Dilshod Islomov

Dilshod Islomov


Ўғлим Америка мактабида таълим оляпти. Дастлабки таассуротлар.

Бу постни кимгадир қизиқ бўлар, кимнингдир АҚШ таълим тизими ҳақидаги тассаввурларини бойитар, деган илинжда ёздим. Фақат, ўқиганлар жуда чўзилиб кетибди, деб эътироз билдиришидан хавотирдаман. Қисқа ёзишга ҳаракат қилдим, баён этилганларнинг барчаси, муайян таққослашлар имконини беради, деган умидда батафасил ёздим.

Хуллас, ўғлим АҚШга келмасидан аввал Тошкент шаҳридаги машҳур 300-умумтаълим ўрта мактабнинг 10-синфида ўқирди.

Америкага келдик, бола ўқишни давом эттириши керак. Америкада фаолият юритаётган ўзбекистонлик ҳуқуқшуноснинг ёрдами билан ўғлимни мактабга қабул қилиш ҳақидаги ҳужжатларини содда қилиб айтганда, ўзимизнинг ХТБга юбордик. Уч кун ўтиб телефон рақамимга SMS келди. Унда фарзандимизнинг талаб этиладиган ҳужжатлари жойда экани, улар биз яшайдиган жойга яқин давлат мактабига юборилгани маълум қилинганди.

Икки кун ўтиб, телефон рақамимга яна SMS келди. У ўғлимнинг Америка мактабида таълим олиш кўникмаларига масъул бўлган мактаб маслаҳатчисидан экан. Маслаҳатчиси бизни Америкага келганимиз билан табриклаб, 31 октябр соат 7.30 га биз билан, ўзимизни тилга айтганда, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари билан учрашув тайинланганини, агар учрашув вақти бизга тўғри келмаса, биз вақтни таклиф қилишимиз мумкинлига маълум қилинганди. Вақт бизга маъқул бўлгани учун, учрашувга етиб борамиз, деб жавоб ёздик.

Белгиланган вақтдан ярим соата кечикиб етиб бордик. Эшик олдидаги ходима муддаомизни билгач, рацияда ким биландир гаплашди. Зум ўтмай, ўрта ёшлардаги аёл шошиб етиб келди. У бизга, 10 дақиқа эшик олдида кутиб турганини, бизнинг қорамиз кўринмагач, бугун келишмайди, деган хаёлда юқорига чиқиб кетганини айтиб, қайта-қайта узр сўради (гарчи айб бизда бўлса ҳам).

У бизни адашмасам, ўзимизни тилда айтганда “зауч”ни ҳузурига бошлаб борди. “Зауч” хоним, кабинетига киришимиз билан, бизни минг йиллик қадрдонини кўргандек, ўта хурсандчилик билан кутиб олди. Кейин суҳбатимизнинг расмий қисми бошланди. У ўғлимизнинг мактабдаги муваффақиятлари, ютуқлари, қизиқишлари ҳақида батафсил сўради, кўп саволлар берди, энсам қотганини сезди шекилли, бу фарзандингизни мактабимизда яхши таълим олиши учун ниҳоятда муҳим, деб қўйди.

Суҳбатни янада муҳим қисми келди. Ўғлим ва биздан қайси фанлардан таълим олишни истайсиз, деб сўради. Тушуняпсизми, қайси фанлардан ўқишни ўқувчи, кейин ота-она танларкан!!! Истисно бор, деди: фақат Америка тарихи мажбуран ўқитиларкан. Ўғлим инглиз тили, алгебра, астраномияни танлади. Бўлди, фақат шу фанлар ўқитиларкан, зарурат туғилса, ўғлим ўзига ёққан бошқа фанларни келгуси ойдан қўштиришии мумкин экан. Савол бермоқчи бўлдим: нима сизларда, ватан туйғуси, маънавият, ободнома деган дарслар ўтилмайдими, деб. Булар нимани ҳам биларди, деб тилимни қисдим.

Мендан ўғлингиз шу фанлардан таълим олишига розимисиз, деб сўради. Розиман, дедим. Фақат... маслаҳатчи-таржимонга илинж билан қараб: “ўғлим аёл-эркак муносабатлари ҳақидаги фандан таълим олишини истамайман”, дедим. У саволимдан ажабланди, “зауч” ундан баттар ажабланиб, бизда унақа фан йўқку, деди. Тушундимки, эшитганларимиз ҳаммаси ҳақиқат бўлавермайди.

“Зауч” гапи: мактабда ўқувчининг таълим олиши тўлик давлат ҳисобидан. Фақат тушлик пуллик, эътиқодингиздан келиб чиқиб овқатланаверасиз. Агарда сиз фарзандингизнинг тушлик пулига қийналсангиз, бу харажатни ҳам давлат ўз зиммасига олади. Фархандингизнинг мактабга келиши, уйга обориб қўйиши махсус йўналишдаги автобус орқали амалга оширилади, бу ҳам бепул...

Бу орада қаергадир чиқиб кетган маслаҳатчи қўлида бир тўп нарсалар билан қайтиб келди: иккита дафтар, қора, кўк рангли ручка, қайчи, ноутбук. Ўғлингиз учун кунлик керак бўладиган ўқув қуроллари, деди. Китобларчи, деб сўрадим. “Зауч” бу сўровимдан ажабланди, кейин ҳамма дарсликлар мана бу ноутбукда, керакли адабиётлар камлик қилса, АҚШнинг исталган кутубхонасидан онлайин тарзда шу ноутбук орқали фойдаланиши мумкин, деди. Нима сизларда мактаб дарсликларини чоп этиш билан шуғулланувчи ҳокимнинг жияни раҳбарлигидаги Колорпак корхонаси йўқми, деб сўрамоқчи бўлдим, бироқ, бу содда америкаликлар нимани ҳам тушунарди, деб индамай қўя қолдим.

Энг муҳими: ҳамма билади, АҚШда ўзбек дисапораси унчалик катта эмас. Лекин. Суҳбатимиз якунида “зауч” айрим ҳужжатларга қўл қўйишингиз керак, деди. Маслаҳатчи, бир тўп қоғозларни қўлимга тутқазди. Анграйиб қолдим, улар ўзбек тилида эди. Уйга келиб, ҳижжалаб ўқиб чиқдим, на имловий, на стилистик хато топа олдим, бу гуглдан эмас, профессионал таржимондан тақдим қилинган иш эди.

Ўрни келганда: миллионлаб ўзбек муҳожирлари яшаётган руссияда шундай шароит яратиладими: ҳеч қачон! Чунки улар буюк рус деган нацистик ғоя таъсирида ўз таппиларига ўзлари ботиб ётибди.

... Бугун ўғлим мактабдан ҳаяжонланиб келди. “Дада, Америка тарихи синфига кирдик, жуда катта синф экан, кўплаб давлатлар қатори, Самарқандни, Регистони расми туширилган, UZBEKISTAN деган баннерни кўриб, баданим бижирлаб кетди, деди...

Қони юртингга тортган, Ватанинг, аждодларинг билан фахрланадиган ўғлимдан ўзим ўргулай, дедим, холос...


Report Page