Депутат М.Баратова сайлов округидаги тадбиркор аёллар фаолиятини ўрганди

Депутат М.Баратова сайлов округидаги тадбиркор аёллар фаолиятини ўрганди


Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларида бўлиб, сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқдалар.

 Юзма-юз мулоқотлар чоғида юртимизда аҳоли фаровонлигига эришиш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, қонунчиликдаги янгиликлар, хусусан, юртимиз иқтисодиётида кичик бизнес ва хусусий секторнинг улушини янада юксалтириш, унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

23-Бухоро сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган Мадина Баратованинг Бухоро шаҳридаги “Боғидашт”, “Пиридастгир” ва М.Ашрафий МФЙлар аҳолиси вакиллари билан ўтказган учрашувлари доирасида аҳолини ўйлантириб келаётган муаммолар, сайловчилар томонидан кўтарилаётган масалаларнинг маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ҳамда “маҳаллалардаги еттиликлар” билан ҳамкорликда қай тарзда бартараф этилаётганлиги атрофлича ўрганиб чиқилди.

Айниқса маҳаллаларда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш йўналишидаги ишлар ҳам депутат М.Баратова диққат-эътиборида бўлди.

Уччала маҳаллада ҳам тикувчилик, патдўзлик, шунингдек турли ширинликлар ва пишириқлар тайёрлаш билан шуғулланиб келаётган тадбиркор аёллар ўз ишлаб чиқариш фаолиятларини кенгайтирган ҳолда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни доимий иш билан таъминлашга ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.

“Пиридастгир” МФЙдаги Шаҳноза Яҳёева ЯТТ раҳбари сифатида тикув цехи ташкил этиб, 60 дан ортиқ шогирд тайёрлаган. Ҳозирги пайтда Ш.Яхёева маҳалладаги яна 10 нафар хотин-қизга ўз ҳунарининг сир-асрорларини ўргатмоқда. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида банкдан ажратилган 15 млн. сўмлик кредит мавжуд тикув цехини кенгайтириш имконини берган. Бу ерда 7 нафар аёл доимий иш билан таъминланган.

Ушбу маҳаллада патдўзлик билан шуғулланиб келаётган Нозимахон Халилованинг иш фаолиятидан ҳам кўпчилик мамнун. У патдўзлик каби қадимий ва миллий анъаналарни тиклашга эришиб, ушбу усулдан замонавий бичимдаги либослар тайёрлашда ҳам фойдаланмоқда. Н.Халилова шунингдек, тикувчилик билан ҳам машғул бўлиб, 10 дан ортиқ шогирдлар тайёрлаган. Айни пайтда тикув цехидаги 5 нафар доимий ишчиси билан бирга маҳалладошларидан тушадиган буюртмалар асосида бежирим ва сифатли тикув маҳсулотлари тайёрлашга эришмоқда.

Шунингдек, М.Ашрафий МФЙдаги тадбиркор аёл Латофат Ахатованинг патдўзлик фаолияти ҳам ўрганиб чиқилганда, у ўз маблағи ҳисобидан кичик контейнер сотиб олиб, иш юритаётганига амин бўлинди. Унинг тиккан маҳсулотлари, жумладан, патдўзи дастурхон, жойнамоз ва сўзаналар айниқса хорижий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Шаҳардаги “Боғидашт” МФЙда 30 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, бир қатор сомсалар, салатлар, ширинликлар ҳамда ярим тайёр маҳсулотлар тайёрлаб келинаётган оилавий цех фаолияти ҳам умумовқатланиш шахобчалари орасида алоҳида ажралиб туради. Гўзал Аббосова раҳбарлигидаги ушбу корхонанинг айрим туман марказларида ҳам ўз филиаллари бор. Шу кунгача корхонада 50 дан ортиқ шогирдлар тайёрланиб, бугунги кунда улар мустақил равишда иш олиб боришмоқда.

Ўрганишлар давомида депутат М.Баратова томонидан соҳа ходимларини қийнаётган айрим муаммолар ечими юзасидан амалдаги қонунчилик доирасида тегишли маслаҳат ва тавсиялар берилди.

        Олий Мажлис қуйи палатаси депутати Мадина Баратова, депутат ёрдамчиси Маҳбуба Жўраева, O'zLiDeP Бухоро шаҳар Кенгаши раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари Мамлакат Содиқова ҳамда МФЙлар фаолларидан иборат ишчи гуруҳи аъзолари шу куни бу ерда маҳаллаларда фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркор аёллар иш натижалари асосида O'zLiDePнинг “Ишбилармон аёл-2024” кўрик-танловининг кейинги босқичларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган хотин-қизларни ҳам аниқлаб олдилар.

        Саралаш босқичининг якуний натижаларга асосан, “Пиридастгир” МФЙдан Ш.Яҳёева, Боғидашт МФЙдан Г.Аббосова, М.Ашрафий МФЙдан Л.Ахатовалар фаолияти ижобий баҳоланиб, улар кўрик-танловнинг шаҳар босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар. 




Report Page