Давра суҳбати

Давра суҳбати

Uzpharmagency

Ўзбекистонга дори воситалари кўплаб мамлакатлардан, жумладан, Россия, Украина, Беларусь, Германия, Франция, Польша, Италия, Испания, Ҳиндистон, Хитой, Япония ҳамда Жанубий Кореядан импорт қилинади. Демак, уларнинг кўрсатмалари ҳам ўша мамлакатнинг расмий тилида бўлади. Бунда таржима жараёни қандай кечади? Хатоликлар юз берса, инсон ҳаёти хавф остида қолиши мумкин.

Хўш, фармакология қўмитаси импорт дори воситаларини республикага кириб келишини қандай назорат қилади? Хориждан кириб келаётган препаратлар кўрсатмаларининг ўзбекча таржималари талаб даражасидами? Истеъмолчилар бемалол қўрқмасдан уларга ишониши мумкинми? Умуман олганда, бу соҳада қандай долзарб масалалар турибди? Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» мутахассислари кичик давра суҳбатида шу ва бошқа саволларга жавоб беришди.

Марказнинг сертификация органи раҳбари Олимжон Саъдуллаевнинг маълумот беришича, импорт дори воситаларининг дорихона растасигача бўлган масофаси бир нечта босқичга бўлинади. Улар қуйидагилар:

·       дори воситаси давлат реестридан ўтказилади;

·       сертификатлаштириш жараёни: бунда аккредитациядан ўтган лабораторияларда халқаро ва маҳаллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлик текширувдан ўтказилади. Ижобий текширувдан ўтган дори воситасига мувофиқлик сертификати берилади;

·       дорихоналарга етказилиб, истеъмол қилишга рухсат берилади.

Олимжон Саъдуллаев

Ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи Муҳаббат Ибрагимованинг қўшимча қилишича, препаратларни олиб кириш учун ташкилотлар сертификатлаш фаолиятига тааллуқли лицензияга эга бўлишлари шарт. Улгуржи ташкилотлар ёки дорихоналар учун алоҳида бошқа турдаги лицензия талаб этилади.

Муҳаббат Ибрагимова

Ўзбекистонга кириб келаётган дори воситасини рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар таркибида ўша дори кўрсатмасининг давлат тили ва рус тилидаги матни ҳам бўлиши шарт. Содда қилиб тушунтирганда, Хитойдан кириб келаётган дори воситаси қўлланиш йўриқномаси хитойча бўлса, Ўзбекистонга олиб киришдан олдин ушбу йўриқнома ўзбек ва рус тилига таржима қилинган бўлиши талаб этилади. Сўнг фармакология қўмитаси томонидан ҳужжатлар экспертизадан ўтказилади. Шу даврда дори кўрсатмасининг рус тилидаги матни тўлиқ ва талаб даражасида таржима қилингани таҳрирдан ўтказилади. Кейин ўзбекча ва русча матнларнинг мувофиқлиги текширилади.

Суҳбат давомида мутахассислар ўзбек тиббий терминологиясида муаммолар борлигини таъкидлашди. Улардан бири терминолигик луғатлар янгиланмаслигидир. Фармакология қўмитаси раиси ўринбосари Саидислом Абдуллаев бу ҳақида батафсил маълумот берди.

Саидислом Абдуллаев

«2009 йилда Ф. Назиров таҳририда чоп этилган «Тиббий терминлар изоҳли луғати» анча эскириб қолган. Унда ҳозирги замонавий тиббий атамалар йўқ. Бу луғатда сўзлар русча ҳолида ўзгартирилмасдан, айнан келтирилган. Тиббий атамалардан бири бўлган «секвестрирование» сўзини «секвестрланиш» ёки «секвестрлаш», деб таржима қилиб бўлмайди. Унинг ўзбек тилидаги тўлиқ изоҳини қидириш лозим. Шунинг учун нафақат ушбу луғат, балки, бошқа тиббий терминлар изоҳланган адабиётлар янгиланишга муҳтож», дейди у.

Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди

Тасвирчи: Дониёр Якубов

Манба: Kun.uz

Report Page