Давлат дастурининг мазмун-моҳияти тушунтирилди
Маълумки, жорий йилнинг 2 март куни «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги Ўзбекистон Президенти Фармони имзоланди.
Шу муносабат билан Ангрен шаҳри 10-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида шаҳар ҳокимлиги, Халқ таълими бўлими, Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда тадбир ўтказилди.
Унда шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги умумтаълим мактаблари директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, ёшлар етакчилари вп психологлар иштирок этишди.
Йиғилишни Маънавият ва маърифат маркази раҳбари А.Юсупов олиб борди ва Давлат дастурининг таълим соҳаси, маънавий-маърифий йўналишлардаги ўрни ва моҳияти тўғрисида сўз юритди.
Йиғилишда шаҳар ҳокимининг ўринбосари С.Анарбаев ҳам сўзга чиқди. Давлат дастурининг мазмуни, жамиятда маънавиятнинг ўрнига алоҳида урғу берди.
Таъкидланганидек, бу йилги давлат дастури 284та банддан иборат.
Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотини мунтазам эшитиш тартиби жорий қилинмоқда.
2020 йил 1 майга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлисига ҳисоб берадиган коррупцияга қарши курашиш буйича мустақил органни тузиш ишлари якунига етказилади.
Бундан ташқари, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан:
«Рақамли Ўзбекистон - 2030» дастури лойиҳаси ишлаб чиқилади;
«Электрон ҳукумат» тизими такомиллаштирилади;
маҳаллий IT-технологиялари бозори салоҳияти оширилади;
2020 йил охирига қадар 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизимини жорий қилган ҳолда мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 60 фоизга етказилади.
2020/2021 ўқув йилидан ўрта таълим мактаблари ўқитувчиларининг юкламаси мақбуллаштирилади ва олий таълим муассасаларида асосий мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар 2 баравар қисқартирилади.
2020 йил 1 сентябрдан мактабларда болаларни электрон ўқитиш бўйича тажриба тариқасидаги ахборот тизимлари (электрон дарслик ва кундаликлар) қоғоз ҳужжатларни бекор қилган ҳолда жорий этилади.
2020/2021 ўқув йилидан:
олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари босқичма-босқич икки баравар оширилади (22 696 тадан 45 392 тага);
талабаларга ўқув йили давомида тенг улушда камида 4 маротаба ўқиш учун пул тўлаш имконияти тақдим этилади;
Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент давлат педагогика университети ва Тошкент давлат юридик университетида тажриба тариқасида масофавий ўқитиш шакли жорий этилади.
Йиғилишда кун тартибидаги кейинги масала - умумтаълим мактабларида маънавий-маърифий ишларини янада жонлантириш, айниқса, ёш авлоднинг маънавий тарбиясига алоҳида ва мунтазам эътибор қаратиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, йиғилиш давомида вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олишда маънавий-маърифий ишларни кучайтириш, ноқобил оила муҳити, ноқобил фарзанд ҳолати билан яқиндан танишиш, таълим тизими самарадорлигини ошириш каби вазифаларга ҳам тўхталдилар.
Йиғилишда иштирок этган умумтаълим мактабларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарларига маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш кераклиги қайд этилди.
- Маънавий-маърифий ишлар фақат анъанавий тарғибот-ташвиқот тадбирларидан иборат бўлмай, аниқ мақсадга йўналтирилган ижтимоий лойиҳалар ҳам амалга оширилгани билан аҳамиятли бўлади, – дейди шаҳар ҳокимининг ўринбосари С.Анарбаев.
Ҳақиқатан ҳам маънавий тарбия соҳасида ишнинг самарасини фақат ўтказилган тадбирлар, унда иштирок этганлар сони билангина ўлчанмайди.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бугунги ёшлар бундан 20 йил аввалги авлод эмас. Ҳозир ҳаммасининг қўл телефони интернетга уланган. Улар баъзи мавзуларда катталарга қараганда кўпроқ маълумотга эга. Шу боис, маърифий ишларнинг натижадорлигини ошириш лозим.
Маънавий-маърифий, тарбиявий ишларга, тадбирларга жалб қилинадиган маърузачилар асосан мутахассислардан иборат бўлиши лозим. Ҳар замонда бир марта ўтказиладиган тадбирлар эмас, мунтазам йўлга қўйилган тизим кўпроқ самара беради.
Тўғри, давр ўзгарди. Бироқ, ҳар ким истаган ахборотни истаган манбадан олаётган бир пайтда ёшларнинг адашиб қолмаслиги учун ҳам маънавият маскани, маърифат, кутубхона каби муассасаларга эҳтиёж янада ортди. Чунки ахборот, маълумот олиш осон, аммо уни қандай қабул қилиш инсоннинг маърифати, маънавиятига боғлиқ. Бу эса, маданият, маънавият муассасалари орқали сингдирилади. Уни сингдиришда теран фикр, ўткир мушоҳада, эътибор ва масъулият керак бўлади.
Ангрен шаҳрида Халқ таълими тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги учун маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари мавжуд муаммолар, айрим камчиликлар тўғрисида гапирдилар. Уларни бартараф этиш юзасидан масъуллар тегишли тавсиялар, таклифлар бердилар.
Ангрен шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати