Деҳли шаҳрида Ўзбек-Ҳинд бизнес-форумида Қоракўл IT-кластери бўйича ҳам истиқболли битим имзоланди

Деҳли шаҳрида Ўзбек-Ҳинд бизнес-форумида Қоракўл IT-кластери бўйича ҳам истиқболли битим имзоланди

Buxoro.uz

Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Ҳиндистонга ташрифи доирасида Деҳли шаҳрида Ўзбек-Ҳинд бизнес-форуми бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев, Ҳиндистон Республикаси Савдо ва саноат давлат вазири Ануприя Пател, Бухоро вилоят ҳокими ўринбосари Мирали Ҳамроев, Қоракўл тумани ҳокими Хуршид Тохиров ва тегишли вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доираларининг 50 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида Ўзбекистон томони ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича фойдаланилмаётган ресурсларни сафарбар этиш бўйича ташаббуслар билан чиқди. Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва юқори талабга эга озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган қўшма корхоналар ташкил этиш орқали агросаноат кооперацияси, IT-сектор ва инфратузилмавий лойиҳаларга инвестициялар киритиш, фармацевтика маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқариш ва уларни учинчи мамлакатларга экспорт қилиш, тўқимачилик саноатида яқин ҳамкорлик қилиш, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларига урғу берилди.

2021 йилнинг 12 октябрь куни Шавкат Мирзиёевнинг бухоролик сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтган эди ва мазкур тадбирда Давлатимиз раҳбари томонидан Қоракўл халқаро математика мактаби негизида IT кластери барпо этилиши ҳақида маълум қилинган эди.

— Бу заминда истеъдодли ўғил-қизларимизнинг кўплиги туфайли – жорий йилда олийгоҳларга кириш бўйича Бухоро вилояти (28 фоиз) етакчи бўлди. Бу борада Қоракўл тумани янада баланд кўрсаткич билан мамлакатимиз туман ва шаҳарлари орасида биринчи ўринни эгаллагани эътиборга сазовордир.

Ўзбекистон халқ ўқитувчиси, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби, марҳум Тўхтамурод Жумаев асос солган “Қоракўл методикасини” барчамиз яхши биламиз. Энди ушбу тизим имкониятларини янада юқори босқичга олиб чиқиш учун Қоракўл халқаро математика мактаби негизида IT кластери барпо этилади. Шу орқали соҳада таълимдан ишлаб чиқаришгача бўлган яхлит занжир яратилади,– деб таъкидлаган эди Шавкат Мирзиёев.

Эндиликда Қоракўл туманида рақамли технологияларга ихтисослашган алоҳида олийгоҳ, IT-парк ва ёшлар шаҳарчаси барпо этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида IT-кластер фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ҳиндистоннинг Ачаря институти ўртасида “Acharya International University of Uzbekistan” университетини ташкил этиш бўйича меморандум имзоланган бўлиб, “Қоракўл” IT-кластери ўз ичига қуйидагиларни ташкил этишни қамраб олади:

а) ўз инфратузилмасига эга бўлган Университет:

илмий-тадқиқот марказлари ва лабораториялар;

ўқув-илмий лабораториялар;

талабалар, ўқитувчилар ва чет эллик ходимлар учун турар жой;

спорт-соғломлаштириш мажмуаси;

б) ахборот-коммуникация технологиялари фанларини ўқитишга йўналтирилган мактаб (кейинги

ўринларда – IT-мактаб);

д) ёшларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи инкубация маркази (кейинги

ўринларда – инкубация маркази);

э) масофавий хизматлар экспорти маркази (кейинги ўринларда – БПО маркази).

2022 йил якунига қадар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан IT-кластер ҳудудида 100 ўринга мўлжалланган инкубация маркази ва 50 ўринга мўлжалланган БПО маркази қуриш ва жиҳозлаш ҳамда 300 ўринга мўлжалланган ётоқхона, 300 ўринга мўлжалланган Университет биносива спорт комплекси таъмирланишини, 2023/2024 ўқув йили бошлангунга қадар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 200 ўринга мўлжалланган ётоқхона, 700 ўринга мўлжалланган Университет биносининг қурилиши ва жиҳозланиши ҳамда 824 ўринга мўлжалланган IT-мактаб биносининг таъмирланиши ва жиҳозланиши таъминланади.

Бизнес-форум дастури доирасида Қоракўл IT-кластери бўйича ҳам истиқболли битим имзоланиб, Ўзбекистон иқтисодиётининг турли соҳаларидаги инвестициявий салоҳиятининг тақдимотлари бўлиб ўтди.

Форум якунида хусусий тиббиёт, фармацевтика, поябзал ва чарм буюмлар ишлаб чиқариш соҳаларида, шунингдек, юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича қатор битимлар имзоланди.

Қоракўл тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page