Давлат субсидиялари бўйича 2 та субсидиянинг аризалар бериш ва кўриб чиқиш жараёнлари электронлаштирилади
АОКАда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилором Мирзажанова иштирокидаги брифингда рақамлаштириш соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди:
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигида 2025 йилда Рақамли “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида Вазирлик функцияларининг амалга ошириш жараёнларини босқичма-босқич рақамлаштиришга қаратилган 10 та устувор лойиҳа амалга оширилади, шундан 5 таси янги ахборот тизимлари.
Бунда, давлат хусусий шерикчилик соҳаси, бюджет харажатларини рақамлаштиришга қаратилган “Passport budget”, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни ҳамда ички йўлларни назарда тутувчи платформалар ва йирик давлат корхоналарининг давлат харидларининг режалари, харид жараёни ҳамда шартномалар ижроси тўғрисидаги маълумотларни жамлашни назарда тутувчи модули яратилади. Шунингдек, вазирликнинг бир қатор ахборот тизимлари такомиллаштирилади.
Шу билан бирга, давлат субсидиялари бўйича 2 та субсидиянинг аризалар бериш ва кўриб чиқиш жараёнлари электронлаштирилиб, 20 дан ортиқ субсидияларнинг эса тўлов жараёнлари рақамлаштирилади. Яна қўшимча 1 та давлат хизмати, яъни “Ягона етказиб берувчилар реестрига киритиш” хизмати Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали кўрсатилиши йўлга қўйилади.
Бунда, ахборот тизимларини яратиш ва айримларини такомиллаштириш ҳисобига қуйидаги натижаларга эришиш кутилмоқда:
– бюджет ташкилотлари тўғрисидаги умумий маълумотлари, фаолияти, филиаллари, ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, мавжуд лавозимлари, инфратузилмаси ҳамда моддий техник базаси тўғрисидаги маълумотлар базасининг яратилиши;
– давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ташаббус қилиш, ишлаб чиқиш, кўриб чиқиш, келишиш, ДХШ лойиҳалари реестрини юритиш ва ҳисоботларни таҳлил қилиш имконининг йўлга қўйилиши;
– ягона етказиб берувчилар реестрига киритиш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш, натижалари (қаноатлантириш ва рад этиш асослари) давлат харидлари махсус ахборот порталида очиқ эълон қилиниши ҳамда порталда реестрнинг юритилиши;
– республика ҳудудидаги мавжуд ички йўлларни сақлаш, таъмирлаш ҳамда реконструкция қилиш учун молиялаштириш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилиши;
– қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилишда бюджетдан субсидияларни ажратишда инсон омилини камайштириш, жараёнлар шаффофлигини таъминлаш ҳамда ажратиш бўйича мурожаатларни тез ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш, шунингдек, ажратилаётган маблағлар ва улардан самарали фойдаланиш бўйича манзилли мониторинг қилиш имконияти яратилиши;
– давлат бюджетидан таълим, ёшлар бандлини таъминлаш, савдони ривожлантириш ва экспорт соҳаларини қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган субсидияларнинг тўлов жараёнлари 4-6 соатдан 20-30 дақиқага қисқартирилиши;
Бундан ташқари, Вазирликда фаолиятида сунъий интеллект технологияларини қўллаш соҳасига кенг аҳамият берилмоқда, хусусан вазирлик ходимларини сунъий интеллект технологиялари бўйича дастлабки билим ва кўникмаларини шакллантириш учун вазирлик ходимларини ўқитиш ҳамда бир қатор халқаро молия институтларини жалб қилган ҳолда вазирлик фаолиятини рақамли трансформация қилиш ишлари олиб борилмоқда.