ЭКУ МУОЛАЖАСИГА ДОИР КЎП СЎРАЛГАН АЙРИМ САВОЛЛАРГА ЖАВОБЛАР
@ginekologim
ФОЛЛИКУЛАЛАР ПУНКЦИЯСИ НИМА ВА ТУХУМ ҲУЖАЙРАНИ ТЕРИБ ОЛИШ ҚАНДАЙ АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?
Фолликула пункцияси тиббий муолажа бўлиб, унда аёлларнинг тухумдонидан энг етилган ва юқори сифатли тухум ҳужайралар олинади.
Шундан сўнг, намуналар пробиркага жойлаштирилади ва уруғлантириш ва эмбрион ҳосил қилиш учун ишлатилади. Барча муолажа ўртача 15-20 дақиқа давом этади. Муолажа махсус катетрли игна ва ультратовуш аппарати орқали бажарилади. Ускуналар етилган барча тухум ҳужайраларни сўриб олади ва уларни пробиркага жойлаштиради. Трансвагинал ультратовуш текшируви бутун жараённи ва игнанинг ҳаракатини кузатишга ёрдам беради, бу жуда оғриқли жараён, шунинг учун у наркозсиз амалга оширилмайди. Умумий ёки маҳаллий оғриқсизлантириш қўлланилади. Жарроҳлик амалиёти шифокор репродуктив аъзолардан керакли миқдордаги тухум ҳужайраларни териб олмагунча давом этади. Фолликулалар сонини кўпайтириш учун пункция қилишдан аввалроқ кўпинча тухумдонларнинг стимуляцияси ўтказилади. Бунинг учун ҳайз циклининг бошида пациентга фолликуллар етилмасидан олдин ичадиган гормонал дорилар буюрилади. Ушбу даврда гормон терапияси тухумдонлардаги тухум ҳужайралар сонини кўпайтиришга ёрдам беради ва улардан энг яхшисини ажратиш имкониятини оширади.
ЭКУ муолажасида қайси куни пункция қилинади: муолажани иложи борича самарали ва аниқ бажариш учун шифокор тухум ҳужайралар фолликуладан чиқиш кунни олдиндан белгилайди. Одатда бу овуляциядан бир неча кун олдин содир бўлади. Ультратовуш аппарати ёрдамида репродуктолог лютеинизирловчи гормоннинг максимал миқдорда ишлаб чиқарилишини кузатади ва қачон етилган тухум ҳужайрани олиш мумкинлигини аниқлайди.
Муолажани бажариш хусусиятлари:
Фолликулалар пункцияси аниқ белгиланган вақтда бажарилади. Жарроҳлик амалиёти умумий наркоз остида амалга оширилади. Анестезия туфайли аёл жарроҳлик амалиёти пайтида оғриқ ва ноқулайлик ҳис қилмайди.
Кўпинча муолажа интравагинал тарзда (қин ичидан) ўтказилади Репродуктолог керакли миқдордаги фолликулани териб олганидан сўнг, улар пробиркага жойлаштирилади ва эмбриологга топширилади. Лаборатория таҳлилидан фойдаланган ҳолда мутахассис бир неча дақиқада нечта тухум ҳужайра териб олинганини аниқлайди ва уни махсус инкубаторга жойлаштиради. Аёл тухум ҳужайраси териб олинаётган пайтда, эркак сперма топширади. Олинган сперма фаоллигини аниқлаш учун микроскоп остида таҳлил қилинади. Бутун жараён ўртача 15-20 дақиқа давом этади. Агар муолажа тўғри амалга оширилса, пациент аёл учун ҳеч қандай салбий оқибатлар бўлмаслиги керак ва тикланиш 3-5 кун давом этади.
ТУХУМ ҲУЖАЙРА СПЕРМАТОЗОИД БИЛАН ҚАНДАЙ БИРИКАДИ?
Фолликулалар пункциясидан сўнг, эмбриолог ишга киришади. У тухум ҳужайраларни «излаб топиш» ишларини олиб боради, сўнг уларни инкубаторга жойлаштиради. Уруғлантириш тухум ҳужайрани олгандан 4-6 соат ўтгач концентрация қилинган сперма билан амалга оширилади. Оддий уруғлантириш учун ҳар бир тухум ҳужайрага тахминан 50 000 сперматозоид ҳужайралари ишлатилади. Агар сперма параметрлари стандарт ЭКУ талабларига жавоб бермаса ёки олдинги ЭКУ уринишлари муваффақиятсиз ўтган бўлса, даволашнинг кейинги тактикаси муҳокама қилинади (эҳтимол, ИКСИ муолажаси). ИКСИ усули эркак спермасида аномалиялар кузатилган вазиятларда териб олинган тухум ҳужайрани уруғлантириш учун ишлатилади.
Агар пункция пайтида сперма олиш қийин бўлса ёки уруғ суюқлигида сперма бўлмаса, махсус муолажа - ёрғоқ биопсияси ўтказиш назарга олинади.
Пункция ўтказилган кун эмбрион етилишининг нолинчи куни ҳисобланади; ривожланишнинг биринчи куни – пункциядан кейинги кун ҳисобланади. Айнан шу куни тухум ҳужайраларнинг аксариятида уруғлантиришнинг дастлабки аломатлари пайдо бўлади. Улардаги ўзгариш тухум ҳужайралар сперматозоидлар билан бириккандан 16-18 соат ўтгач сезилади. Уруғлантиришни қайта баҳолаш уруғлантирилгандан кейин 24-26 соат ўтгач амалга оширилади. Уруғлантиришни назорат қилиш эмбриолог томонидан шиша идишча ичида ўсаётган ҳужайраларни микроскоп остида кузатиш орқали амалга оширилади.
Эмбрионларнинг ривожланиш босқичлари: уруғлантирилган тухум ҳужайра зигота деб аталади - бу бир ҳужайрали эмбрион бўлиб, у иккита тўплам, яъни ота ва она организмидан ўтган хромосомалардан таркиб топган. Бироқ эмбрионларни бачадон бўшлиғига кўчириб ўтказиш борасида қарор бериш учун зиготаларнинг мавжудлиги ҳали етарли ҳисобланмайди. Аввал эмбрионларнинг нормал бўлиниши ва ривожланишига ишонч ҳосил қилиш керак. Буни фақат уруғлантирилгандан кейинги кун бўлинишнинг биринчи аломатлари пайдо бўлганда, эмбрионнинг бўлинаётган ҳужайралари миқдори ва сифати асосида баҳолаш мумкин. Мазкур аломатлар энг аниқ фақат ўстиришнинг иккинчи кунида пайдо бўлади. Ҳар куни эмбриолог шифокор эмбрионларнинг барча параметрларини, яъни эмбриондаги ҳужайраларнинг сони ва сифати (бластомерлар), бўлиниш даражаси, меъёрдан четлашишларнинг мавжудлиги ва ҳоказоларни ҳисобга олган ҳолда баҳолайди.
Бачадон бўшлиғига фақат сифатли эмбрионлар кўчириб ўтказилиши керак. Эмбрионни кўчириш, уларнинг ривожланиш тезлиги ва эмбрионларнинг сифатига қараб, ўстиришнинг 5-кунида амалга оширилади.
Яқин вақтгача, эмбрионлар уч кун давомида ўстирилиб, кейин бачадонга ўтказиларди ёки музлатиларди. Ҳозирги вақтда эмбрионларни беш ёки олти кун давомида то бластоциста босқичига етгунга қадар узоқроқ ўстириш кенг тарқалган. Бластоцисталарда муваффақиятли имплантация бўлиш даражаси юқори бўлиб, бу ўз навбатида камроқ эмбрионларни кўчириб ўтказиш ва ҳомиладорлик юзага келиш эҳтимолини оширган ҳолда кўп (икки ва ундан ортиқ) ҳомила бўлиш хавфини камайтириш имконини беради.
БАЧАДОН БЎШЛИҒИГА ЭМБРИОН ҚАНДАЙ КЎЧИРИБ ЎТКАЗИЛАДИ?
Эмбрионларни кўчириб ўтказиш юқорида айтиб ўтилганидек, ўстиришнинг 5-кунида, уларнинг ривожланиш босқичига қараб амалга оширилади. Эмбрионни кўчириш кунида пациент белгиланган вақтдан 30 дақиқа олдин келиши керак. Эркак ҳам келиши мумкин, аммо шарт эмас. Эмбрион кўчириб ўткзаладиган кун пациентларга енгил нонушта қилиш мумкин, аммо суюқлик ичиш чекланиши керак. Бу тўлиқ қовуқ билан юзага келувчи ноқулайликни камайтиради.
Эмбрионни кўчиришдан олдин, шифокор, эмбриолог ва оилавий жуфтликлар кўчириб ўтказиладиган эмбрионларнинг сони тўғрисида қарор қабул қилишади.
Эмбрионларни кўчириш махсус катетер, яъни шприцга бириктирилган ингичка пластик найча орқали амалга оширилади. Ушбу катетер керакли жойга етиб борганда, ультратовуш текшируви назорати остида эмбрион бачадон бўшлиғига киритилади.
Эмбрионларни кўчириб ўтказиш тартиби техник жиҳатдан содда.
Эмбрионни кўчириб ўтказиш одатда кўп вақтни талаб қилмайди (5-10 дақиқа). Жараён оғриқсиз бўлади ва наркоз талаб этилмайди.
Агар эмбрион кўчирилгандан сўнг, оилавий жуфтликнинг сифатли эмбрионлари ортиб қолса, уларни келгуси ЭКУ муолажаси учун (агар бу уринишда ҳомиладорлик юзага келмаган тақдирда) сақлаб қўйиш мақсадида музлатиш эр-хотинга таклиф қилинади ("Эмбрионлар криоконсервацияси").
Эмбрион кўчириб ўтказилгандан сўнг пациент 40-45 дақиқагача ётган горизонтал ҳолатда бўлади.
Эмбрион кўчириб ўтказилгач, прогестерон препаратларининг дозаси, одатда икки баравар кўпаяди ва ҳомиладорликнинг 12-14 хафталигигача давом этиши мумкин. Чунки бу пайтга келиб плацента (йўлдош) шаклланиб, етарли миқдорда "ўз" прогестеронини ишлаб чиқаради.
Эмбрион кўчириб ўтказилгандан кейин қуйидаги тавсияларга амал қилиш керак:
• Оғир юкларни кўтарманг, бирон бир спорт билан шуғулланманг.
• Ҳаммом, жакузи қабул қилманг. Бассейнга, сув ҳавзаларига борманг.
• Тампонлар ишлатманг.
• Ҳомиладорликнинг биринчи тестига қадар жинсий алоқада бўлманг.
Қонда хорионик гонадотропин гормони (ХГЧ) миқдори бўйича ҳомиладорлик ташхиси эмбрион кўчириб ўтказилгандан бошлаб 10-12 кун ўтгача амалга оширилади. Ҳомиладорликнинг ультратовуш текшируви эмбрион кўчириб ўтказилгандан 21 кун ўтгач ишончли тарзда амалга оширилиши мумкин.
ЭМБРИОНЛАРНИНГ КРИОКОНСЕРВАЦИЯСИ НИМА ?
ЭКУнинг бир неча циклларини ўтказишда кўп ҳолларда тухум ҳужайраларнинг катта миқдори етилади, уруғлантиришда, одатда кўп миқдордаги эмбрионлар олинади. Бу “энг яхши” эмбрионларни криоконсервациялаш (музлатиб қотириш) ва узоқ вақт суюқ азотда -196°С да сақлаш мумкин. Криоконсервацияланган эмбрионлар узоқ вақт, чекланмаган муддат сақланиши мумкин (сақлаш муддати эр-хотин жуфтлиги билан муҳокама қилинади).
Репродуктолог ва ЭКУ мутахасcиси доктор Жихангир ЧАКИЖИ тавсия ва маслаҳатлари асосида
Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА тайёрлади
Каналга уланинг:👇
https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