“ЭЛЕКТРОН РЕЦЕПТ” ТИЗИМИ БЎЙИЧА ЖАМОАТЧИЛИКДАН КЕЛИБ ТУШГАН САВОЛЛАРГА ЖАВОБЛАР
Савол: Ётиб қолган беморлар ва поликлиникага бора олмайдиган кекса ёшли фуқаролар "Электрон рецепт"дан қандай фойдаланади? Дори шошилинч керак бўлса-чи?
Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 сентябрдаги 570-сон қарорига мувофиқ, жисмоний ҳолати сабаб тиббиёт муассасасига кела олмайдиган ва ётиб қолган беморлар учун дори воситалари яқин қариндошлари ёки қонуний вакиллари томонидан электрон рецепт асосида олинади.
Шошилинч ҳолатларда тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилинади.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирининг 2025 йил 19 ноябрдаги 355-сон буйруғи билан беморга дори воситаларини шошилинч равишда ёки зудлик билан бериш зарур бўлган тақдирда, рецепт бланкасининг юқори қисмига “cito” (шошилинч) ёки “statim” (зудлик билан) белгиси қўйилиши белгиланган.
Бундай белгилар рецептни дорихона ва тиббий амалиётда шошилинч заруриятини кўрсатади.
Савол: Агар тунги пайт тиш қаттиқ оғриб қолса, аммо оғриқ қолдирувчи дори бўлмаса, нима қилиш керак?
Жавоб: Рецептсиз дори воситалар рўйхатига оғриқсизлантирувчи дорилар киритилган бўлиб, улардан фойдаланиш мумкин.
Шунингдек, бундай ҳолларда беморлар ўзи ёки тез тиббий ёрдам хизмати орқали тегишли тиббиёт муассасаларининг шошилинч қабул бўлимларига мурожаат қилишлари тавсия этилади.
Савол: Сурункали касалликка чалинган ва доимий дори қабул қиладиган беморлар билан қандай йўл тутилади? Улар ҳар бир қабул учун шифокорга бориб, алоҳида рецепт оладими?
Жавоб: Соғлиқни сақлаш вазирининг 2025 йил 19 ноябрдаги 355-сон буйруғига мувофиқ, сурункали хасталиги бор беморларга амбулатор шароитда рецепт ёзилганда, анаболик фаолликка эга айрим дори воситалари истисно тариқасида 60 кунлик, баъзи дори воситалари эса 90 кунлик даволаш курсига етарли миқдорда белгиланиши кўрсатилган.
Шунингдек, бундай беморларга “Электрон рецепт” бўйича кафолатланган пакетга киритилган дори воситалари дорихоналар томонидан реимбурсация дастури асосида 30 кунлик даволаш курсига етарли миқдорда бепул берилади.
Савол: Агар шанба куни кечқурун ёки якшанба куни иситма кўтарилса, қандай йўл тутиш керак? Биргина Парацетамол таблеткаси учун ҳам “Тез ёрдам” чақиришга тўғри келадими?
Жавоб: Рецептсиз дори воситалар рўйхатига иситма туширувчи (Парацетамол, Ибуфаст, Февалган ва бошқалар) дорилар киритилган бўлиб, улардан фойдаланиш мумкин.
Агар иситма 38–38,5°С дан юқори бўлса, болада ҳолсизлик, тинимсиз йиғлаш, тиришиш, нафас олиш қийинлашиши, катта ёшдагиларда кучли умумий ҳолсизлик, кўкрак соҳасида оғриқ, ҳушдан кетиш каби хавфли белгилар кузатилса тез тиббий ёрдам хизмати ёки тегишли тиббиёт муассасаларининг шошилинч қабул бўлимларига мурожаат қилишлари лозим.
Бунда шошилинч қабул бўлимлари шифокорлари томонидан амбулатор қабул учун дори воситаларга рецепт ёзиб берилиши мумкин.
Савол: Айрим ҳолларда ҳайвонлар одамлар учун мўлжалланган дори воситалари билан даволанади. Шу боис, зарурат туғилганда ҳайвонларни даволаш учун рецептни ким ёзиб беради?
Жавоб: Амалдаги тартибга мувофиқ, тиббиёт ташкилотлари томонидан фақат беморларга бериладиган дори воситалари учун электрон рецепт тайинлаш мумкин. Бунда ҳайвонларга дори воситасини тайинлаш тегишли ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
Савол: Аллергияга қарши дорилар ҳам рецепт билан бериладими? Агар тунда аллергия хуружи бошланса ва шошилинч ёрдам керак бўлса, нима қилиш лозим?
Жавоб: Аллергияга қарши дорилар рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатига киритилган бўлиб, ушбу рўйхат 25 турдаги дори воситасини ўз ичига олади. Агар хуруж тунда бошланса, ушбу дориларни энг яқин дорихоналардан олиш мумкин. Шунингдек, заруратга кўра, бундай ҳолларда тез тиббий ёрдам хизмати орқали тегишли тиббиёт муассасаларининг шошилинч қабул бўлимларига мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ.
Савол: Автомобиль аптечкалари ва офислардаги биринчи ёрдам аптечкалари масаласи қандай ҳал этилади?
Жавоб: Автомобиль аптечкалари рўйхатига киритилган дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар рецептсиз дори воситалар рўйхатига киритилган.
Шунингдек, офисларда ҳам рецептсиз бериладиган дори воситаларидан жамланма қилиш мумкин.
Савол: Агар стресс туфайли ёки ёш билан боғлиқ ҳолда тўсатдан юрак сиқилиши кузатилса, корвалол ва валидол дорилари қандай олинади?
Жавоб: Корвалол, валериана, валидол дори воситалари рецептсиз дори воситалари рўйхатига киритилган бўлиб, дорихоналардан рецептсиз олиш мумкин. Шунингдек, ҳар қандай юрак ҳуружлари кузатилганда тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ.
Савол: Агар чет эл фуқаросида оддий бош оғриғи ёки одатланмаган овқат истеъмоли натижасида ошқозон оғриғи кузатилса, у қандай йўл тутади?
Жавоб: Рецептсиз бериладиган дорилар рўйхатига оғриқ қолдирувчи дори воситалари киритилган.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тасдиқланган.
Ушбу тартибга кўра, улар тиббий ёрдам олиш учун тегишли тиббий муассасаларига мурожаат этишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазирлиги