Давлат экологик назорат тадбирлари давомида 45 300 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, табиатга етказилган зарар учун 40 млрд. сўм маъмурий жарима тайинланди

Давлат экологик назорат тадбирлари давомида 45 300 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, табиатга етказилган зарар учун 40 млрд. сўм маъмурий жарима тайинланди

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекция бошлиғи Адҳам Қурбонов маълум қилди:

https://t.me/aokamediakontent

✔️ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Табиат ресурслари вазирлиги томонидан соҳада экологик назорат ишларини тўғри ва самарали ташкил этиш, экологик ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш ва аниқланган ҳолатлар юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда қатъий чоралар кўриш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ушбу йўналишдаги ишларни тизимли йўлга қўйиш ва амалга ошириш вазифаси вазирликнинг Экологик назорат инспекциясига юклатилган.

Инспекциянинг 2022 йил давомидаги фаолиятига давомида ҳудудларда табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши бўйича жисмоний ва юридик шахслар ўртасида 77 мингдан ортиқ профилактик тадбирлар ўтказилди.

Ўтказилган давлат экологик назорат тадбирлари давомида 45 300 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, ҳуқуқбузарларга жами 40,0 млрд.сўм маъмурий жарима ва табиатга етказилган зарар суммалари ҳисобланди.

1409 та ҳолат бўйича 5,8 млрд.сўм жарима ва табиатга етказилган зарарларни ундириш ва қонуний чора кўриш юзасидан материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига киритилди. 36 та ҳолат бўйича жиноят иши очилган.

Ҳуқуқбузарлардан 300 дан ортиқ ҳайвонот дунёси объектлари, 6442 кг доривор, техник ва озуқабоп ўсимликлар, 2433 кг балиқ маҳсулотлари, 550 дан зиёд инвентарлар белгиланган тартибда олиб қўйилди.

Олиб қўйилган ҳайвонлар табиат бағрига қайтарилиб, ўтин ва балиқ маҳсулотлари кам таъминланган оилалар ва Меҳрибонлик уйларига топширилди.

446 та хўжалик юритувчи субъектларда давлат экологик назорати тартибида текширишлар ўтказилди.

Текширишлар натижасида 379 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 437,8 млн.сўм жарима суммаси қўлланилган. Атроф-муҳитни ифлослантирганлиги учун 50,2 млрд.сўм қўшимча компенсация тўловлари ҳисобланди.

Экологик талабларга риоя этмаган 24 та корхона фаолияти суд қарори билан камчиликлар бартараф этилгунга қадар вақтинча тўхтатилди. Текширув натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан хўжалик юритувчи субъектларга 1 797 та мажбурий кўрсатма ва тавсиялар берилиб, профилактика ишлари олиб борилди.

“Айдар-Арнасой” кўллар тизимининг “Арнасой” сув омбори ҳудудида балиқ овлашга бир йил муддатга мораторий эълон қилинганлиги муносабати билан балиқ овлаш қатъиян тақиқланган. Ушбу кўллар тизимида мунтазам равишда ноқонуний балиқ овлаш, ташиш ва сотиш ҳолатларини олдини олиш бўйича рейд тадбирлари ташкил этилган.  Мазкур кўллар тизими ва уларга туташ бўлган ҳудудларда жами 427 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан жами 445 млн.сўм миқдордаги жарима ва зарар белгиланиб, тегишли орган томонидан 3 та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия билан ҳамкорликда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик талаблари ижроси сўзсиз таъминланишини назорат қилиш ва қўшма профилактик тадбирларни ўтказиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги ПФ-46-сонли Фармонига асосан “Экологик патруль” гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилди.

Жойларда жами 270 нафар ходимлардан иборат 90 та гуруҳ ташкил этилиб, барча туман ва шаҳарлар тўлиқ қамраб олинди.

Тошкент шаҳрида 10 та, Тошкент вилоятида 8 та, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 6 тадан гуруҳ фаолияти йўлга қўйилди.

Гуруҳлар томонидан экология соҳасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши 25 701 та тезкор-қидирув ва мақсадли рейдлар ўтказиш натижасида 26 117 та қонун бузилиш ҳолатлари (шундан, 116 таси браконьерлик ҳолати) аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан жами 9 млрд 471 млн сўм миқдордаги жарима жазоси белгиланди ҳамда 7 та ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Ҳуқуқбузарлардан 4 та ўқотар қурол, 280 та тақиқланган ашёлар, 1 та автотранспорт, 31 та қайиқлар, 5 357 кг балиқ ва 231 кг ҳайвон маҳсулотлари ҳамда 1425 дона кесилган дарахтлар белгиланган тартибда далилий ашё сифатида олинди.

Ҳудудларда ноқонуний тарзда дарахт ва буталарни кесиш, шунингдек, уларга шикаст етказиш билан боғлиқ 4 673 та хуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, 7 млрд.сўмдан зиёд жарима ҳамда 10 мдлр.сўмдан зиёд табиатга етказилган зарар ҳисобланган. Бу кўрсаткичларнинг аксарият қисми, асосан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд ҳамда Тошкент вилоятлари ҳисобига тўғри келмоқда.

Инспекция томонидан ўтган 2022 йилдаги фаолият сарҳисоб қилинган ҳолда янги 2023 йил учун бажариладиган ишлар режаси ишлаб чиқилган.

Унга мувофиқ, Инспекция назорат тадбирлари кўламини кенгайтириб, ўрмон фонди ерларида, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ҳамда табиий сув ҳавзаларида экологик назоратларни кучайтириш ва брокоънерликка қарши курашиш, атроф-муҳитни меъёридан ортиқ ифлослантираётган корхоналар фаолияти бўйича назорат ишлари амалга оширилади.

Давлат экологик назоратини амалга оширишда жамоатчилик назорати жорий этилиб, унинг рағбатлантириш механизми ҳам ишга туширилади.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда инспекторларнинг иш самарадорлигини ошириш мақсадида “Смарт патрул” тизими кенг жорий этилади.

Маъмурий ишларни кўриб чиқишда қоғоз билан ишлашдан воз кечилиб, тўлиқ махсус планшетларда амалга ошириш тизимига ўтилади.

Шу ўринда юртдошларимиздан табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишларини, табиатни муҳофаза қилишда ҳамкорликда  фаол жамоатчи сифатида кўмакдош бўлиб, экологик қонунбузилишлар юзасидан ўз вақтида Табиат ресурслари вазирлигининг қисқа ишонч рақами (1157)га мурожаат қилишларини сўраб қоламиз.

Report Page