ЭКУ ва ЁРТ

ЭКУ ва ЁРТ

@ginekilogim


Халқаро экспертларнинг фикрига кўра, дунёда 13-15 фоиз репродуктив ёшдаги жуфтликлар ўртасида бепуштлик тарқалган бўлиб, бу ижтимоий ва психологик ноқулайликларга, оилавий ажралишлар сонининг ортиб боришига олиб келмоқда.

Ёрдамчи Репродуктив Технологиялар (ЁРТ) – бепуштликнинг оғирроқ турларида аёлнинг ҳомиладор бўлиши учун махсус лаборатория ва технологик манипуляциялар орқали тиббий даволаш ва муоалажа қилиш усуллари бўлиб, унда уруғлантиришнинг айрим ёки барча босқичлари бўлғуси она организми ташқарисида олиб борилади. Ёрдамчи репродуктив технологиялар ўндан ортиқ усулларни ўз ичига олади ва улар сони янада кенгайиб бормоқда. Бу усуллар даволашнинг талабидан келиб чиқиб турли дастурлар шаклида қўлланилади (Масалан: ТЕСА+ЭКУ+ИКСИ+криоконсервация каби):

1. ЭКУ

2. ИКСИ

3. ТЕСА

4. ИГТ

5. Криоконсервация

6. Инсеминация

7. Тухумдоннинг назоратли стимуляцияси

Қуйидаги усуллар эса биоэтика ва эътиқодий жиҳатлардан кўп мамлакатларда таъқиқланган, жумладан Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси томонидан чиқарилган фатвода ҳам уларни қўллаш жоиз эмаслиги билдирилган:

8.  Донор сперма ёки донор тухум ҳужайра (бунда донор деганда– бегона, яъни никоҳида бўлмаган эр ёки аёлнинг жинсий ҳужайраларидан фойдаланиш назарда тутилади) орқали уруғлантириш усули.

9.  Суррогат оналик - эр-хотиннинг уруғ ва тухум ҳужайраси ташқи тарзда уруғлантирилади, сўнгра ихтиёрий равишда фарзандни туғиб беришга рози бўлган бегона аёл бачадонига жойлаштирилади.

        Энди ушбу атамаларни изоҳлашга ўтсак:

1. ЭКУЭкстраКорпорал Уруғлантириш. Яъни луғавий маънода (лотин тилидан extra – ташқарида, corpus – тана) “танадан ташқарида уруғлантириш”, уни кўпинча сунъий уруғлантириш дейилади. Чунки инглиз тилида IVF – ( In-Vitro Fertilization) – “сунъий муҳитда уруғлантириш” деб юритилади. Айримлар “найча боласи”, “пробирка бола”, “сунъий урчитиш” каби ибораларни ҳам қўллайдилар. Сўзлашувда кўпинча ЭКО (ЭкстраКорпоральное Оплодотворение) деб аталиши рус тилидаги қисқартмаси тилимизга кириб қолгани сабаблидир. ЭКУ - аёл организмидан ташқарида тухум ҳужайрани эркакдан олинган сперма билан махсус найчада (пробиркада) уруғлантириш ва уруғланган эмбрионни яна аёл бачадонига ўтказиб ҳомиладорликни ҳосил қилиш. ЭКУ бепуштликнинг оғир шаклларини даволашда энг самарали усул ҳисобланади. У бачадон найчалари бўлмаганда ёки ёпилиб қолганда, эндометриозда, тухумдон касалликларида, эркаклар бепуштлигида, бепуштлик сабаби аниқланмаганда ҳамда бошқа даволаш усулларини қўллаш самара бермаганда тавсия этилади. ЭКУ амалиётининг ўзи бир неча босқичдан иборат.

1. Индукция овуляцияси ёки тухумдон стимуляцияси – бу битта ҳайз циклида бир нечта етилган тухум ҳужайра олиш учун тухумдонларни гормонал стимуляция қилишдир. Шифокорнинг гормонал препаратларни қабул қилиш борасидаги тавсияларини тўғри бажариш - ЭКУ усулидаги даволаш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. ЭКУ протоколи ҳар бир аёлнинг организми ҳолатига қараб индивидуал равишда танланади. Гормонал кучайтиришнинг мақсади – биринчидан, ҳомила учун туғри келадиган тухум ҳужайраларни олиш, иккинчидан, эмбрионни қабул қилишда бачадон эндометриясини (бачадон девори - ички муҳитини) тайёрлаш. Барча жараён ультратовуш текшируви остида назорат қилиб борилади.

