Давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида коррупциянинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган омиллар аниқланди ва бартараф этиш бўйича чоралар кўрилди
АОКАда бўлиб ўтган брифингда Коррупция қарши курашиш агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров бу борада батафсил маълумот берди:
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2024 йилда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, давлат бюджети маблағларининг самарали сарф этилишини назорат қилиш, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, халқаро ҳамкорлик кўламини кенгайтириш йўналишларида амалга оширилган ишлар тўғрисида қисқача ахборот бериб ўтаман.
2024 йилда Коррупцияга қарши курашиш соҳасида 8 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Хусусан:
– Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонун билан шунингдек, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди;
– Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимчалар киритилиб, қонун билан спорт соҳасида коррупциявий ҳуқуқбузарлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди;
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун ижросини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича 2024 йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан “Йўл харитаси” тасдиқланди;
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, «Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси» электрон платформасини ишга тушириш белгиланди;
– Вазирлар Маҳкамасининг “2024 йилда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, фуқаролик, оила, ахборот ва ахборотлаштириш, таълим, фан ва маданият тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш режалари тасдиқланди;
– Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликни таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган мажбуриятларга риоя этилишини масофадан мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди;
– «Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси» электрон платформасида ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди;
– Мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациялар ва манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрининг намунавий шакллари тасдиқланди.
2. Давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида коррупциянинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган омиллар аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича чоралар кўрилди.
Жумладан:
Давлат харидлари соҳасида харидлар ҳажмини қисмларга бўлиш орқали амалга оширилганлиги, тендер савдоларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги;
Соғлиқни сақлаш соҳасида ишга қабул қилишда шаффоф тизим яратилмаганлиги, тиббиёт муассасаларида бюджет маблағларининг талон-торож қилинаётганлиги;
Маданият соҳасида миллий сериалларни яратиш учун телеканалларга субсидия беришнинг аниқ тартиб-таомилларнинг белгиланмаганлиги;
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда жиноят ишининг суриштирув ва тергов жараёнида ҳамда эҳтиёт чорасини танлаш жараёнида енгиллик қилиш эвазига таъмагирлик ҳолатлари содир этилаётганлиги;
Қурилиш соҳасида инсон омилини имкон қадар истисно этадиган рақамлаштириш ишлари суст олиб борилаётганлиги, қурилиш объектларида назоратнинг етарли даражада эмаслиги;
Илмий даража олишда плагиатга йўл қўйиш, таниш-билишчилик муносабатларидан фойдаланиш тизимида рақамлаштириш, назорат ва жавобгарлик механизмларининг яратилмаганлиги;
Автомобиль йўллари соҳасида давлат хизматчиларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги каби коррупциявий хавф-хатарлар аниқланиб, уларни минималлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
3. Манфаатлар тўқнашуви, давлат харидлари, давлат органларининг очиқлиги ҳамда бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича ҳудудлар ва соҳалар кесимида ўрганишлар ўтказилиб, аниқланган қонунбузилишиларни бартараф этиш юзасидан вазирлик ва идораларга 408 та тақдимнома киритилди.
Тақдимномалар натижасида хато ва камчиликларга йўл қўйган 85 нафар шахсга нисбатан интизомий жавобгарлик чоралари қўлланилди, 234 та ҳолатда жами 263,9 млрд. сўмлик харидлар бекор қилиниб, ноқонуний давлат харидлари ўтказилишининг олди олинди.
Бундан ташқари, ўрганишлар натижасида аниқланган қонунбузилиши ҳолатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун 293 та материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилиб, улар асосида Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан умумий 28 та жиноят иши ва 104 та маъмурий иш қўзғатилди.
Ўтказилган ўрганишлар натижасида жами 222,7 млрд. сўмлик моддий зарарнинг давлат бюджетига қайтарилиши юзасидан қарорлар қабул қилинган.
Оммавий ахборот воситаларида коррупция ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги юзасидан эълон қилинган 55 та хабарлар ўрганилиб, уларнинг 25 таси бўйича давлат харидларида қонунбузилиши ҳолатларининг мавжудлиги ҳамда 5 тасида давлат хизматчилари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётгани аниқланди ва қонунбузилиши ҳолатлари бартараф этилди.
Давлат идоралари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тузилмалари фаолияти такомиллаштирилиб, 74 та давлат идораси «Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими» бўйича ISO халқаро стандарт сертификатига эга бўлди.
Коррупциянинг олдини олиш механизмларини жорий этиш бўйича халқаро экспертларни жалб этган ҳолда 852 нафар ички назорат тузилмалари ходимларининг малакаси оширилди.
23 та давлат органларининг коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари раҳбарлари очиқ танлов асосида ишга қабул қилинди.
123 та давлат органлари ва ташкилотларида коррупция ҳақида хабар беришга мўлжалланган алоқа каналлари ташкил этилди.
Давлат идораларининг функцияларидаги коррупция хавф-хатарлар даражаси баҳолашдан ўтказилиб, 101 та давлат органлари ва ташкилотларининг 7 525 та функцияларидан 495 таси коррупция хавф-хатар даражаси “юқори”, 1 541 таси “ўрта”, 5 489 таси “паст” баҳоланди ва Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри шакллантирилди.
Коррупция даражаси юқори бўлган 495 та функцияларнинг 172 тасида рақамлаштириш, 67 тасида амалдаги ички идоравий ҳужжатларни такомиллаштириш ёки янгисини қабул қилиш орқали,
62 тасида қўшимча назорат механизмларини жорий қилиш, 42 тасида очиқликни таъминлаш, 152 тасида ходимларни ўқитиш ва малакасини ошириш орқали минималлаштириш чоралари кўрилмоқда.
Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги рейтинг баҳоланиб, 95 та ташкилотнинг 42 таси “яхши”, 38 таси “қониқарли” ва 15 таси “қониқарсиз” деб топилди.
“Қониқарсиз” баҳоланган раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилиб, танқидий муҳокама қилинди.
Очиқликка оид қонун ҳужжатлари талабларини бузган 5 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилди.
Давлат идоралари фаолияти очиқлиги даражасини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси шакллантирилиб, унинг доирасида 103 та давлат органларининг 31 таси “яшил”, 43 таси “сариқ” ва 29 таси “қизил” баҳоланди ҳамда бу тизим орқали барча даражадаги раҳбар ходимларнинг очиқликни таъминлаш соҳасидаги масъулияти оширилди.
“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун татбиқ этиладиган давлат органлари ва ташкилотлари рўйхати тасдиқланди.
Рўйхатга 27 та республика даражасидаги давлат органи ва ташкилоти, 71 та республика ижро этувчи ҳокимият органи, 10 та давлат мақсадли жамғармаси, вилоятлар ва туман-шаҳар ҳокимликлари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган 49 та хўжалик жамиятлари, унитар корхоналари киритилди.
Давлат хизматида юзага келадиган манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари, уларни бартараф этиш чоралари бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқилди.
Қонун кучга киргунга қадар унда белгиланган талаблар ва механизмларнинг амалиётда ишлаши билан боғлиқ масалалар давлат органлари ва ташкилотларида ишчи гуруҳлар тузган ҳолда ўрганилди.
Ўрганишларда 182 нафар мансабдор шахснинг яқин қариндошлари бевосита бўйсунувида ёки назорат остида ишлаётганлиги, 1 513 нафар ходимнинг давлат хизмати билан бир вақтда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлиги билан боғлиқ манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари аниқланиб, бартараф этилди.
Давлат идоралари ва ташкилотларнинг 95 600 нафардан ортиқ ходими тест синовларини топширди, 85 581 нафар ходими ўқитилди.
«E-anticor.uz» электрон платформасида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш ва онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи электрон модул ишга туширилди.
2024 йилда коррупцияга оид жиноятлар содир этиш ҳолатларининг камайишига эришилди.
Хусусан, 2024 йилда Республика бўйича жами 6 898 нафар шахс томонидан
5 716 та жиноят содир этилган бўлиб, 2023 йилга нисбатан коррупцияга оид жиноятлар “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, Сув хўжалиги, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда банк соҳасида камайган.
Бироқ олий таълим, транспорт ҳамда қишлоқ хўжалигида ошган.
Мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳаларида коррупцияга оид жиноятлар салмоғи юқорилигича сақланиб қолмоқда.
Мисол учун: Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимида 2024 йилда 309 та коррупцияга оид жиноятлар ҳоким ёрдамчилари фаолияти билан боғлиқ ҳолда содир этилган.
Ҳудудлар кесимида коррупцияга оид жиноятлар Тошкент вилоятида,Тошкент шаҳрида ва Самарқанд вилоятида энг кўп содир этилган ва аксинча, Бухоро ҳамда Хоразм вилоятларида коррупциявий жиноятлар кам содир этилган.
Агентликка 2024 йил давомида жами 4 176 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича тегишли вазирлик ва идораларга, вилоят махаллий ҳокимликларга 55 та сўровнома юборилган, қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 41 та тақдимнома киритилган, 7 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган, шундан 1 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинган, 19 та қабул қилинган қарорлар бекор қилинган, 6 та жиноят иши, 10 та маъмурий иш қўзғатилган ва мавжуд хато-камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилган.
Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани, Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳри, Бухоро вилоятининг Вобкент туманида “Шаффоф шаҳарлар”, “Ҳалол туманлар” лойиҳаси ишга туширилди.
Коррупцияга қарши курашишда фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш бўйича 10 дан ортиқ семинар-тренинг тадбирлари ННТлар учун 2 та грант лойиҳаларига танлов эълон қилинди.
Агентлик томонидан нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда “Аксилкоррупция лабораторияси” лойиҳаси доирасида “Олий таълим муассасалари талабаларининг билимини баҳолашда ноҳалоллик ва коррупция омиллари”, “Акушерлик хизматларини кўрсатишда ноҳалоллик ва коррупция хавфлари”, “Мактабга қабул қилишда коррупция хавфини камайтириш бўйича тавсияларнинг бажарилишини мониторинг қилиш” ҳамда “Ипотека кредити учун субсидия ажратиш жараёнида коррупция хавфлари” мавзуларида тадқиқотлар ўтказилди.
Аҳолини коррупцияга қарши курашиш бўйича ислоҳотлар ҳақида хабардор қилиш мақсадида маҳаллий ва хорижий ОАВ, ижтимоий тармоқларда 1 600 дан ортиқ материаллар эълон қилинди, матбуот анжумани ва брифинглар ўтказилди.
Агентлик томонидан 327 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиб, натижаларига кўра 327 та лойиҳанинг 71 фоизида ёки 233 тасида 676 та коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар аниқланди ва уларни бартараф этиш чоралари кўрилди.
Халқаро ҳамкорлик йўналишида Олий Мажлис палаталарининг вакиллари Коррупцияга қарши курашиш бўйича Парламентарийлар Глобал ташкилоти аъзолигига аъзо бўлди.
Тошкент шаҳрида илк маротаба коррупцияга қарши курашиш соҳасида Медиа форум бўлиб ўтди.
Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашиш тизимини яратиш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш бўйича Тошкент шаҳрида Марказий Осиё Минтақавий платформаси ишга туширилди.
Ёшларда коррупцияга нисбатан муросасизлик муносабатни шакллантириш мақсадида БМТнинг коррупцияга қарши таълим ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш глобал ресурси (GRACE) дастурини Ўзбекистонда кенг жорий этиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
2024 йилда халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар коррупцияга қарши курашиш идоралари билан ҳамкорликка оид 4 та ҳамкорлик тўғрисида битим ва Меморандумлар имзоланди.
Халқаро ҳамкорлар билан 55 та расмий учрашувлар ўтказилиб, халқаро экспертлар иштирокида 12 та семинар тренинг ҳамда 3 та халқаро Форум ташкил этилди.
2024 йилда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда 4 та қўшма лойиҳалар ишга туширилди.
Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030-йилгача мўлжалланган Миллий стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
ИҲТТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари учун коррупцияга қарши курашиш тармоғи Истанбул ҳаракатлар режаси доирасида 5-босқич мониторинги ўтказилди ва Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши сиёсати 83.6 балл билан Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори баҳоланди.
2025 йилди ҳам мамлакатимизда коррупцияга қарши давлат сиёсати изчил давом эттирилади.