Депутат минбари
Шу кунларда “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон лойиҳаси кенг муҳокама қилиняпти.
Мирзо Улуғбек тумани “Чимён” маҳалласидаги 308-209-сонли мактаб ҳамда 148-МТТда бўлиб, устозлар билан фармон лойиҳаси бўйича фикр алмашиб, қуйидаги таклифларни тайёрладик.
1.Бугун таълимга масъул идоралар қабул қилаётган қонуности ҳужжатлари баъзан “реал”ликка мос келмайди. Сабаби, таълими тизимидаги раҳбарларнинг аксарияти мактабда ишламагани боис ўқитувчининг оғриқлари, мактаб муаммоларини юракдан ҳис қилмайди. Шунинг учунми, ўқитувчиларнинг ишини енгиллаштирадиган эмас, аксинча янада қийинлаштирадиган самарасиз қарорлар кўпайиб кетди. Шу боис, соҳа бошқарувига келаётганларга камида 5 йил мактабда ишлаш мажбуриятини юклаш лозим.
2. Мактаб битирувчисининг 6 йиллик баҳоси ОТМга киришда инобатга олиниши яхши. Аммо бу яна коррупцияга етаклайди. Яъни, шахсий манфаат бор экан, бир ўқувчининг баҳосини олти йил давомида тўғирлаб борилиши қийин эмас. Инсон ўзгармас экан, жамият ўзгармайди. Шу маънода, аввало ўқитувчини ўзгартиришимиз, бунинг учун уларга меҳнатига яраш ҳақ тўлашимиз лозим.
3. Тарбиясиз болага таълим бериб бўлмайди деганларидек, мактабда ўқувчининг хулқини ҳам баҳолашни йўлга қўйишимиз ва бу боланинг келажакдаги фаолиятида эътиборга олиниши лозим. Ҳозир ўқувчининг хулқи “яхши”, “намунали”, “қониқарли” деб баҳоланади. Лекин бу хўжакўрсин учун, холос. Бу ҳеч қаерда инобатга олинмайди.
4. “Онлайн мактаб”ни пандемиядан сўнг ҳам давом эттириш лозим. Чунки ўқитувчи электрон доска орқали ўқувчиларга кўпроқ билим беряпти ва кўпчиликни бу қониқтиряпти. 30-40 йил олдинги мактабда фақат доска, бўр бўларди ва ҳозир ҳам шундай. Лекин бугунги ёшлар 30-40 йил олдини ёшлар эмас.
5. Мактаблар электрон дарслик ва таълим технологиялари билан тўла таъминланмас экан, замонавий ёшлардан натижа кутиш бефойда. Чунки ўқитувчилар 20-30 йилдан буён ҳар бир синфда “проектор” бўлишини орзу қилади. Аммо замонавий таълим аллақачон “электрон доска”га ўтиб бўлган экан.
6. Ўқувчиларни иқтидорига қараб ўқитиш тизимига ўтиш керак. Чунки ҳамма ҳам олий маълумотли бўлолмайди. Кимдир яхши уста ёки чилангар бўлиб, жамиятга олий маълумотлидан кўпроқ фойда келтириши мумкин.
Жаҳонгир ЗИЯЕВ, ЎзМТДП депутати