Декабрь ойида ноқулай об-хаво шароити туфайли хаво кемалари 58 марта бошқа аэропортларга мажбурий равишда йўналтирилган
https://t.me/aoka_uzБу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда «Uzbekistan Airways» АЖ ахборот хизмати раҳбари Камола Икромова маълум қилди:
Статистика маълумотларига кўра авиакомпания жадвал асосида 2290 та авиақатновни амалга оширган. Шулардан 925 таси кечиктирилган холда бажарилган. 26-декабрь холатига кўра эса жадвал асосида 1957 та авиақатнов амалга оширган. Шулардан умумий хисобда 1136 таси кечиктирилган холда парвоз қилган.
Авиақатновларнинг кечиккан холда бажарилиши ёки амалга оширилмаслигининг асосий сабаблари икки турга бўлинади, булардан бири авиакомпания сабаб, яъни ҳаво кемаси техник хизмат кўрсатишга муҳтожлиги, ҳаво кемасининг белгиланган манзилдан кеч етиб келгани, авиакомпания томонидан рейснинг бекор қилиниши ва иккинчи сабаб ноқулай об-хаво шароити (кучли ва қум шамоли, қаттиқ туман, кучли қор бўрони), махаллий аэропортларнинг вақтинчалик ёпилиши ҳисобланади.
Хабарингиз бор декабрь ойидан бошлаб Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб совуқ ҳаво циклони кузатилиб келинмоқда. Шу муносабат билан Тошкент ва вилоятларда жойлашган аэропорт ҳудудларида туман, учиш ва қўниш йўлагининг музлаши, ҳаво кемалари қор билан қопланиши ҳамда учувчилар учун учиш қўниш йўлагини кўриш даражасининг пасайиши кузатилиб келинмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакка, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳаво кемаси фақатгина кўриш даражаси 100% бўлганда ҳавога кўтарила олади.
Декабрь ойида ноқулай об-хаво шароити туфайли хаво кемалари 58 марта бошқа аэропортларга мажбурий равишда йўналтирилган. Жумладан Навоий - 13 марта, Наманган - 8 марта, Бухоро - 3 марта, Самарқанд - 14 марта, Тошкент - 10 марта, Фарғонага - 7 марта.
Авиақатновлар Uzbekistan Airways томонидан кечиктирилган ёки бекор қилинган холларда йўловчиларига 2 соатдан юқори бўлган кутиш вақтида сув, 4 соатдан 6 соатгача бўлган кутиш жараёнида иссиқ таом тақдим этилади. Агар кутиш вақти кундузи 12 соатдан, кечаси 6 соатдан ошса йўловчилар мехмонхона хамда иссиқ овқат билан таьминланади. Ноқулай об-хаво шароити сабабли авиақатновлар кечиктирилган ёки бекор қилинган холларда эса йўловчилар авиачипталарнинг тўлиқ қийматини чипта сотиб олинган жойда қайтариб олишлари ёки бошқа санага бепул қайта бронлаш хуқуқига эга.
Ўзбекистон худудида амалга оширалаётган рейсларнинг учиб келиш терминали турли сабабларга кўра ўзгарса, йўловчилар авиакомпания томонидан ўз манзилларига ер транспорти орқали етказиб қўйиладилар. Агар бу жараён амалга оширилмаса, йўловчиларга авиакомпания томонидан авиачипта тариф тури ва етиб бориш манзилидан келиб чиққан холда 25% миқдорида компенсация тўланади. Хорижий мамлакатлардаги қўниш терминали ўзгарган ҳолларда авиакомпания йўловчиларни ўз манзилларига етказиб қўйишга жавобгар ҳисобланади.
Авиақатнов вақти, соати, йўналиши ва қўниш терминали ўзгарган ҳолларда авиакомпания алоқа маркази йўловчи аэропортга келишидан аввал у чипта харид қилаётганда ёзиб қолдирган боғланиш рақами ва почта манзилига хабар юборади. Ҳурматли йўловчилар авиачипта сотиб олаётганда ўзингизнинг шаҳсий телефон рақамингизни ва электрон манзилингизни қолдиришингизни сўраб қоламиз. Бу авиақатновларнинг вақти ўзгарган ҳолларда сизни тезкор хабардор қилиш учун керак бўлади. Шунингдек авиакомпания алоқа маркази +998781400200 рақами туну-кун фаолият юритишини эслатиб ўтамиз.
Uzbekistan Airways авиакомпанияси учун йўловчилар хамда парвозлар хавфсизлиги биринчи ўринда туришини эслатиб ўтамиз.