Давлат хавфсизлик хизмати ташаббуси билан, кам таъминланган хонадонлар учун “Меҳр гулининг ифори – Аёл...” акцияси ўтказилди.

Давлат хавфсизлик хизмати ташаббуси билан, кам таъминланган хонадонлар учун “Меҳр гулининг ифори – Аёл...” акцияси ўтказилди.


Ўзбекистон Республикаси  Давлат хавфсизлик хизмати Андижон вилояти бошқармаси Қўрғонтепа тумани бўлими ташаббуси билан, Қўрғонтепа тумани ҳокимлиги, Қорасув шаҳар ҳокимлиги, туман прокуратураси, туман ИИБ ва  Андижон вилояти 21-“Пахтачи” сайлов округи депутати ҳамкорлигида,  ижтимоий ҳимояга  муҳтож деб топилган оилаларда ҳамда кам таъминланган хонадонларда истиқомат қилувчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Меҳр гулининг ифори Аёл...” акцияси ўтказилди.

Ушбу акция муҳтарам Юртбошимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида, яқинлашиб келаётган муборак Қурбон Ҳайити арафасида, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган барча хонадонлардан хабар олиш ҳақидаги ташаббусларига асосан ташкил этилган бўлиб, акция давомида тумандаги жами 103 та хонадонда истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни маънавий ва моддий  қўллаб-қувватлаш, уларнинг пандемия давридаги аҳволини ўрганиш ҳаракатларини олиб бориш кўзда тутилган. 

Акцияни бошлаш аввалида, Қорасув шаҳар ҳокимлиги олдида туманимиз ҳокими бошчилигидаги сектор раҳбарлари, масъуллар ва тегишли МФЙ лар раисларининг қисқача суҳбати бўлиб ўтди. Туман раҳбари ва ДҲХ туман бўлими бошлиғи тарафидан маҳалла расмийларига ушбу акцияни ўтказишдан кўзланган мақсадлар хусусида тўхталиб ўтилди. Бугунги кун ичида Қорасув шаҳри ва Султонобод шаҳарчасида истиқомат қилувчи 60 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг ҳолидан, карантин тартиблари ва ижтимоий масофа қоидалари асосида хабар олинди. 

Кам таъминланганлар рўйхатига киритилган оилалардан ташқари, жазони ўташ муассасаларида бўлган шахсларнинг оила аъзолари ҳолидан ҳам хабар олинди.

Хотин-қизларга тақдим этилган қўшимча ёрдамлар қаторида, ўзбек адиблари  томонидан битилган адабий ва тарихий китоблар ҳам алоҳида тарзда тақдим этиб борилди. 

Пандемия даврида уйда қолиш мобайнида барча оналар фарзандлар тарбияси билан машғул бўлар экан, китоб мутолааси ҳам оналар, ҳам фарзандлар учун ўзига хос аҳамият касб этиши барчамизга маълумдир.

“Меҳр гулининг ифори Аёл...” акцияси 29-30-июль кунлари ўтказилиши режалаштирилган.


Фото: Қўрғонтепа тумани ҳокимлиги

Матбуот хизмати


Facebook | Twitter | Instagram | YouTube Telegram 


Report Page