Давлат хизматлари агентлиги барча учун шаффоф тизим

Давлат хизматлари агентлиги барча учун шаффоф тизим

Дилфуза Жарбекова
ДХА Сирдарё вилоят бошқармаси

Давлат хизматлари агентлиги Сирдарё вилояти бошқармасида 2021 йил 6 ойлик якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжуманида давлат хизматлари агентлиги тизимидаги янгиликлар ва ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиб келаётган ОАВ ходимлари, журналист ва блогерлар иштирок этдилар.

-Жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 144 минг 942 та турли йўналишларда давлат хизматлари кўрсатилди, - дейди Давлат хизматлари агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Бекзод Артиков. - Жами хизматларнинг 140 минг 361 таси давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилган бўлса, 4580 таси электрон тартибда кўрсатилган хизматлардир. Чекка ҳудудларга бориб сайёр тартибда кўрсатилган давлат хизматлари эса 2339 тани ташкил этди.

ДХА Сирдарё вилоят бошқармаси

Шунингдек, туман ва шаҳар ФҲДЁ бўлимлари томонидан 10 минг 239 та туғилганлик, 3 минг 41 та никоҳ қайд этилганлиги, 668 та ажрашганлик ҳамда 1927 та ўлим ҳақида гувоҳномалар берилди.

Давлат хизматлари агентлиги томонидан жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонига мувофиқ, фуқаролардан турли маълумотномалар сўраш амалиётига чек қўйилмоқда. Фармон билан, аҳолига давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни тубдан қисқартириб, 18 турдаги ҳужжатларни фуқаролардан талаб қилиш бекор қилинди. Эндиликда, аҳоли ва тадбиркорли субъектларидан сўраш бекор қилинган маълумотларни автоматлаштирилган тизимидан мустақил равишда олади.

ДХА Сирдарё вилоят бошқармаси

Бироқ шунга қарамай, давлат ташкилотлари томонидан фуқароларни овора қилаётган, фармон талабларини қўпол равишда бузаётган ташкилотлар ҳанузгача учраб турибди. Бошқарма мутахассислари томонидан жорий йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида 1752 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Хусусан, 1632 та ҳолатда давлат хизматлари кўрсатиш муддатлари бузилган, 2 та ҳолатда тўғридан-тўғри давлат хизматлари кўрсатилган, 106 ҳолатда мурожаатлар асоссиз рад этилган. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича ваколатли идораларнинг раҳбарлари номига 45 та тақдимномалар киритилган ва 12 нафар шахслар интизомий жавобгарликка тортилган, шунингдек қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик ҳақида 165 та огоҳномалар киритилди.

ДХА Сирдарё вилоят бошқармаси

Матбуот анжуманида бошқарма томонидан келгусида амалга ошириладиган ишлар, режалар ва кутилаётган натижалар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, давлат хизматларини кўрсатувчи агентлар фаолияти йўлга қўйилаётганлиги, агент сифатида кимлар фаолият юрита олиши бўйича ҳам маълумотлар тақдим этилди. Ўз ўрнида матбуот анжумани журналистлар ва блогерларда “Агент бўлиш учун қайси ўқув курсларида ўқиш керак?”, “Агент сифатида фаолият юритиш учун қандай талаблар қўйилади?” каби саволлар туғилди ва барча саволларга атрофлича жавоблар берилди.

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шўъбаси

Биз ижтимоий тармоқларда: Facebook Telegram


Report Page