ДЎСТ
-Унда, кўчага чиқ, дарвозанг олдидаман, -деди Солиҳжон. Қиш оқшомлари тез қоронғу тушади. Изғирин кучайиб бораяпти. Шунинг учун енгил куртка кийган, ўрта ёшли, ихчам гавдали йигит сал совқотиб, машинасига кириб, дўстини кута бошлади. Кўп ўтмай эгнига кўк эскироқ чопон, бошига қора шапка кийган дўсти, шошиб келиб, кўришди.
-Бормисан, жўражон? Юр, уйга кирамиз. Овқат тайёр...-дея таклиф қилди Мубин. Буғдойранг, миқти гавдали ўртоғи Солиҳжонга бироз озгандай туюлди.
-Йўқ, шошиб турибман. Уйдагилар кутиб туришибди. Бир иш билан келувдим. Кел, машинага ўтир. Шу ерда гаплашиб олайлик.
Мубин кўп тихирлик қилмай, дарров дўстининг ёнига ўтирди, чунки қоронғи уйда меҳмон кутишдан хижолат бўлаётган, бунинг устига овқат ҳам гўштсиз мастава эди.
Солиҳжон беихтиёр ундан сўради:-Ҳа, айтганча, нега ҳовлинг қоп-қоронғи? Кўчада электр йўқми, десам қўшниларингда чироқлар ёниб турибди... Ё сизларда токдан бирор муаммо борми?
-Йўқ, -деди бироз мулзам бўлиб Мубин, нима десам экан, дея бироз тараддудланиб, кейин минг хижолат билан ростини айтди: “Қарздорлик учун узилган. Ойлик олишимга ҳали тўрт -беш кун бор... Пул тўлаёлмай турибман...”
Бу гапни эшитиб, Солиҳжоннинг бўғзига бир нима тиқилгандай бўлди. Ким билади бечора ўртоғи неча кундан буён бундай аҳволда ўтирган экан? Ўйламай савол берганига пушаймон бўлди.
-Йўғ-э, қарз эмасдирсан? Элетросет адашгандир? Қани, код рақамларингни айт-чи? Ман, териб кўрай?
Мубин қарздорлигини аниқ билиб турса ҳам, дўстининг гапини икки қилолмай рақамларни айтди. Солиҳжон, телефонини олиб, текшириб, дўстининг электр ҳисоблагичи рақамида пул қолмаганлиги, қарз бўлганлигини кўрди. “Картамда қанча пул қолганди. Ҳаммасини кўчирсам кейин қийналиб қолмасмиканман? Ҳар ҳолда “ДАМАС” им билан кира қилиб, рўзғорни бир амалларман. Жўрам эса ойлик маошни кутиб яшайди. Унга қийин...” деган хаёлларни кўнглидан кечириб, пластигидаги бор пулни кўчирди.
“Ночор қолганимни билгани яхши бўлмади-да. Текшириб нима қиларкан? Шундай ҳам ҳаммага маълум -ку. Пул тугадими, ўчиришади...” деган хаёллар билан эзилиб ўтирган Мубин дарвозаси олдидаги ва ҳовлисидаги чироқлар бирдан чарақлаб ёнганини кўриб, қувониб кетди. Ичкаридан болаларнинг “Ура” деган шодон қийқириқлари эшитилди.
-Ия, жўражон, пул ташладингми?! Катта раҳмат! Қанча кўчирдинг? Ойлик олишим билан қайтараман!
-Йўқ, керак эмас. Ўзи шошиб, қуруқ келганимга пушаймон еб ўтиргандим. Болаларингнинг хурсанд бўлганлигининг ўзи манга етарли...
Мубин Солиҳжон кетгандан сўнг, уйга кириб, телефонидан электр ҳисоб рақамини текшириб, ўртоғининг анча катта маблағ ташлаганини кўрди. “Ҳа, дунёда ҳар ишнинг жавоби бор, ҳеч бир ёмонлик жазосиз қолмайди, яхшиликнинг мукофоти эса фақат яхшиликдир. Барака топкур дўстимга улуғ ажрлар берсин, илоҳим”, деган фикрлардан йигит қалби энтикди.
Маҳбуба ХОЛОВА.