“Дарвеши”да 90 ўринли, “Сорғун”да 120 ўринли боғчалар болажонлар ихтиёрига топширилди

“Дарвеши”да 90 ўринли, “Сорғун”да 120 ўринли боғчалар болажонлар ихтиёрига топширилди

Buxoro.uz

Эътиборга молик далил: 2020 йилгача Жондор туманида фаолият кўрсатаётган давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони 60 тадан ошмаган бўлса, бугунга келиб улар сони 110 тага етказилди. Ёки айни кунда туман бўйича мактабгача таълим ёшидаги 14 минг 350 нафар боланинг 8 минг 654 нафари, яъни 60,3 фоизи мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган.

Туманнинг “Дарвеши” маҳалла фуқаролар йиғини Ўрикзор қишлоғида ҳам шу кунгача болалар муассасаси бўлмагани кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётганди. Ана шу кемтиклик ўрни бугунга келиб тўлдирилди ва аҳоли талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда қуриб фойдаланишга топширилган 29-сонли мактабгача таълим ташкилоти 90 нафар жажжи болажонни ўз бағрига олмоқда. Икки қаватли ва замонавий услубда барпо қилинган муассаса қиймати 2 миллиард 343 миллион сўмга молиялаштирилган бўлиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари С.Умаров раҳбарлик қилаётган “Умарбобо” МЧЖ томонидан амалга оширилди. Муҳими, унда болажонлар савод чиқаришлари, ўйнаб завқ-шавққа тўлишлари, жисмонан чиниқиб, ҳар куни тўйимли ва дармондорига бой таомлардан баҳраманд бўлишлари учун барча шарт-шароит ҳозирланган.

Худди шундай, Когон тумани “Сорғун” МФЙда маҳаллий бинокорлар “Шавкат Мўмин” МЧЖ жамоаси томонидан умумий қиймати 2 миллиард 951 миллион сўм маблағ эвазига қуриб фойдаланишга топширилган 10-сонли мактабгача таълим ташкилоти болажонлар учун ўзига хос армуғон бўлди.

Мазкур замонавий болалар боғчаси 120 нафар болажонни ўз бағрига олмоқда. Эътиборли жиҳати, унда ишлашга қабул қилинган 31 нафар мутахассис ва ишчи ходимлар маҳаллий аҳоли орасидан уйда ўтириб қолган ишсизлар, ижтимоий муҳофазага муҳтож хотин-қизлар орасидан танланган. Жумладан, “Ёшлар дафтари” ҳамда “Aёллар дафтари”да рўйхатда турган Анора Рўзиева, Шаҳруза Турсунова,  Меҳринисо Aшурова, Ҳикоят Ўктамова, Шаҳноза Каромова, Озода Худойқулова, Мавжуда Умедовалар лаёқатига қараб ишга олинган. Бунда педагог тарбиячиларнинг 5 нафари олий маълумотли, 6 нафари тугалланмаган олий маълумотли мутахассисларлар.

Ушбу мактабгача таълим ташкилотларини фойдаланишга топшириш тадбирларида туманлар мутасаддилари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари ва ота-оналар иштирок этиб, барчани шундай шинам ва замонавий иншоотлар, янги имконият ва қулайликлар, эртамиз эгаларига яратилган шарт-шароит билан муборакбод этдилар.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page