Давлат мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни болаларга йод препаратини умумий ичириш куни деб белгиланди

Давлат мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни болаларга йод препаратини умумий ичириш куни деб белгиланди

https://t.me/aoka_uz

АОКАда ўтказилган брифингда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова йод препаратини бепул тарқатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди:

Маълумки, соҳага доир дунё олимлари томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, мактаб ўқувчилари орасида йоднинг нисбатан кичик танқислиги рўй берган тақдирда ҳам уларнинг интеллект кўрсаткичлари ўртача 10% га камайиши кузатилади. Бу ҳолат шуни англатадики, йод танқислиги шароитида улғаяётган бола дарсни тўлиқ ўзлаштира олмайди, замонавий касб-ҳунарларни эгаллашга бўлган қизиқиши камайиб бораверади.

Юртимизда йод етишмаслиги касалликларининг профилактикасини тизимли равишда ташкил этиш мақсадида 3-15 ёшдаги болаларни йод препаратлари билан таъминлаш юзасидан тегишли вазирлик ва ташкилотлар томонидан ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2023 йил 28 августдаги тегишли қўшма қарорига асосан, Ўзбекистонда 3-15 ёшдаги болаларни йод ва 2-10 ёшдаги болаларни гельминтозга (гижжа касаллигига) қарши препаратлар билан бепул таъминлаш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома тасдиқланган.

Йўриқномага кўра, йод препарати давлат мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларига бириктирилган ҳамшира ёки педагог ходимлар орқали, нодавлат мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларига оилавий поликлиника ҳамда оилавий шифокорлик пунктлари патронаж ҳамширалари томонидан тарқатилади.

Таълим ташкилотлари раҳбарлари ўз таълим ташкилотидаги болаларга йод препарати берилиши тӯғрисида уларнинг ота-оналари ёки васийларини ўз вақтида хабардор қилиш чораларини кўради.

 

Шуни алоҳида айтиб ўтиш лозимки, мазкур Йўриқнома талабларига кўра, жорий йилнинг 20 сентябридан бошлаб давлат мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни болаларга йод препаратини умумий ичириш куни, деб белгиланган.

Бунда йод препарати ҳафтада бир маротаба:

мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, аниқроқ айтганда, 3-6 ёшли болаларга 500 мкг;

мактаб ўқувчилари, 7 ёшдан 15 ёшгача бўлган болаларга 1000 мкг.дан ичирилиши тавсия этилади.

  Таълим ташкилотлари раҳбарлари таълим масканларида болаларнинг препаратни ичишлари учун сув ва бошқа зарур шароитларни яратади. Шунингдек, ташкилот патронаж ҳамшираси мазкур препаратларни қабул қилиш қоидаларини билиши, бошқа педагог ходимлар, ўқувчи ва тарбияланувчилар, ота-оналарга бу ҳақида тушунтириши зарур. Уларнинг бу борадаги малакаси ҳудудий тиббиёт бирлашмалари томонидан узлуксиз равишда олиб борилади.

Йод препаратларини сақлаш ва ҳисоботини юритиш давлат мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ҳамшираси ёки масъул ходими томонидан юритилади.

  Мазкур Йўриқномада белгиланган талабларга асосан, айни вақтда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда бола саломатлиги учун йод препаратларининг аҳамияти хусусида мактабларда тушунтириш ишлари олиб бормоқда. Шунингдек, тегишли маълумотлар ҳудудий ва марказий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиб, мавзуга доир махсус видео ва босма материаллар тарқатилмоқда.

 Ҳурматли ота-оналар!

 Болаларни йод препаратлари билан таъминлаш борасида олиб борилаётган мазкур ишлар замирида фарзандларимиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш ва ақлий ривожланишини кучайтириш мақсади мужассамдир.

Шуни қатъий айтиш лозимки, ўқувчиларнинг қабул қилиши учун белгиланган йод препарати профилактик доза бўлиб, бутунлай зарарсиздир. Ота-оналарнинг фарзандлари томонидан йод препаратлари қабул қилишда туғилаётган турли шубҳа ва хавотирларига мутлақо ўрин йўқ.

 Ота-оналарга яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз! Болаларда йод танқислигининг мавжудлиги уларда қуйидаги нохуш ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин:

— ақлий қобилиятнинг бузилиши;

— ақл-идрокнинг пасайиши;

— бўқоқнинг ривожланиши ва қалқонсимон безнинг дисфункцияси;

— болаларнинг жисмоний ва ақлий ривожланишини секинлашиши;

— кретинизм, яъни қалқонсимон безнинг етарли даражада ишламаслиги туфайли боланинг ривожланишидаги кечикиш.

 Ҳурматли ота-оналар! Сизлардан фарзандларингизнинг йод препарати билан таъминлаш борасида таълим ташкилотлари билан узвий ҳамкорлик олиб боришингизни сўраймиз. Уй шароитида йод препаратларини қабул қилаётган болалар хусусида таълим ташкилотларидаги масъул ходимлар билан маслаҳатлашинг.

 

 


Report Page