Давлат фуқаролик хизматига очиқ танловлар асосида ишга қабул қилишнинг ташкил этилиши 

Давлат фуқаролик хизматига очиқ танловлар асосида ишга қабул қилишнинг ташкил этилиши 

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official

АОКАда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Аббос Акрамов иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Брифингда давлат фуқаролик хизматига очиқ танловлар асосида ишга қабул қилишнинг ташкил этилиши ҳақида маълумот берилди.

давлат фуқаролик хизматига киришда инсон омилини камайтириш ҳамда барча фуқароларга тенг имкониятлар яратиш мақсадида Агентлик томонидан Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz ишлаб чиқилди.

Ушбу портал давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант лавозимларни эгаллаш учун очиқ мустақил танловларни ташкил этиш бўйича ягона электрон тизим бўлиб, Интернет тармоғида “бир дарча” тамойили асосида фаолият кўрсатади.

Порталдаги давлат вакант лавозимлари тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланган ҳолда сайтга жойлаштирилади ва номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш фақат электрон тарзда амалга оширилади.

Вакант лавозимлар учун очиқ мустақил танловлар бир нечта босқичдан иборат. Булар:

— ҳар бир номзоднинг вакант лавозим малака талабларига мослигини ўрганиш;

— тест орқали номзодларнинг билим даражасини синовдан ўтказиш ва психопортретини яратиш;

— ассесмент шаклидаги суҳбат босқичларидан иборат.

Мазкур тизимнинг аҳамиятли томони шундаки, танлов босқичлари бўйича маълумотлар онлайн тарзда ҳар бир номзоднинг порталдаги шахсий кабинетига юборилади, яъни ҳар бир босқич натижаси бўйича номзодларга асосланган жавоб берилади.

Портал орқали жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига, Республиканинг 60 дан ортиқ вазирлик ва идоралари ҳамда барча туман (шаҳар) ҳокимликлардаги мавжуд 13 827 та вакант лавозимлар бўйича танловлар эълон қилиниб, ушбу вакант лавозимларга жами 212 мингдан зиёд номзод томонидан танловда иштирок этиш учун ҳужжат топширилган.

Ўтказилган танловларни вазирлик ва идоралар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, бугунга кунда энг кўп танловлар Давлат солиқ қўмитаси тизимида 2 243 та, Халқ таълими вазирлиги тизимида 1 915 та ва Молия вазирлиги тизимида 1 698 та танловлар ўтказилган.

Туман ва шаҳар ҳокимликлари тизимида – 850 та вакант лавозимларга очиқ танлов эълон қилинди.

Танловларни ҳудудлар кесимидаги таҳлилларга кўра, Қорақалпоғистон Республикасида 491 та, Андижон вилояти 1 137 та, Бухоро вилоятида 980 та, Жиззах вилоятида 905 та, Қашқадарё вилоятида 876 та, Навоий вилоятида 1 242 та, Наманган вилоятида 886 та, Самарқанд вилоятида 1 254 та, Сирдарё вилоятида 1 093 та, Сурхондарё вилоятида 726 та, Тошкент вилоятида 1 127 та, Фарғона вилоятида 749 та, Хоразм вилоятида 641 та, Тошкент шаҳрида 670 та ҳамда вазирлик ва идораларнинг марказий аппаратидаги 1 050 та вакант ўрин учун танловлар ўтказилган.

Якунига етган танловлар бўйича 3 485 нафар (35 %) малакали номзодлар давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилинди.

Ушбу давлат хизматига қабул қилинган танлов ғолибларининг 969 нафари (29 %) - 30 ёшгача бўлган, шунингдек, 461 нафари (14 %) давлат хизматига биринчи маротаба қабул қилинган номзодларни ташкил этади.

Портал фаолияти йўлга қўйилгандан буён, 1 кунда ўртача 15-20 нафар давлат фуқаролик хизматчиси очиқ танлов орқали ишга қабул қилинмоқда.

Шу билан бирга, очиқ танловлар жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида фуқаролар, хусусан танловларда иштирок этаётган номзодлар учун қулайликлар яратилмоқда.

Жумладан, бугунги кунда Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали орқали эълон қилинаётган танловларда иштирок этаётган номзодлар танлов жараёнида дуч келган муаммо юзасидан Агентликнинг очиқ танловлар бўйича махсус телефони

71-239-34-76 ёки Телеграм тармоғидаги махсус vacancy_argos_bot орқали мурожаат қилган ҳолда тезкор жавоб олишлари мумкин.

Барча танловларнинг тест ва суҳбат босқичларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб жорий этилган бўлиб, жараёнлар Телеграм тармоғидаги @vacancyonline каналига жойлаб борилмоқда.


Report Page