезкор йўлак жорий этишга эҳтиёж йўқ. Чунки сурункали касаллиги бор беморларга навбат асосида хизмат кўрсатилади. Шошилинч ҳолатдаги беморлар учун эса биринчи тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган дори воситалари барча оилавий поликлиникаларда мавжуд.
Савол: Асосий дори воситалари даражасига қараб гуруҳларга ажратилганми?
Жавоб: Соғиқни сақлаш вазирлигининг 2023 йил 21 августдаги 34-сон буйруғига кўра, асосий дори воситалари рўйхати тасдиқланган ва улар 65 та гуруҳга ажратилган (3455-сон 31.08.2023. Асосий дори воситалари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида).
Савол: Тизимдан фойдаланиш бўйича алоҳида йўриқнома ишлаб чиқилганми?
Жавоб: Соғлиқни сақлаш вазирининг 2025 йил 19 ноябрдаги 335-сон буйруғи билан барча тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларида “Электрон рецепт” модулидан фойдаланиш ва ушбу модулга тегишли маълумотларни узатиш йўриқномаси тасдиқланиб, жойларга етказилган. Бундан ташқари, “Электрон рецепт” тизими жорий қилинаётган Тошкент шаҳри ва тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилаётган 15 та туман(шаҳар)даги тиббиёт ташкилотлари ходимларига ўқув семинарлари орқали кенг тушунтирилган.
Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазирлиги.