Давлат экология қўмитасининг 2022 йил 1-ярим йиллигидаги фаолияти якунлари таҳлили

Давлат экология қўмитасининг 2022 йил 1-ярим йиллигидаги фаолияти якунлари таҳлили

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official


АОКАда Давлат экология қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов, қўмита бошқарма бошлиғи Ҳалиллулло Шеримбетов, бошқарма бошлиғи ўринбосари Баҳодир Урунов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида мавзу юзасидан маълумот берилди:

https://t.me/aokamediakontent

✔️ Қўмита томонидан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, атмосфера ҳавоси, сув ва ер ресурсларининг ифлосланишини камайтириш, биологик хилма-хилликни сақлаш, қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни ташкил этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича республикадаги 24 та корхоналарида 144 та чанг-газларни тутиш ускуналарини (ЧГТУ) таъмирлаш ва янгиларига алмаштириш белгиланиб, 30 тасида 114 та ускуналар таъмирланди ва янгисига алмаштирилди.

Саноат корхоналаридан атмосферага ташланмаларни 10 фоизга камайтириш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида 2054 та корхонада 485,6 минг дона кўчатлар экиш ташкиллаштирилди.

Сув, ер ресурслари ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг “Айдар-Арнасой кўллар тизими бошқарувини ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йилнинг 26 мартдаги 136-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Қўмита раисининг 2022 йил 8 апрелдаги 128-сон буйруғи қабул қилиниб, ижрога қаратилди.

“Юқори ва ўрта хавфли тоифага мансуб саноат корхоналарида замонавий локал оқова сув тозалаш иншоотларини ўрнатиш ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича дастур”га асосан жорий йилда режалаштирилган 76 та корхонадан 24 тасида (38%) локал тозалаш иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилди.

Чиқиндилар билан ишлаш соҳасига давлат-хусусий шериклик борасида 65 та туман ва шаҳарларни ўз ичига олган 38 та битим имзоланди. Жумладан, Андижон, Навоий, Фарғона вилоятлари давлат-хусусий шериклик асосида тўлиқ, Наманган вилоятида 7 та, Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Қашқадарёда 5 та, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида 3 тадан туман ва шаҳарлар хусусий секторга бириктириб берилди.

Ҳозирда 75 та туман ва шаҳарларни ўз ичига олган 33 та лойиҳа тендерлари ўтказилмоқда.Тасдиқланган дастурларга мувофиқ, жорий йилнинг оҳирига қадар соҳада хусусий сектор улушини 50 фоизга етказиш белгиланган бўлиб, юқоридаги тадбирларни амалга ошириш натижасида ушбу кўрсаткич 70 фоизга етказилади.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида умумий қиймати – 120,0 млн. АҚШ долл. миқдорида лойиҳани амалга ошириш бўйича кредит шартномаси тасдиқланди. Лойиҳа натижасида, қаттиқ маиший чиқиндиларнинг камида 40 фоизини қайта ишлашга эришилиб, атмосфера ҳавосига йилига 52 минг тн. иссиқхона (метан, корбанат ангидрид) газларнинг ташланишини олди олинади.

Бундан ташқари 203 та махсус техникалар харид қилинади ва 13 та сервис маркази қурилади.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан ишлар ташкиллаштирилди. Баҳор мавсумида республика ҳудудида 125 млн. 30 минг дона манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари ҳамда қаламчалар экиш режалаштирилиб, амалда 129 млн. 608 минг (режага нисбатан 103,7 фоиз) дона кўчатлар экилиши ташкил этилди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекциясининг 2022 йил биринчи ярим йиллигида соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузган 25 395 нафар шахслар аниқланди.

Қонунбузарларга 20,9 млрд. сўм маъмурий жарима ва табиатга етказилган зарарлар ҳисобланиб, 11,4 млрд. сўм ёки 55 %  сумма ундириб олинди.

43 мингдан ортиқ корхона ва фуқароларга соҳага оид профилактика тадбирлари ўтказилди.

Соҳага оид аниқланган қонунбузарликлар сони 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 104 фоизга, белгиланган жарималар суммаси эса 105 фоизга ортган.

Дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2300 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан 3,4 млрд.сўм маъмурий жарима ва 4,3 млрд.сўм зарар суммалари белгиланди. 2022 йилнинг 6 ойида жами 882 туп қимматбаҳо дарахтлар кесилган бўлиб, ўтган йилга (1922 туп қимматбаҳо дарахтлар кесилган) нисбатан 55 % камайган.

Жорий йил 1 майдан бошлаб “Эконазорат” электрон тизими ишга туширилди. Ушбу электрон тизим орқали экологик ҳуқуқбузарликларни тасдиқловчи фото, видео далилларни юборган шахсларни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади. Мазкур тизим ҳақида махсус ролик тайёрланиб, МТРК каналлари орқали эфирга узатилди.

Рақамлаштириш ва кадастрни юритиш бошқармаси томонидан Табиий яйловлар ва пичанзорлар ўсимликлари бўйича жами 3,780 млн га майдонда геоботаник тадқиқотлар олиб борилиб, кадастр маълумотлар базасига умумлаштирилди.

Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини мониторинг қилишда фойдаланиш учун СМАРТ мониторинг дастурий иловаси ишлаб чиқилиб, иш фаолиятига тадбиқ этилди.

Атроф-муҳит ифлосланишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш йўналишида 717 та корхоналарда 3446 та ифлослантириш манбаларида мониторинг ишлари олиб борилди.

Қўмита тизимидаги таҳлилий лабораторияларнинг моддий-техник базасини такомиллаштириш мақсадида Давлат бюджетининг 19,5 млрд сўм маблағлари ҳисобидан 20 турдаги 162 та лаборатория ўлчов-назорат асбоб ускуналари, 33 та лаборатория мебеллар ва идишлар тўпламини харид қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда 12,28 млрд сўмлик 15 турдаги 126 та ўлчов-назорат асбоб-ускуналари харид қилинди, ҳудудий лабораториялар 1,896 млрд сўмлик лаборатория мебеллари (3 тўпламдан) ва 1,132 млрд сўмлик (3 та тўплам - 16632-дона) лаборатория идишлари тўплами билан таъминланди.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтириш ва моддий техник базасини ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 16 февралдаги ПҚ – 131-сон қарорига мувофиқ Навоий вилоятида умумий майдони 1,2 млн га бўлган “Марказий Қизилқум” миллий табиат боғи ва 40,0 минг га бўлган “Оқтоғ-Томди” давлат қўриқхонаси ташкил этилди.

Бугунги кунда республикадаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг умумий майдони 6,042 млн гектарга етиб, мамлакат ҳудудининг 13,46 фоизини ташкил этди.

Соҳада ҳалқаро алоқаларни кенгайтириш ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ташкилотлар билан 30 дан ортиқ учрашувлар ўтказилди. Халқаро ташкилотлар билан ташкил этилган 5 та семинар-тренингларда қўмита мутахассисалрининг иштироки таъминланди.

Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий тадқиқот институти томонидан республикадаги корхоналар билан 9 та хўжалик шартномалари бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Институт томонидан 21 та монография, хорижий, маҳаллий нашрлар ва патентлар нашр қилинди. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигидан 3 та гувоҳнома олинди. Маҳаллий ВАК тасарруфидаги журналларда 8 та мақолалар, Халқаро ва маҳаллий конференцияларда 5 та тезислар чоп этилди.

Report Page