Давлатнинг меҳр қўллари етиб борди
Азалдан меҳр-оқибати ва саховати билан ном қозонган ўзбек халқи бугунги синовли дамларда ҳам қадриятларига содиқ қолмоқда. Бунда айниқса ҳукумат раҳбарлари ташаббус кўрсатмоқдалар.
Коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида эълон қилинган фавқулодда вазиятда фуқаролар ҳар қадамда давлатнинг меҳр қўлларини ҳис этишмоқда.
Пискент туманидаги хорижда бўлиб қайтган ва улар билан алоқада бўлган фуқаролар хонадонларига вилоят ҳокими ташаббуси билан ташкил этилган “Мурувват ёрдами” етказиб берилди.
Дори-дармон, тиббий-гигиеник воситалар, гўшт, тухум, ун, ёғ, макарон, картошка сингари кундалик эҳтиёжга зарур 12 хил маҳсулотдан иборат мурувват ёрдами вазият туфайли кўчага чиқиши чекланган инсонларнинг кўнглини кўтарди.
-Яқинда Қозоғистонга меҳмонга бориб келган эдим, дейди “Дўстлик” маҳалласи Янги ҳаёт кўчаси 1-уйда яшовчи Ж.Темурбоев. Санитария эпидемиология маркази ходимлари келиб, 14 кун карантинга олишди, уйимизни ҳар куни келиб, дезинфекция қилишяпти. Кўчага чиқолмаймиз, бугун озиқ-овқат келтиришгани айни муддао бўлди. Ҳукуматимизга катта раҳмат.
Кун давомида саховат карвони тумандаги 46 хонадонга етиб борди.
Таъкидлаш жоизки, эл бошига иш тушганда ҳеч ким четда қараб турмаяпти. Айниқса, аҳоли манфаати учун масъул бўлган туман ҳокимлиги ва мутасадди раҳбарлар масъулиятни ҳис этмоқда. Куни кеча, 25 март куни ҳам кам таъминланган ва карантинга олинган фуқароларнинг қарийб 300 нафарига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилган эди.