Давлат қимматли қоғозларини норезидентлар томонидан сотиб олиниши учун ҳуқуқий асос яратилди

Давлат қимматли қоғозларини норезидентлар томонидан сотиб олиниши учун ҳуқуқий асос яратилди

MoliyaPress

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрелдаги ПФ-6207-сон “Капитал бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21-февралдаги  “Ўзбекистон Республикасининг давлат ғазначилик мажбуриятлари ва облигацияларини муомалага чиқаришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 14 декабрдаги 1016-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги 82-сонли Қарори тасдиқланди.

Ушбу қарорга мувофиқ давлат қимматли қоғозларини (кейинги ўринларда –ДҚҚ) Ўзбекистон Республикаси резидентлари (шу жумладан, жисмоний шахслар) ва норезидентлари сотиб олишлари мумкинлиги белгиланмоқда. Шу вақтга қадар, ДҚҚни жисмоний шахслар ва норезидентлар ўртасида жойлаштирилиши назарда тутилмаган эди.

Қайд этиш жоизки, Молия вазирлиги томонидан давлат қарзи портфелини диверсификациялаш ва валюта хатарларини пасайтириш мақсадида ДҚҚ чиқариш ҳажмини ошириш ва иккиламчи бозорни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда.  

  Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан 2018 йилда 3 та аукционда 597,1 млдр.сўм, 2019 йилда 15 та аукционда 1 550 млдр.сўм, 2020 йилда 22 та аукционда 5 024 млдр.сўм ва 2021 йилда 64 та аукционда 4 866,3 млрд.сўм (соф 4 144,4 млдр.сўм) Давлат қимматли қоғозлари жойлаштирилди.

  Ўзбекистон Республикасининг “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунида 2022 йил учун Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 6,0 трлн. сўм миқдорида белгиланди.

       ДҚҚ бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари доирасида 2021 йилда илк маротаба 5 йиллик ДҚҚ (100 млрд. сўм ҳажмда 14% йиллик купон тўлови билан) ва 2022 йилда 10 йиллик ДҚҚ (10 млрд. сўм ҳажмда 15% йиллик купон тўлови билан) муомалага чиқарилди.

       ДҚҚ чиқариш графигини олдиндан эълон қилиш амалиёти жорий этилди ва шу графикка асосан аукционлар ҳар ҳафта сешанба кунининг биринчи ярмида ўтказиб келинмоқда.

2018-2022 йилларда жойлаштирилган давлат қимматли қоғозлари ҳажми

Шу билан бирга, мазкур қарорга мувофиқ:

       - ДҚҚ бозорида дилер функцияларини бажариш учун бирламчи ва иккиламчи дилерлик тушунчалари киритилмоқда;

       -  инфляцияга боғланган ДҚҚни чиқариш имконияти яратилмоқда;

       - даромадлилик ва фоизларни ҳисоблашда Халқаро капитал бозорлари халқаро ассоциацияси (ICMA) томонидан қўлланиладиган формулалардан фойдаланиш мумкинлиги белгиланмоқда;

       - аукцион натижалари бўйича ҳисоб-китоблар Т+0, Т+1 ва Т+2 халқаро стандартлари асосида амалга оширилиши белгилаб берилмоқда;

       - халқаро идентификация кодларини (ISIN) бериш орқали ДҚҚни чиқариш имконияти яратилмоқда;

       - ДҚҚ бўйича фоиз тўловларини тўлаш халқаро стандартларга мос ҳар олти ойда амaлга оширилиши белгиланмоқда;

       - ДҚҚ бозоридаги операциялар тўғрисидаги ахборотлар (аукцион ўтказиш бўйича эълонлар, аукцион натижалари ва инвесторлар учун зарурий маълумотлар) мунтазам равишда Молия вазирлиги, Марказий банк ва ЎзРВБнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши белгилаб қўйилмоқда.

        Киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар ДҚҚ бозорини халқаро стандартларга мослаштириб, уни самарали бошқариш ҳамда халқаро инвесторларни ички молия бозорига жалб қилишга хизмат қилади.


Молия вазирлиги

Ахборот хизмати

Report Page