Дориворчилик ва зираворчиликка бағишланган савдо ярмаркаси ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 майдаги “Доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда даволашда улардан кенг фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Бухоро вилоятида дориворчилик ва зираворчилик соҳасини ривожлантириш ҳамда шаҳар ва туманларда доривор гиёҳларни етиштириш, қайта ишлаш билан шуғулланадиган тадбиркорлар орасида кенг қамровли кооперацияларини йўлга қўйиш мақсадида доривор ва зиравор ўсимликлар савдо ярмаркаси ташкил этилди.
Вилоят ҳокимлиги, Қишлоқ хўжалиги, Ўрмон хўжалиги, Экология, Савдо-саноат палатаси бошқармалари, вилоят Агрохизматлар маркази ҳамкорлигида ташкиллаштирилган савдо ярмаркасида агрокомплексга тегишли корхона ва ташкилотлар, халқ табобати йўналишида фаолият кўрсатаётган ихтисослаштирилган ҳамда фермер хўжаликлари, тадбиркорлик субъектлари билан бирга Бухоро давлат университети, Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти илмий тадқиқотчи мутахассислари иштирок этдилар.
Тадбир аввалида вилоятда доривор ҳамда зиравор ўсимликлар етиштириш билан шуғулланаётган хўжаликлар йиғилганлар эътиборига ўз маҳсулотлари—ўсимлик ва гиёҳларини намойиш этиб, ўзаро тажриба алмашиш имконига эга бўлдилар. Муҳокама эса бу тармоқда кейинги йилларда амалга оширилаётган чора-тадбирлар, вилоятда дориворчилик ва зираворчиликни ривожлантиришда ишлаб чиқилган лойиҳалар хусусида бўлди.
Қайд этилганидек, 2022 йилда фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 175 гектар майдонда доривор ўсимликлар етиштириш белгиланган бўлиб, тармоққа бўлган қизиқишнинг ортиб бораётгани боис амалда жами 444 гектар майдонда доривор ва зиравор ўсимликлар экилиши ҳисобига жами 169 тонна хом ашё олинган. Айни кунда вилоят қишлоқ хўжалигида банд бўлган агрокластерлардан 3 тасида дориворчилик ва зиравор ўсимликлар етиштиришга ихтисослашган хўжалик ташкил этилган бўлиб, уларда 26 та доимий ва юздан ортиқ мавсумий иш ўрни яратилган.
Жумладан, худди шундай субъектлардан саналган “Шуҳрат” фермер хўжалиги ҳамда "Бухоро альянс фуд" МЧЖ томонидан ўтган йилда Россиянинг “Вокруг света” корхонаси билан 1 миллион АҚШ доолларига тенг итбурун наъматаги доривор гиёҳини етказиб беришга доир шартнома имзоланган бўлиб, амалий ишлар бошланган ва яқин ойларда бу келишув битими тўла-тўкис бажарилади. Биргина “Шуҳрат” фермер хўжалиги томонидан айни кунда 36,3 минг АҚШ долларига тенг маҳсулот экспорт қилингани ҳолда яна 66 минг АҚШ доллари қийматидаги наъматак меваси экспортга тайёрланмоқда.
Табиатда ёввойи ҳамда маданий ҳолда ўсадиган доривор гиёҳ ва зираворларни заҳиралаш, экиб етиштиришда Ўрмон хўжалиги фонди ҳам катта имкониятга эга. Бу борада вилоят ўрмон хўжаликларида 2022 йилда 294 гектар майдонда доривор ўсимликлар плантациясини ташкил этиш ҳисобидан 289 тонна хом ашё заҳира қилиш режалаштирилганди. Амалда эса 370 гектар майдонда плантация ташкил қилиниб, унда 530 тонна доривор ўсимлик ва зиравор етиштирилган. Ўтган йил давомида вилоят ўрмон фондининг ер участкаларида электрон онлайн аукцион савдоси орқали 140 гектар ер майдони наъматак ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш мақсадида ташаббускор хўжаликларга ижара шартномаси асосида тақсимлаб берилган. Ҳозирда бу экин ерида дала-деҳқончилик ишлари бошланган.
Мутахассислар хулосаларига кўра, вилоят чўл ҳудудлари, яйлов массивларида ўсаётган гиёҳларнинг элликдан ортиғи шифобахш хусусиятга эга доривор гиёҳлар бўлиб, улардан халқ табобатида кенг фойдаланилмоқда. Сўнгги йилларда вилоятда доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, бундай ноёб ўсимликлар етиштириладиган плантацияларни ташкил этиш ва кенгайтириш, қолаверса, уларни қайта ишлаш борасида амалий лойиҳа ва ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Президентнинг тармоқ фаолиятини ривожлантиришга оид юқоридаги қарори ижросидан келиб чиқиб, 2023 йилда вилоятда 182 гектарда 174 тоннадан ошириб доривор ўсимликларни экиб етиштириш чора-тадбири ишлаб чиқилган. Шунингдек, жорий йил вилоятда тадбиркорлик субъектлари томонидан доривор ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлаш соҳасида умумий қиймати 10,2 миллиард сўмлик, жами 3 та янги инвестицион лойиҳани рўёбга чиқариш белгиланган. Булар масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Fharm active”, “Bukhara Rosses” ҳамда “CHORTUQ AGRO FARM KLASTERI” корхоналари бўлиб, эндиликда ҳудудда етиштирилаётган доривор ўсимлик ва зираворларни саноат усулида қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт қилишда иштирок этади.
Дориворчилик ва зираворчилик соҳасини ривожлантиришга бағишлаб ўтказилган савдо ярмаркасида вилоят Қишлоқ хожалиги бошқармаси мутахассиси Зулайҳо Аманова, вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси етакчи мутахассиси Муроджон Соибов, Бухоро давлат университети агрономия ва биотехнологиялар факультети таянч докторанти Шахина Ҳалимова ҳамда бошқаларнинг ахборотлари, таклиф ва мулоҳазалари эшитилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати