Давлат хизматлари марказларининг барча ресурслари фуқароларга ёрдам режимига ўтказилди
@adliyangiliklariСўнгги кунларда юртимизда кузатилаётган аномал совуқ ва унинг оқибатларини енгиллатиш учун Республикамиздаги барча давлат хизматлари марказларида фуқароларнинг оғирини имкон қадар енгиллатиш мақсадида қатор қулайликлар жорий этилди.
Биринчи, фуқаролар бирон иш билан ДХМ яқинида ташқарида туриб қолсалар – ҳатто ДХМларда иши бўлмаса ҳам – ичкарига кириб исиниб олишлари мумкин: уларга бир пиёла иссиқ чой, шинам кутиш заллари ҳозир.
Иккинчи, барча ДХМ ларга ташриф буюраётган (Тошкент шаҳри мустасно) пенсионер, ногирон, ёш болали фуқароларни хизмат автомашинаси Дамасларда зарур ҳолларда автобуслар бекати, шаҳар ёки туман маркази, уйига қадар етказиб қўйиш тўғрисида раҳбарият томонидан топшириқ берилди.
Учинчи, барча ДХМлар энергиятежамкор режимда ишламоқда: кундуз куни чироқлар ёқилмайди, фақат компьютер ва фуқароларга маълумот берувчи таблолар ишлайди.
Шунингдек, давлат хизматларини кўчага чиқмай, уйдан туриб олиш имкониятлари ҳам яна бир бор эслатилади, my.gov.uz, license.gov.uz ҳамда new.birdarcha.uz порталлари орқали уйдан чиқмаган ҳолда электрон давлат хизматларидан фойдаланинг.
Масалан, my.gov.uz орқали:
– санаторийларда даволаниш йўлланмасини олиш;
– масофадан туриб болани боғчага навбатга қўйиш ва навбатни текшириш;
– никоҳдан ўтишга онлайн ариза топшириш мумкин.
“Лицензия” (http://license.gov.uz/) ахборот тизими орқали лицензиялаш ва рухсат бериш ҳужжатлари учун ариза бериш, кабинет орқали ташкилотга тегишли маълумотларни олиш, лицензиялар реестридан маълумотлар излаш имкониятлари мавжуд.
Бизнесни new.birdarcha.uz орқали уйдан чиқмаган ҳолда осон ва тез бошлаш имкони яратилган.
Давлат хизматлари марказлари фуқароларга имкон қадар меҳр ва илиқлик улашиш ниятида ҳаракат қилмоқда.