Доимий рўйхатга олиш ва бекор қилишнинг янги тартиблари.

Доимий рўйхатга олиш ва бекор қилишнинг янги тартиблари.


«Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги 1049-сон қарори билан “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди. 

Ушбу Низомнинг 3-бандига кўра, фуқаролар қонун ҳужжатларига мувофиқ доимий яшаш ва (ёки) вақтинча турган жойлари бўйича рўйхатдан ўтишлари шарт.

Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, фуқаронинг доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмаганлиги унга хизмат кўрсатишни рад этиш учун асос бўлиши мумкин эмас.

Фуқаролар янги яшаш жойига келган кундан эътиборан ўн беш кун ичида ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари, Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтишлари шарт.

Туғилган болага фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари) томонидан туғилганлик тўғрисида гувоҳнома расмийлаштирилаётганда, у отаси ёки онасининг доимий рўйхатга олинган манзилида идоралараро автоматлаштирилган тизим орқали маълумотларни киритиш йўли билан доимий рўйхатга олинади.

16 ёшга тўлмаган фуқаро унинг ота-онаси ёки васийси (ҳомийси), тутинган ота-онаси доимий рўйхатга олинган манзилда доимий ёки вақтинча рўйхатга олиниши шарт.

Мазкур Низомнинг 32-бандига кўра, фуқаронинг доимий рўйхатга олинганлиги қуйидаги ҳолларда ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари томонидан бекор қилинади:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бир манзилдан бошқа манзилга доимий рўйхатга олинганда;

мулкдорнинг аризасига кўра — Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексида белгиланган бир киши учун турар-жой майдонининг ижтимоий нормаси тўғрисидаги қоидалар асосида доимий рўйхатга олинган фуқаролар;

мулкдор ўзгарганда, унинг аризаси ва уй-жойга эгалик қилишни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида;

суднинг фуқарони уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган, шахсни бедарак йўқолган деб топиш ва кўчириш ҳақидаги қарори асосида;

фуқаро қонунда белгиланган тартибда хорижга доимий яшашга кетганда;

сохта ҳужжатлар ёки ҳақиқатга мувофиқ бўлмаган ҳужжатлар асосида доимий рўйхатга олинганлиги аниқланганда — суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми асосида;

умрбод озодликдан маҳрум қилинганда — суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми асосида;

вафот этганда — ФҲДЁ органининг ўлим ҳақидаги гувоҳномаси ёки маълумотномаси асосида.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг доимий рўйхатини бекор қилиш маҳкумнинг ишончномаси асосида ёки уй-жой биносидан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотганлик ҳақидаги суд қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Тўрамирзаев Шоҳдиёр

Янгиқўрғон туман адлия бўлими катта маслаҳатчиси


Report Page