ЭГИЗАКЛИ (КЎП ҲОМИЛАЛИ) ҲОМИЛАДОРЛИК

ЭГИЗАКЛИ (КЎП ҲОМИЛАЛИ) ҲОМИЛАДОРЛИК

@ginekologim

 

Икки ва ундан кўп ҳомилали ҳомиладорлик қачон рўй беради?

Икки ва ундан кўп ҳомила аёлнинг уруғланган тухумининг бўлиниши натижасида (одатда уруғлангандан сўнг иккинчи куни) содир бўлиши мумкин ёки уруғланиш жараёнида аёлнинг бир неча тухум ҳужайраси бир вақтнинг ўзида уруғланиши натижасида вужудга келади.

Эгизаклар бир тухум ҳужайрали ёки бир неча тухум ҳужайрали бўлади. Битта тухум ҳужайранинг бўлиниши туфайли вужудга келган ҳомиладорликдан туғилган болалар бир-бирига жуда ўхшаш бўладилар. Бир неча тухум ҳужайранинг уруғланиши натижасида туғилган болалар бир-бирларига оддий ака-сингил (опа-ука) дек ўхшайдилар.

Битта тухум ҳужайрали эгизаклар билан фарқли тухум ҳужайралардан бўлган эгизаклар орасидаги фарқлар қуйидагилар:

- битта тухум ҳужайрали эгизакларнинг жинси доим бир хил бўлади;

- битта тухум ҳужайрали эгизакларнинг генотип ва фенотипи бир хил бўлади, бир неча тухум ҳужайрали эгизакларники эса фарқли. Бироқ бир тухум ҳужайрали эгизакларнинг бармоқ излари фарқ қилади.

- битта тухум ҳужайрали эгизаклар худди нусха олингандек бир-бирига ўхшайди. Аммо бир неча тухум ҳужайрали эгизаклар бир-бирига унча ўхшамаслиги мумкин.

- битта тухум ҳужайрали эгизаклар баъзида битта плацентада ҳам ривожланиши мумкин. Бир неча тухум ҳужайрали эгизакларнинг эса доим плаценталари алоҳида бўлади.

Ҳомиладорликнинг қайси муддатида бир неча ҳомила борлиги аниқланиши мумкин?

Одатда, шифокорлар бир нечта ҳомила борлигини бачадоннинг тез ўсиб боришидан гумон қиладилар. Ультра товушли диагностика (УТД) ёрдамида эса ҳомиладорликнинг 6-7-ҳафтасида ҳомила сонини аниқ билса бўлади.

Нега кўп ҳомилали ҳомиладорликда болалар кўпинча муддатидан олдин туғиладилар?

Бачадон аёлнинг умумий жисмоний ҳолатига боғлиқ равишда катталашиши мумкин. Ундан ортиқ катта бўла олмаслиги туфайли кўп ҳомилали ҳомиладорликда болалар одатда 37-ҳафта атрофида туғиладилар. Кўп ҳомилали ҳомиладорликнинг фақатгина 10% и 40-ҳафтагача чўзилади. Шунинг учун аёлнинг асосий мақсади – ҳомиладорликни иложи борича узоқроқ чўзиш, керак бўлса, у шифохонада махсус кўрикда бўлиши талаб этилади.


Кўп ҳомилали ҳомиладорликда болалар жарроҳлик йўли билан туғилиши шартми?

Ҳозирги кунда бундай ҳомиладорликдан туғилган болаларнинг ярми табиий равишда туғдирилса, ярми кесарча кесиш йўли билан туғдирилади. Бунда аёлнинг саломатлиги ва ҳомилаларнинг бачадондаги ҳолати алоҳида аҳамият касб этади.

Кўп ҳомилаликда биринчи дунёга келган бола кейинги туғилганларидан кўра ривожланиши тезроқ бўладими?

Йўқ, қайси ҳомила биринчи туғилишининг боланинг кейинчалик ривожланишига алоқаси бўлмайди.

Кўп ҳомилали ҳомиладорликнинг ўзига хос хусусиятлари нимадан иборат?

-Оддий ҳомиладор аёлдан кўра шифокор кўригида кўпроқ бўлиши керак.

-Кўп дам олиши, кунига камида 2-3 соат давомида оёқларни баландроққа кўтариб ётиши лозим.

-Ортиқча жисмоний оғирликдан холи бўлиши керак.

- Оддий ҳомиладор аёлдан кўра бироз кўпроқ витаминга бой озиқ-овқатлар билан овқатланиш керак: бўтқа, гўшт, балиқларнинг турлари, қовун, шпинат, дуккакли маҳсулотлар, мевалар, қуритилган мевалар, С витаминига бой маҳсулотлар, сабзавотлар. Фақат овқатланишни оз-оздан тез-тез амалга ошириш фойдали бўлади.

Кўп ҳомилали ҳомиладорликни режалаштирса бўладими?

Афсуски, йўқ. Кўпроқ она томондан қариндошларда эгизаклар бўлса мойиллик нисбатан юқорироқ бўлади. Айрим мутахассислар 40 ёш атрофида ҳомиладор бўлган аёлларда нисбатан эгизак ҳомила кўпроқ учрашини қайд этганлар. Яна баъзилар ҳомиладорликдан 3 ой олдин фолий кислотаси қабул қилиш ва соғлом овқатланиш тарзи ҳам бир миқдор эгизак ҳомила бўлиш эҳимолини ошириши ҳақида ҳам таъкидлаб ўтганлар. Сунъий муҳитда уруғлантириш муолажасида (ЭКУ) эса бунинг иложи бўлиши мумкин.


Кўп ҳомилали ҳомиладорликдан туғилган болаларнинг саломатлиги қандай бўлади?

Кўп ҳомилаликда бир ҳомила нобуд бўлиши, ҳомила жуда кам вазн билан туғилиши ва бир ёки бир нечта ҳомиланинг ривожланишида патологик ўзгаришлар вужудга келиш эҳтимоли бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳомиладор аёл мутахассисларга вақтида учраб, талаб этилаётган муолажаларни тўғри амалга ошириши мақсадга мувофиқ бўлади.

Кўп ҳомила бўлганда нимага аҳамият бериш лозим?

Ҳомиладор аёл анемияга кўп учрайди, кўп ҳомилали ҳомиладор аёлда эса анемия вужудга келиш эҳтимоли 2 баробар кўпаяди. Шунинг учун темир моддасига бой маҳсулотларни, керак бўлса, шифокор маслаҳати билан темир моддасига бой витаминларни истеъмол қилиш зарур бўлади.

Туғилган болаларнинг вазни бир хил бўладими?

Йўқ, уларнинг вазнидаги фарқ бир неча граммдан 1000 граммгача фарқ қилиши мумкин.

 

“Оналик бахти” китоби ва бошқа материаллар асосида Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА тайёрлади.


КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻


Report Page