Давлат рақам белгисини ёпиб ҳаракатланган ҳайдовчига чора кўрилди

Давлат рақам белгисини ёпиб ҳаракатланган ҳайдовчига чора кўрилди

ИИВ ЙҲХББ

“Каптива” русумли, 01 215 PFA давлат рақам белгили транспорт воситаси ҳайдовчиси автомобиль давлат рақам белгисини ёпган ҳолда ҳаракатланганлиги акс этган видео лавҳа ва фотосуратлар фуқаро томонидан ИИВ ЙҲХББга маълум қилинди.

Олиб борилган суриштирув ишлари давомида “Кон геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси”га тегишли бўлган, “Каптива” русумли, 01 215 РFА давлат рақам белгили автомобиль ҳайдовчиси Чиноз тумани ҳудудида транспорт воситаси давлат рақам белгисини кўриш имкониятини чеклайдиган қоплама ёпиб ҳаракатланганлиги маълум бўлди.

Ҳайдовчи, 1986 йилда туғилган Р.Э.га нисбатан “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 3-иловаси (Транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқловчи шартлар) 7.15-банди иккинчи қисми (Транспорт воситасида рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини кўринишини чеклайдиган, тўғри аниқланишига халақит берадиган ҳар-хил буюмлар ўрнатилган ва қопламалар билан қопланган бўлса)да белгиланган талабларни бузганлиги бўйича, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 127-моддаси 2-қисми (Тегишли рухсат олмай туриб транспорт воситаларига товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш) тартибида баённома тузилиб транспорт воситаси ушбу Кодекснинг 291-моддаси тартибида вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилди.

ИИВ ЙҲХББ

Маълумот ўрнида, давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш - фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Барча ҳайдовчилардан йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишларини сўраймиз.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати

Report Page