Даврон Ҳидоятов: Коррупцияга қарши курашишда бундан буён ҳам қатъий ва тизимли чоралар кўрамиз
Тошкент вилояти Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари, келгусида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалари юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Унда кенгаш аъзолари, вилоят прокуратураси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, тегишли бошқармалар мутахассислари иштирок этди.
Вилоят ҳокими Даврон Ҳидоятов сўзга чиқиб, ҳудудда мазкур салбий иллатга қарши олиб борилаётган ишлар ҳақида ўз фикрларини билдирди.
— Айниқса, шу пайтгача биргина ер олди-сотди муносабатларида кўплаб коррупция ҳолатлари учраган эди, — дейди Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов. — Ҳужжатларни сохталаштириш, масъуллар имзосини ўзлаштириш каби қонун бузулишлар бўлган. Лекин давлат ҳокимияти идоралари ҳужжатлари ва қарорларини электрон шаклга ўтказилгани, бу жараёнда ахборот технологияларидан унумли фойдаланилгани жиноятларнинг камайишига олиб келди. Коррупцияга қарши курашишда бундан буён ҳам қатъий ва тизимли чоралар кўрамиз.
Қайд этилганидек, ҳудудда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциявий омилларга чек қўйишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Асосий эътибор вилоятни “коррупциясиз ҳудуд”га айлантиришда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, бу каби жиноятларнинг сабаб ва шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишга қаратилмоқда.
Хусусан, ўтган давр мобайнида коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий маданиятни янада юксалтириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида вилоят ҳокимлиги, адлия, прокуратура, ички ишлар ҳамда бошқа бошқарма, ташкилотлар томонидан маҳаллалар, меҳнат жамоалари ва таълим муассасаларида жами 1 минг 229 та тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Матбуот анжуманида коррупцияга қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, кенгашнинг олдида турган долзарб вазифалар бўйича вилоят прокурори Салом Самадов атрофлича маълумот берди.
Жорий йилнинг 9 ойида прокуратура органлари томонидан коррупция ҳолатлари бўйича 269 та жиноят иши қўзғатилиб, айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланган. Жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 32 нафари соғлиқни сақлаш, 20 нафари ички ишлар, 27 нафари ҳокимлик, ер ресурслари ва кадастр хизмати, 12 нафари халқ таълими, 20 нафари мактабгача таълим, 46 нафари давлат бошқарув органлари, 21 нафари давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектлар, 208 нафари бошқа ташкилотлар мансабдор шахслари ҳисобига тўғри келади.
Тадбирда вилоят суди раиси Дилшод Тожибоев одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар, олиб борилаётган ишлар юзасидан ахборот берди.
Мулоқотда кенгаш аъзолари томонидан коррупция масалалари бўйича миллий, ҳудудий ва соҳавий ихтисослаштирилган тадқиқотлар ўтказиш, жамоат фикри сўровлари ва ижтимоий тадқиқотларни олиб бориш борасида бир қатор таклифлар билдирди.
Журналистлар томонидан мавзу бўйича берилган саволларга атрофлича жавоб берилди.