«Док-1 Макс» сиропи бўйича юртдошларимиздан келиб тушаётган муҳим саволларга жавоблар

«Док-1 Макс» сиропи бўйича юртдошларимиздан келиб тушаётган муҳим саволларга жавоблар

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official


Бугун АОКАда Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Севара Убайдуллаева иштирокида ўтказилган брифинг тафсилотлари:

https://t.me/aokamediakontent

— Маълумки, сўнгги кунларда мамлакатимизда ўткир респиратор касалликларга чалинган болаларда «Док-1 Макс» сиропини ичиш натижасида ўлим ҳолатлари кузатилганлиги барчамизни бирдек ташвишга солди.

Ҳиндистоннинг «Marion Biotech Pvt. Ltd» компаниясида ишлаб чиқарилган ва «Quramax Medical» МЧЖ томонидан мамлакатимизга импорт қилинган ушбу дори воситаси Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази хулосасига кўра, меъёрий ҳужжатда белгиланган талабларга жавоб бермайди.

Ҳозирги пайтда кўпчилик юртдошларимизда Соғлиқни сақлаш вазирлигига ушбу мавзуга алоқадор жуда кўплаб саволлар келиб тушмоқда Қуйида уларни қизиқтирган энг муҳим саволларга жавоб бериб ўтамиз.

__________________

Ижтимоий тармоқларда «Док-1 Макс» воқеасини фош қилган тиббиёт ходимлари ўз вазифасидан озод этилганлиги ёзилмоқда, бу қанчалик асосли?

✔️ Самарқанд вилоятида кузатилган ҳолатга алоқадор бўлган 7 нафар тизим мутасаддиси ва тиббиёт ходими ўз вазифасидан озод этилди.

Чунки Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишда болаларда кузатилган ҳолат бошланганига 2 ойдан ошганлиги ўз тасдиғини топди.

Ваҳоланки, тизимга доир ҳар бир фавқулодда ҳолат бўйича шу куннинг ўзида вазирликка тезкор маълумот тақдим этиш зарурлиги тўғрисида тегишли меъёрий ҳужжат ва талаблар мавжуд. Шунга қарамай, бу ходимлар 2 ойдан бери бу ҳолат тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлигига хабар бермаган.

Оқибатда жуда катта вақт бой берилган. Яъни болалар ўртасида ноаниқ ҳолатлар юз бергач, зудлик билан бу бўйича тўғридан-тўғри Соғлиқни сақлаш вазирлигига хабар берилмаган.

Ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармасига ҳам мазкур ҳолат юзасидан жуда кеч расмий хат киритилган. Шу сабабли қонунчиликда берилаганган тартибда тегишли чоралар кўрилди ва ўрганишлар давом этмоқда.

__________________

«Док-1 Макс» препаратига ўхшаш бошқа сироп воситаларини ичганда ҳам шундай ҳолат кузатилиши мумкинми?

  ✔️ Жавоб: Бугунги кунда Док-1 Макс ва “Quramax” фирмасининг бошқа сироплари таркиби ҳам чуқур ўрганилмоқда. Шу сабабли, юртдошларимиздан шифокорлар кўрсатмасисиз, уй шароитида, ўзбошимчалик билан турли сироплардан фойдаланмасликларини сўраймиз.

Фарзандингизда ҳар қандай касаллик аломатлари кузатилса, оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиникага, педиатр ёки тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат этинг. Чунки шифокорлар ҳар бир дори воситаси таркибини чуқур ўрганиб, сўнг болаларнинг ёши, вазни ва бошқа кўрсаткичларини инобатга олган ҳолда, зарур муолажаларни тавсия қилади.

__________________

Биз охирги 10 кунда фарзандимизга «Док-1 Макс» ёки шунга ўхшаш препаратни ичиргандик, ҳозир хавотирга ўрин борми?

✔️ Жавоб: Агар 10 кун аввал ичирган бўлсангиз ва фарзандингизда тегишли аломатлардан шикоятингиз бўлмаса, бу жуда ҳам хавотирли ҳолат эмас. Шундай бўлса-да шифокорга, ҳолатига кўра Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудлардаги филиали ва туман бўлимларига мурожаат қилинг, болангизга сиропни ичирганингиз ва миқдори ҳақида маълумот беринг. Шундан сўнг тиббиёт ходимлари бола саломатлигини ўрганиб, шу асосда хулоса қилади.

Шу ўринда, юртимизга кириб келган Док-1 Макс ва шунга ўхшаш шамоллашга қарши сиропларнинг бир неча партиясида заҳарли модда тасдиқланганини маълум қиламиз.

Шу пайтгача тиббий амалиётда бу дори воситалари фақат шифокор томонидан аниқ кўрсатма бўлгандагина, болаларнинг ёши, вазни ва бошқа кўрсаткичлари асосида тавсия қилинган ва самарали натижалар олинган.

Яна бир муҳим масала: Док-1 Макс сиропи таркибида заҳарли модда тасдиқланганидан сўнг юртимиздаги барча дорихоналарда бу дори воситасининг сотилиши тақиқланиб, улар савдодан қайтариб олинган. Шунга қарамай, баъзи дорихоналарда хануз бу сиропни сотишга уриниш ҳолатлари аниқланаётгани ачинарли ҳолат. Айни сабабдан агар дорихоналарда Док-1 Макс сиропи сотилиши билан боғлиқ ҳолат кузатилса, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида фаолият юритаётган Штабнинг +99899 807-66-60 телефон рақамига қўнғироқ қилишингизни сўраймиз.

__________________

Болалар орасида шамоллаш, диарея ва тана ҳарорати кўтарилиши кузатилганида Док-1 Макс сиропидан фойдаланилган, энди қайси дори воситаларидан фойдаланиш тавсия этилади?

✔️ Жавоб: Болалар орасида шамоллаш, диарея ва тана ҳарорати кўтарилиши кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат этинг ёки тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилинг.

Шифокор тавсиясисиз ҳеч қандай дори воситаларини қабул қилмасликни сўраймиз.

Шифокор уйга келгунига қадар болага кўп миқдорда суюқлик ичиринг. 5 ёшгача бўлган ўғил-қизлар кунига 1-1,5 литр суюқлик, масалан, 1 литр қайнатилган сувга 1 чой қошиқ шакар ва 1 чой қошиқ туз қўшиб, илитилган ҳолда, кам-камдан истеъмол қилиши тана ҳарорати тушишига ёрдам беради. Шу билан бирга, диарея ва шамоллаш аломатлари камайиб, пешобдан турли токсинлар ёки вируслар чиқиб кетиши кузатилади.

Энг муҳими, болаларда қон қуюлиши ва сувсизланишнинг олди олинади. Бу эса ўткир буйрак етишмовчилигига барҳам бўлади.

Report Page