2. Фолликулалар пункцияси

Фолликула пункцияси етилган тухум ҳужайраларни тухумдондан йиғиб олиш учун ўтказилади. Тухумдон пункцияси қин орқали махсус шприц-игна ёрдамида ультратовуш текшируви назорати остида бажарилади. Қин орқали пункция қилиш усулида жароҳатланиш эҳтимоли минимал бўлгани учун амбулатор шароитда наркоз остида амалга оширилади.

3. ЭКУ уруғлантирилиши

Тухумҳужайралар ва спермани махсус «пробирка» ичига жойлаштиришади, у ерда уруғланиш табиий жараён тарзида содир бўлади. Барча жараён махсус жиҳозланган лабораторияда мутахассис-эмбриолог назорати остида олиб борилади. Қоидага кўра, найчада (пробиркада) эмбрионлар ривожланиши 2 кундан 5 кунга қадар давом этади.

4. Эмбрион ўтказилиши ва ЭКУдан кейинги ҳомиладорлик

Эмбрион ўтказилиши уруғлантиришнинг 3-5 кунида амалга оширилади. Бачадонга эмбрионлар ингичка катетер ёрдамида кўчирилади. Бу умуман оғриқсиз муолажа, она ва бўлажак гўдакка зарарсиздир. Замонавий стандартларга асосан, қоидага кўра, эмбрионлар икки донадан ортиқ ўтказилмайди. Бу кўп болали ҳомила бўлиш хавфини камайтиради. Шу кундан аёлга эмбрион ривожланишини ва бачадонга ўрнашишини қўллаб-қувватловчи препаратлар қабул қилиш тайинланади.

Қоидага кўра, муолажанинг барча босқичлари амбулатор тарзда ўтказилади - яъни муолажалардан сўнг клиникада қолиш шартмас, бемалол уйга ёки меҳмонхонага кетиш мумкин.


2. ИКСИ – (инглизча  ICSIIntraCytoplasmic Sperm Injection, яъни сперматазоидни тухум ҳужайранинг цитоплазмаси ичига киритиш) — ЭКУ билан биргаликда олиб бориладиган ёрдамчи усул. Мазкур усул сперматазоидларнинг ҳаракатчанлиги суст бўлганда ёки спермадаги сперматазоидлар миқдори жуда оз бўлганда (одатда меъёрда бир неча ўн миллион бўлади) ёҳуд сперматазоидларнингг тухум ҳужайрани ёриб кириш ва уруғлантириш қобилияти йўқолганда ва шу каби эркаклар бепуштлигида кузатиладиган имконсиздек туюлган ҳолатларда қўўланиладиган усулдир. ИКСИ махсус манипуляторга уланган микроигна ва микросўрғичдан иборат микроасбоблар ёрдамида  микроскоп назорати остида амалга оширилади. Ушбу усул уруғлантиришнинг эҳтимоллигини янада оширишга хизмат қилади ва шу усул қўлланиб туғилган болаларнинг жисмоний ва ақлий соғлиғи сперматазоиднинг табиий шаклда уруғлантириши натижасида туғилган болаларникидан фарқ қилмайди.


3.ТЕCА – (TESA – инг. TEsticular Sperm Aspiration яъни — спермани моякдан чиқариб олиш) - сперма табиий йўл билан чиқмаса, ёки спермада сперматазоидлар бўлмаса, махсус муолажа ёрдамида сперматазоид моякнинг ўзидан махсус игна билан пункция қилиб чиқариб олинади. Буни мояк биопсияси ёки тестикуляр биопсия ҳам дейилади. Уни бироз фарқли турлари ҳам бор. TESE  - (Testicular Sperm Extraction) – бунда мояк бироз кесиб очилади ва сперма мояк тўқимасидан чиқариб олинади. Агар мояк ортиғидан микрохирургик амалиёт орқали чиқариб олнса - МЕSА (Microsurgical Epididymal Sperm Aspiration) дейилади. PESA (Percut aneous Epididymal Sperm Aspiration) – эса мояк ортиғидан жуда ингичка игна орқали спермани чиқариб олиш усули. TESA усули самара бермаганда кейинги усуллар қўланилади.

 Бу амалиётлар барчаси маҳаллий ёки умумий наркоз остида бажарилади. Олинган сперматазоидлар кейинчалик ИКСИ амалиёти учун ишлатилади.


4. ИГС  - Иплантацияолди Генетик Скрининг – (инг. PGS Preimplantation Genetic Screening ёки PGD - preimplantation genetic diagnosis, рус. - Предимплантационная Генетическая Диагностика – ПГД) - микроскоп назорати остида эмбриологнинг микроманипулятор билан ҳар бир эмбриондан (эмбрион 3 суткада меъёрда 6-8 ҳужайрадан иборат бўлади) битта ҳужайрани ажратиб олиб, ўша ҳужайрада ташхис ишини олиб боришидир. Натижада соғлом деб топилган эмбрион бачадонга кўчириб ўтказади. Мазкур усул оилавий жуфтликларнинг энг кўп эҳтимоли бўлган ирсий нуқсонларни олдиндан аниқлаши мумкин. Масалан, муковисцидоз, гемофилия, талассемия, Даун синдроми каби онанинг ёши ўтган сари кўпроқ учрайдиган ирсий касалликларни аниқлаб олдини олиш мақсадида қўлланилади.


5. Криоконсервация – (грек. криос — совуқ ва лот. консерво — сақлайман) тирик биологик материални кейинчалик яна эритиб ишлатиш мақсадида паст ҳароратда музлатиб қўйишдир. Ёрдамчи репродукти технологияларда спермани, тухум ҳужайрани, уруғланган тухум ҳужайра – эмбрионнни музлатиб қўйиш учун ишлатилади. Бунда мисол учун ортиб қолган эмбрион, сперма ёки тухум ҳужайра маълум муддатга музлатиб қўйилса уни кейинги ЭКУ муолажалари учун ишлатиш мумкин бўлади. Музлатиш капсулада суюқ азот ичида (-196оС даражада) амалга оширилади. Музлатишни бир неча йилгача ҳатто ўнлаб йилгача ҳам давом этиши мумкин.

6. Инсеминация - ёки тўлиқ номи Бачадон Ичига Инсеминация  -БИИ (рус. ВМИ – ВнутриМаточная Инсеминация) – бу спермани махсус катетр ёрдамида бачадон бўшлиғига туширишдир. Инсеминация муолажаси даволашнинг бир циклида 2-3 марта ўтказилади. Эндокрин ва иммунологик омилларга боғлиқ бепуштлик ва эркаклардаги айрим бепуштлик кўринишларида БИИ тавсия қилинади. Бу муолажани қилишнинг асосий шарти бачадон найлари ўтказувчанлигининг меъёрда бўлишидир. Мазкур усулнинг самарадорлиги битта цикл учун 20-25% ни (1 та инсеминация муолажасиники 12%) ташкил қилади.


7. Тухумдоннинг назоратли стимуляцияси ёки овуляция индукцияси – бу битта ҳайз циклида бир нечта етилган тухум ҳужайра олиш учун тухумдонларни гормонал стимуляция қилишдир. Индукция овуляцияси учун турли хил гормонал препаратлар ва уларни тайинлаш схемалари мавжуд. Улардан қайси бирини танлаш ёш, тана вазни, ўтказилган касалликлар каби кўпгина омилларга боғлиқ бўлиб, ҳар бир ҳолат учун индивидуал ёндошувни талаб қилади. Шифокор ультратовуш текшируви (УТТ) орқали фоллкуланинг ривожланишини назорат қилиб боради ва унинг натижасига кўра қабул қилинаётган препаратларнинг дозасини тартибга солади. Шифокорнинг гормонал препаратларни қабул қилиш борасидаги тавсияларини тўғри бажариш - ЭКУ усулидаги даволаш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Энди бу амалиётларнинг дунё миқёсида ўртача нархларига келсак:

Нархларни Қозоғистон, Россия, Туркия, Кипр, Ҳиндистон, Корея каби мамлакатлар мисолида олдик.

ЭКУ – яъни тухум ҳужайранинг стимуляцияси, пункцияси, сунъий муҳитда уруғлантириш ва эмбрионни кўчиришни ўз ичига оладиган муолажа – ўртача 1500 $ - 3000 $

ИКСИ350 $– 700 $

Криоконсервация300 $ – 450 $ ( 1 йилгача сақлаш ичида, кейинги сақлаш муддатини узайтириш учун ойига 10 $ - 20$ тўлаб турилади)

Музлатилган эмбрион, тухум ҳужайра ёки спермани эритиб олиш  – 300 $  –  450 $

Музлатилган эмбрионни эритиб бачадонга кўчириш – 600 $ – 1200 $

ТЕСА (мояк биопсияси) – 300 $ - 1000 $

ИГТ (ПГД, ПГС)900 $ – 1200 $ (нечта эмбрионни текширишга қараб)

Тухумдон стимуляцияси (овуляция индукцияси) – 150 $ – 300 $

Инсеминация 120 $ – 250 $

ЭКУ муолажасида ишлатиладиган дорилар  - 600 $ – 1000 $ гача (тухум ҳужайра етилишига боғлиқ равишда) 


Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА тайёрлади

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ

 

Report Page