Декабрь ойида Россиядан Ўзбекистонга 8 маротаба махсус йўловчи поезди қатнови амалга оширилади!

Пандемия даврида Россия давлатида қолиб кетган юртдошларимизга мамлакатимизга келишлари учун қулайлик яратиш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан “Волжский-Тошкент” йўналишида 483-сонли махсус йўловчи поездининг 8 маротаба қатнови амалга оширилади. 2021 йил 4 декабрь куни соат 20:57 да “Волжский” темир йўл вокзалидан ушбу поезднинг биринчи рейси қатнови бошланган бўлса, қолган рейслари 6, 10, 13,17, 20, 24, 27 декабрь кунлари соат 20:57 да ушбу темир йўл вокзалидан ҳаракатини амалга оширади.
Мазкур поездга фақат бир томонга, яъни “Волжский-Тошкент” йўналишига чипталар сотилади. Чипталарни электрон тарзда ҳам сотиш йўлга қўйилган. Россиядаги юртдошларимизнинг яқинлари Ўзбекистонда туриб, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатининг нусхаси билан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти веб-сайти орқали е-ticket.railway.uz дан чипталарни электрон тарзда харид қилиб олиб, жўнатишлари ҳам мумкин.
Изоҳ: Қўшимча маълумотларни Тошкент шаҳрида 1005 қисқа телефон рақами, жойлардаги темир йўл кассалари ҳамда маълумотлар бюросидан билиб олишингиз мумкин.
“O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi” AJ