Дефолиация – муҳим жараён
Buxoro.uzҒиждувон тумани “Зарафшон” МФЙда жойлашган “Табаррук Замин” фермер хўжалигида ғўза дефолиациясини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш тадбирларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, тегишли бошқармалар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, ўсимликларни ҳимоя қилиш отрядлари раҳбар ва мутахассислари, фермерлар ва уларга хизмат кўрсатувчи корхона-ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Нисбатан мураккаб ва оғир шароитда деҳқончилик қилинаётган Ғиждувон туманида айни мавсумда ҳам эрта баҳорда 9 минг 365 гектар ерга барака уруғи қадалган бўлиб, пировардида 33 минг 680 тонналик “оқ олтин” хирмонини барпо этишга аҳд қилинган. Айни кезда эса туманда бевосита пахтачиликка ихтисослашган 263 та фермер хўжалигида ишлар қизғин паллага кирган. 5740 гектар ёки 61.3 фоиз майдонларда дефолиация тадбирларининг амалга оширилиши режалаштирилган.
Мутахассисларнинг фикрича, ғўза дефолиациясининг самарадорлиги кўп жиҳатдан унинг муддати ва меъёрини тўғри белгилашга боғлиқ. Дефолиация тадбири пахтачиликдаги асосий тадбирдан бири эканлигини ва тадбирни белгиланган муддатда амалга ошириш лозимлигини инобатга олиб, жорий йилда туманда жами 16 та ОВХлар 4 та дефолиация ўтказадиган отрядлар ташкил этилади. Бугунги кунда дефолиация тадбирига қатнашадиган 4 та ОВХ-600 ҳамда 12 та VP-1 пуркагичлар, 16 та ишчи эритма ташувчи сиғим ва тракторларни филиаллар автосаройига тўлиқ киритиш, эҳтиёт қисмлар захирасини яратиш, таъмирлаш ишларини ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. Ишчи эритма тайёрлаш майдончаларидаги ишчи эритма тайёрлаш сиғимлари тўлиқ таъмирланмоқда. Барча ўлчов воситалари қиёслов кўригидан ўтказилиб, отрядлар барча зарурий жиҳозлар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Семинарда таъкидланганидек, дефолиация муддати тупроқ-иқлим шароити, ғўза навларининг биологик хусусияти ва етилганлигига қараб танланади. Бунда ғўза навларининг биологик хусусиятларига алоҳида эътибор бериш лозим. Чигит эрта экилган, ғўза биологик етилган майдонларда дефолиация муддати олдинроқ, кеч экилган майдонларда кейинроқ келиши мумкин. Ҳаво ҳарорати дефолиантлар самарадорлигини белгиловчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, туманда ушбу муҳим агротехник тадбирни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича кўрилган пухта тайёргарлик асосида мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган режага мувофиқ, “Табаррук Замин” фермер хўжалигининг 4 гектарлик майдонида ғўза баргини тўкишга қаратилган кимёвий ишлов жараёни бошлаб юборилди.
Тадбирда вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров иштирок этди. Ҳосил сифатининг жаҳон стандарти даражасида бўлиши кўп жиҳатдан ғўза баргининг сифатли тўкилишига ҳам боғлиқлиги инобатга олиниб, отрядларни шакллантириш, ишчи эритма тайёрлаш майдончалари, дам олиш хоналари, овқатланиш ва ювиниш хоналарини керакли анжомлар билан жиҳозлаш, дефолиацияда иштирок этадиган барча ходимларни махсус кийим-бош билан таъминлаш чораларини кўриш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, пахта йиғим-терими мавсуми билан боғлиқ муҳим тадбирни қисқа муддатларда сифатли ўтказишга доир долзарб тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати