ДУКЧИ ЭШОН ТЎҒРИСИДА ҲАҚИҚАТГА ЗИД   ДАЪВОЛАР

ДУКЧИ ЭШОН ТЎҒРИСИДА ҲАҚИҚАТГА ЗИД   ДАЪВОЛАР


Глобаллашув жараёни янада чуқурлашиб бораётган ҳозирги шароитда миллий ўзликни англаш, ҳақиқий тарихимизни тиклаш зарурияти ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Айниқса юртимиздаги миллий озодлик ҳаракатлари тарихини ўрганиш, уларнинг йўлбошчилари фаолиятини кенг ёритиш, ўсиб келаётган ҳозирги авлод онгу шуурига сингдириб бориш долзарб вазифалардандир. “Hurriyat” газетасининг шу йил 2 июнь кунги 21-сонида эълон қилинган ва ижтимоий тармоқлардаги айрим саҳифалар орқали тарқатилган “Дукчи Эшон: Тарих ва ҳақиқат ёхуд тунни ёритган чақмоқ” сарлавҳали мақолаайни шу мавзуга бағишланган.

Мақолада1898 йилги Андижон қўзғолони етакчиси Муҳаммадали эшон Собир Халфа ўғли – Дукчи Эшон қисматига оид янгилик сифатидабу қўзғолон бостирилгач, асирга тушган исёнчилар қатори Дукчи Эшон осиб ўлдирилмагани, аксинча, исён кўтарилган 17 май куни ярим тунда синглиси Шакаройимнинг уйига оқ от миниб кириб келгани, “Шакаройим хонадонидаги “туя сандиқ”нинг орқа тахталари олиб ташланиб, унинг ичига Муҳаммадали Эшонни кўрпага ўраб беркитганлар(и) ва икки-уч кун сақлаганлар”и, “сўнгра 3 – 4 отлиқ кишилар келиб, Олой орқали Қошғарга... олиб кетишган”и баён қилинган. Мақолада таъкидланишича, эшон Қашғарда 6 – 7 йил яшаб, кейин у ердан Помир тоғлари оша Жилғатол орқали Тавилдара қишлоғига келган, 1933 йил 25 ноябргача шу қишлоқда яшаб, 78 ёшида вафот этган. 1898 йил 12 июнда Андижонда эшон ўрнига “унинг андижонлик муриди, энг яқин мирзоси” дорга осилган деган фикрни асослашга уринганлар. 

Тарихий воқеа ҳақида илгари сурилган бундай фикрлар, аввало, архив ҳужжатларига, далилий ашёларга мурожаат қилишга ундайди. Ана шундайҳужжатлардан бири Туркистон ҳарбий округи қўшинлари бўйича 1898 йил 9 июнда чиқарилган 186-сон буйруқ («История Андижана в документах и материалах (1876-1917гг.)» - А., 2009 й. 354-355 б.) бўлиб, унда: туб жойликлар: 1) мингтепалик эшон Муҳаммад Али Халфа Муҳаммад Собир ўғли, 2) собиқ Кулла волости бошқарувчиси Мулла Ғойибназар Ортиқхўжа ўғли, 3) Субҳонқул Араббоев, 4) Рустамбек Сотиболдибек ўғли, 5) Мирзаҳамдам Усмонов ва 6) Боботой Ғойнабоев Жиноий ва ахлоқ тузатиш жазолари тўғрисидаги Низомнинг 249-моддасида кўзда тутилган жиноятни содир этгани учун округ қўшинлари қўмондони, генерал-лейтенант Духовской томонидан Туркистон ҳарбий округи судига берилаётгани айтилган.Ўзбекистон Республикаси Миллий давлат архивининг Ф-И 1 фонди (оп 31, д 78. Л 35)да сақланаётган ҳужжатда юқорида номлари зикр этилган кишилар Муваққат ҳарбий суд томонидан айбдор деб топилгани ва дорга осиб ўлдиришга ҳукм этилгани, ҳукм 12 июнь куни кундузи соат 12 ½ даижро этилгани, эшон шахси ҳақиқийлигини тасдиқлаш учун маҳаллий аҳолига қатл вақтида ҳозир бўлиш буюрилгани кўрсатилган.

 “Туркестанские ведомости” газетасининг 1898 йил 2 (14) июль сонида босилган “Казнь ишана и его главных сообщников” сарлавҳали материалда ҳам эшон ва унинг маслакдошлари қатл қилиниши жараёни айнан юқоридагидек тасвирланган. “Hurriyat”даги мақолада тилга олинган Фозилбек Отабек ўғли воқеа иштирокчиси сифатида ўзининг “Дукчи Эшон воқеаси” асаридаАндижон қўзғолони билан боғлиқ воқеаларни, жумладан қатл жараёнини анча батафсил ёритган.

“Ўзбекистон миллий энциклопедияси”нинг 1-жилдида Дукчи Эшон ва унинг сафдошлари тақдири ҳақида шундай маълумот берилган:“...қўзғолон раҳбари Муҳаммадали Эшон ва унинг яқин маслакдошларидан 5 нафари 1898 йил 12 июнда Андижон шаҳри марказида бутун водий жамоатчилигининг 8 мингга яқин вакили кўз ўнгида осиб ўлдирилди” (Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 1-жилд. Т., 2000. 339-340-бетлар). Умуман, 1898 йилгиАндижон қўзғолони ва унинг етакчилари тақдириМусо Туркистонийнинг 1979 йилда Саудия Арабистонида чоп этилган “Буюк Туркистон фожиаси”

(https://e-tarix.uz/milliyat-insholari/191-ulug-turkiston-fojeasi.html)А.Эгам- назаровнинг “Сиз билган Дукчи Эшон” (Т., “Шарқ”. 1994), Ҳ.Зиёевнинг “Туркистонда Россия тажовузи ва ҳукмронлигига қарши кураш” (Т., “Шарқ”. 1998), С.Жалиловнинг “Салтанатни титратган кунлар” (Т., “Фан”, 1998),Ҳ.Содиқов, Р.Шамсутдинов ва П.Равшановнинг “Ўзбекистоннинг янги тарихи. Биринчи китоб (Туркистон чор Россияси мустамлакачилиги даврида)” (Т., “Шарқ”, 2000),Б.М.Бобожоновнинг “Манакиб-и Дукчи Ишан (Аноним жития Дукчи Ишана – предводителя Андижанского восстания 1898 года)” (Ташкент-Берн-Алматы, 2004,стр. 393), “Андижон тарихидан лавҳалар” (А., “Andijon nashriyot matbaa” ОАЖ, 2008),Р.Шамсутдинов ва А.Исҳоқовнинг “Андижон тарихидан лавҳалар” (Т., “Шарқ”, 2013) китобларида, Р.Шамсутдинов ва Х.Мўминовнинг “O’zbekiston tarixi”дарслиги (T., “Akademnashr”, 2019.299-303-бетлар)да ва бошқа манбалардаатрофлича ёритилган. Бу ҳамда бошқа китобларда ушбу мавзуюқоридаги каби тегишли архив ҳужжатларига, тарихий манбаларга, воқеа иштирокчилари ҳамда гувоҳларининг, жумладан, Фозилбек Отабек ўғлининг маълумотларига асосланган ҳолда тақдим этилган.

Мақолада тилга олинган тарих фанлари доктори, профессор Рустамбек Шамсутдинов ва бошқа муаллифларнинг “Қатағон қурбонлари. Хотира китоби. Андижон вилояти (1865–1991 йиллар) (1–2 қисмлар)” (Т., “Akademnashr”, 2021) китобидан келтирилган иқтибосаслида “Туркестанские ведомости” газетасининг 1898 йил 2 (14) июль сонида босилган материалдан келтирилган бўлиб, бу ҳақда китобнинг 20-саҳифаси остида ҳавола берилган. Ўрни келганда айтиш жоизки, Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси З.Машрабов бошқа бир расмий ташкилотга йўллаган хатида мазкур китобнинг 1-қисмидаги маълумотларни, яъни бутун бир 47 босма тобоқдан иборат китобдаги маълумотларни гўё “тасдиқланмагани”ни айтиб ўтган. Ҳолбуки, бу китобга киритилган барча маълумотлар, жумладан, 1898 йилги Андижон қўзғолонига доир маълумотлар асосан Ўзбекистон Республикаси Миллий давлат архиви фондларида сақланаётган материалларга, юқоридаги каби кўплаб манбаларга таянган ҳолда нашрга тайёрланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5598-сонли фармойиши ижроси доирасида республика вилоятлари ўртасида биринчи бўлиб чоп этилган.

“Hurriyat” газетасида эълон қилинган мақоладаги Дукчи Эшоннинг 1898 йилги ғазовотдан кейин омон қолгани, Тавилдарада яшаб, 1933 йили вафот этгани, унинг авлодлари ҳозир ўша жойда яшаб келаётгани ҳақидаги ҳикоя эса фақат оғзаки маълумотларга асосланган холос. Тавилдарада яшаб ўтган киши ҳақиқатан ҳам мингтепалик Дукчи Эшон эканлигини тасдиқловчи бирон-бир ҳужжат, далил-исбот тақдим этилмаган.Ушбу эртакнинг ўзи жуда мунозарали ва у билан танишган ҳар қандай кишида кўплаб саволлар туғилади.

Фозилбек Отабек ўғлининг “Дукчи Эшон воқеаси” асаридан олинган қуйидаги сатрларга эътибор қаратайлик: “Эшон ушланиб, ниҳоят ҳақорат ва таҳқир билан бир қора аравага боғланиб, эски шаҳардан ўтган вақтда ҳамма халқни мажбурий кўчага турғузиб қўйдилар. Солдат ва амалдорлар аравани ўртаға олиб, секин-секин юрғизиб, ҳар жойда 5 – 10 минут тўхтаб: “Йикчи эшон шу одамми? Таниғон одамлар бўлсалар айтсунлар!” деб фуқародан сўрар эди. Эшонни кўрган ҳар ким ерга қарайдир, эшонга қарамайдир. Чунки эшон таниб сўрашиб қолмасун, деб қўрқадир. Ўша йилда эшонни бориб кўрмағон одам Андижонда кам қолғон эди. Балки ҳамма кўрган деса бўлур эди. Золим тўралардан қўрқуб, ҳеч ким эшонни танимайди...” (Таъкид бизники – муалл.)(Т., “Чўлпон”, 1992. 41-б.). Бу парчадан шуни англаш мумкинки, чор маъмурлари Дукчи Эшонни Андижонда ҳам кўпчилик яхши танишини билишган. Йўқса, эшон яшаган қишлоқдан уни таниши аниқ бўлган беш-ўнта кишини Андижонга олиб келиш улар учун катта қийинчилик туғдирмас эди, албатта. 

Газета мақоласини ўқиган одамда, бизнингча,қуйидагича саволлар туғилиши табиий: “Помир тоғлари оша” келган киши Тавилдарада қандай исму шариф билан, қандай ҳужжат асосида истиқомат қилган? Унинг ҳақиқатда Дукчи Эшон эканлигини тасдиқлаши мумкин бўлган, у ўз қўли билан ёзган бирон-бир хат-мактуб, муҳри босилган ҳужжат йўқми? (Ахир тарихда сохта подшолар, шоҳлар, саркардалар бўлган-ку!).

Дукчи Эшон Тавилдарада 1933 йилгача яшаган бўлса, 1898 йилги ғазовотдан сўнг, Мингтепада қолган қариндошларининг, бир нечта хотинидан кўрган фарзандларининг тақдири қандай кечгани билан қизиқмаганми? Айниқса замонлар ўзгариб, ҳокимият тепасига советлар келгандан кейин ҳам улар билан алоқа боғлашга уринмаганми? Тавилдарада янги оила қуриб, индамай яшаб юраверганми? Чоризм истибдодига қарши курашишни бутунлай тарк этганми? (У ҳолда ўз жонини сақлаб қолишдан муддао нима эди?).

Яна бир савол: Дукчи Эшон жонини сақлаш учун ўзининг ўрнига бошқа кишининг муқаррар ўлимга боришига рози бўла олармиди? Бизнингча, унинг динудиёнати, маънавияти, исломий билими бунга йўл қўймас эди. Чунки Муҳаммад Али Халфа Муҳаммад Собир ўғли 30 поралик Қуръони каримнинг, ислом таълимотининг мазмун-моҳиятини чуқур англаган, довруғи ўзи яшаган ҳудудлардан чиқиб, олис-олисларга етган йирик ислом уламоси, ўта тақводор мусулмон бўлган.Мабодо чиндан ҳам эшоннинг қиёфадоши бўлиб, унинг ўрнига ўзини чор маъмурларига тутиб берган тақдирда ҳам эшондай инсон охиратни ўйлаб, ҳақиқатни ошкор этиб, эҳтимол, бир неча ноҳақ ҳибсга олинганларни озод этиш шартини ўртага қўйиб, дор остига ўзи дадил борган бўларди.Буни Дукчи Эшон қўлга олингандан кейин уни сўроқ қилган ҳарбий терговчининг: “Нега ўз яқинларингиз яшайдиган жойларга эмас, кимсасиз тоққа қочдингиз?” деган саволига: “Мен қаерга бориб, кимнинг хонадонида тўхтасам, ўша хонадон эгаларини ҳибсга олишларингизни билардим, шунинг учун одамсиз тоққа қочишни маъқул топдим” (А.Эгамназаров, “Сиз билган Дукчи Эшон” – Т., “Шарқ”. 1994, 25-бет), деб берган жавоби ҳам тасдиқлайди.

А.Эгамназаров шу асарида ёзишича, терговчилар иложи борича кўпроқ маълумотга эга бўлиш учун уни жуда қаттиқ уришган. У эса тергов бошида асосий даъволарини қисқа баён қилгач, ортиқча ҳеч бир гап айтмаган, шерикларини ҳам сотмаган, аксарият ҳолларда айбни ўз бўйнига олиб, бошқаларни ҳимоя қилган. Калтаклашган пайтларида бирон марта ҳам оҳ-воҳ чекмай калимаий шаҳодатни (“Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадар расулуллоҳ...”) такрорлайверган. Метин иродали инсоннинг бу мардона хатти-ҳаракатлари тергов баённомаларида ўз аксини топган.    

Шунингдек, Советларнинг ҳамма жойда саноқсиз “агент”лари бўлган “ВЧК”–“ЧК”–“ОГПУ”–“ГПУ”–“НКВД” каби куч ишлатиш органлари Тавилдарада Андижон қўзғолони раҳбари Дукчи Эшон яшаётганидан у оламдан ўтиб кетгунча ва ундан кейин ҳам бехабар бўлганига ишониш қийин.

Тарихий манбаларда қўзғолон етарли тайёргарликсиз, пухта ишлаб чиқилган режасиз бошлангани қайд этилган. Бу шароитда Муҳаммад Али эшонда ўзига қиёфадош топиб, уни ўзининг ролига ҳеч кимда шубҳа уйғотмайдиган даражада тайёрлаши учун фурсат бўлгани ҳам ишонарли эмас.

Мақолада:“...қўзғолонга Андижон губернияси, Избос­кан кентимаркази, яъни пойтуғлик Эшон Султонхон Тўранинг муриди мингтепалик “Дукчи Эшон” номи билан машҳур бўлган 42 ёшли Муҳаммад Али Эшон уста Собир ўғли бошчилик қилди”, деб қайд этилган. Ҳолбуки,чор Россияси мустамлакачилиги даврида Туркистон генерал-губернаторлигитаркибида 5 та област ва битта бўлиммавжуд бўлган эди. Андижон шаҳри ва уезди Фарғона области таркибида бўлган (Андижон ҳеч қачон губерния деб аталмаган). Ўша пайтда Избоскан “кент” эмас, Андижон уездидаги волост ҳисобланган.

Шунингдек, мақолада: “...Қўзғолон ваҳшийларча бостирилгач, ҳаммаси бўлиб, 8 нафар одам дорга осилган”, деганмаълумот ҳам нотўғри. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”нинг 1-жилди (340-бет)да қўзғолончилардан 18 нафари осиб ўлдиришга ҳукм қилингани, 344 нафари 4 йилдан 20 йил муддатга, 3 нафари умрбод каторгага, 8 нафари турли муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилингани архив ҳужжатлари асосида қайд этилган.

Мақолада Муҳаммад Али Халфа Муҳаммад Собир ўғли икки ўринда “жадидчилик ҳаракатининг улкан намояндаларидан бири”, “улуғ жадидчи бобомиз”, деган иборалар ишлатилган. Муаллифлар даъво қилаётганидек Дукчи Эшон жадидчилик ҳаракатига мансуб эмас эди. Бироқ улар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлида” асаридан келтирилган мана бу иқтибос маъносини нотўғри тушунишган: “Жадидчилик ҳаракатининг улкан фаолларидан бири Сулаймон Келчикбоев(аслида – Келгинбоев - муалл), Дукчи Эшон сингари юзлаб халқ фарзандлари миллий маданият ривожи ва миллий озодлик учун курашдилар” (Тошкент, “Ўзбекистон”. 1998. 6-бет).

Шунингдек, мақолада:“...Андижон қўзғолони бўйича кўп­лаб тадқиқотлар олиб борган ва бу ҳақда бир неча китоблар чоп этган тарих фанлари доктори, профессор Рустамбек Шамсутдинов раҳбарлигидаги “Мерос” халқаро илмий-амалий экспедицияси жамоат фонди ҳам етарлича эътибор қаратмаган­ликлари боис, Дукчи Эшоннинг осилмаганлиги, балки Тожикис­тонда яшаб ўтганлиги ҳақидаги янги маълумот вақтлироқ ўрганилмади”, деб таассуф билдирилган.Бироқ бу фикрга ҳам қўшилиб бўлмайди. Чунки 1898 йилги Андижон қўзғолони ва Дукчи Эшон фаолияти мавзуси Р.Т.Шамсутдиновнинг ўтган асрнинг 80-йилларидан буён илмий-педагогик фаолиятидамуҳим илмий йўналишлардан биридир.

Андижон қўзғолонининг 90 йиллиги муносабати билан 1988 йилда Марҳамат туманида ўтказилган илмий-амалий конференцияда “В.И.Ленин Андижон қўзғолони тўғрисида”ги маърузаси, қўзғолоннинг 100 йиллиги муносабати билан вақтли матбуот нашрларида эълон қилган бир қатор мақолалари, шу санага бағишлаб 1998 йилда профессор Р.Шамсутдинов ташаббуси билан Андижон давлат университетида ташкил этилган республика илмий конференцияси, юқорида кўрсатиб ўтилган китобларидан ташқари унинг раҳбарлигида ва шогирдлари билан ҳамкорликда нашрдан чиқарганикки жилдли «ИСТОРИЯ АНДИЖАНА В ДОКУМЕНТАХ И МАТЕРИАЛАХ - 1876-1917гг. (Том первый) – Андижон, ОАО “Andijonnashriyot-matbaa”, 2009, 536 стр.);“ИСТОРИЯ АНДИЖАНА В ДОКУМЕНТАХ И МАТЕРИАЛАХ (1876 – 1917 гг. (В помощь студентам факультета истории и социальных наук Андижанского государственного университета им. З.М.Бабура) (Том второй) - (Главная редакция Издательско-полиграфичечкой акционерной компании “SHARQ”, Ташкент,2012. 510 стр.),Олий ўқув юртларининг нотарих факультетлари учун R.Shamsutdinov, X.Mo‘minov “O‘ZBEKISTON TARIXI (Oliy o‘quv yurtlarining notarix fakultetlari uchun o‘quv qo‘llanma)” (Toshkent, “Sharq”, 2013. 672 bet), R.Shamsutdinov, H.Mo‘minov “O‘ZBEKISTON TARIXI” (Тoshkent, “Fan”, 2020. 464 bet), R.Shamsutdinov, H.Mo‘minov “O‘ZBEKISTON TARIXI” (Тoshkent, “Ochun”, 2021. 400 bet) каби дарсликлари ва кўплаб китоблари ҳам тасдиқлайди.

Андижон вилояти ҳокимлиги, ЎзФА Тарих институти ва Бобур номли Андижон давлат университети биргаликда 1998 йилда ўтказган бу анжуманда Тошкент шаҳри, Фарғона, Наманган, Андижон, қўшни Ўш ва Жалолобод вилоятларидан олимлар, адиблар, журналистлар иштирок этишган. 30 га яқин маъруза ва ахборотлар тингланган. Конференция олдидан проф. Р.Шамсутдиновнинг “Андижоннома” газетасининг 1998 йил 19 май сонида “Жаҳон тарихчилари эътиборини тортган воқеа” сарлавҳали мақоласи эълон қилинган.

Муҳаммадали халфа Собир ўғли ва унинг набираси Анорхон Раҳимова

(суратлар Алиназар Эгамназаровнинг “Сиз билган Дукчи Эшон” (Тошкент, “Шарқ”, 1994) номли китобидан олинди).

 

Шу конференцияда Дукчи Эшоннинг набираси Анорхон Раҳимова (Абдураҳим исмли ўғлининг қизи) иштирок этган ва сўзга чиққан. Аммо у ўз сўзида бобосининг “дордан қутулиб қолгани, Тавилдарада кечган ҳаёти” ҳақида бирор оғиз гап айтмаган.

Андижон қўзғолони фожиаси Иккинчи жаҳон урушида асирга тушган, “Туркистон легиони”даги ватандошларимизнинг хотирасидан кўтарилмаган. Ҳозирда Россия Ҳарбий давлат архиви фондларидан бирида сақланаётган Туркистон легионерлари томонидан нашр этиб турилган “Миллий Туркистон” журналининг 1944 йил 1 апрелдаги сонида “Бизнинг буюк кишиларимиз” рукни остида “Император Бобур”, “Дукчи Эшон” сарлавҳалари остида мақолалар берилган. “Дукчи Эшон” мақоласида Андижонга Туркистон генерал-губернатори Духовскойнинг келиши, Мингтепа қишлоғининг тўпга тутилиши, руслар вайронгарчилиги, бузғунчилиги очиб ташланган(“Ўзбек ҳарбий асирлари тақдири ҳақида”, “Водийнома”, 2019. № 3 (14). 33 – 44-бетлар). Бу мақолаларда ҳам Дукчи Эшонни чор маъмурлари томонидан дорга осилгани қайд этилган.

Айни вақтдаЎзбекистон Республикаси Президентининг кўрсатмаси ва Республикамиз Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан барча вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида Қатағон қурбонлари хотираси музейлари ташкил этилди.Биринчилардан бўлиб Андижон давлат университети тузилмасида 2018 йил Қатағон қурбонлари хотираси музейи фаолият кўрсата бошлади. Бу музейда 1898 йилги Андижон қўзғолони, унинг етакчиси Дукчи Эшон ҳаёти ва тақдири ҳақида энг сўнгги ҳужжат ва материаллар намойиш этилган. Улар янги материаллар билан мунтазам бойитиб борилмоқда. “Hurriyat” газетасидаги мақола муаллифлари музейдаги 1898 йилги Андижон қўзғолонига бағишланган алоҳида стендлардан бехабар бўлсалар керак.

Шуни ҳам қайд этиш керакки, мақоланинг “Дор остида кулиб турган элатсан…” деган кичик сарлавҳа остида берилган қисмининг матни Обиджон Маҳмудовнинг 2003 йили Тошкентда “Маънавият” нашриётида чоп этилган “Зулматга қарши исён” асарига профессор Р.Т.Шамсутдинов томонидан ёзилган ва китобга “Сўзбоши ўрнида” сарлавҳаси остида жойлаштирилган мақола матнидан деярли фарқ қилмайди. Тўғрироғи, ўша сўзбоши матнининг бир неча хатбошилари газетадаги мақолага айрим жузъий ўзгаришлар билан жойлаштирилган. Аммо матн муаллифининг исми-шарифи бирор жойда эслатиб ўтилмаган.

Ҳолбуки, Р.Шамсутдинов томонидан ёзилган ушбу сўзбоши матни Обиджон Маҳмудовнинг 2018 йили “Замин нашр” нашриётида чоп этилган 46.25 босма тобоқли “Кўҳна ва боқий Мингтепа. Қадим Фарғона тарихидан” номли китобига сўзбоши муаллифининг розилигисиз айрим ўзгартишлар билан қайта жойлаштирилган (273 – 276-бетлар). Жумладан, сўзбошининг 11-хатбошидаги: “...бу борада олимлардан Бўрибой Аҳмедов, Ҳамид Зиёев, Ҳамдам Содиқов, Шоди Каримов, Поён Равшанов, Дилором Алимова, публицистлардан Ортиқ Абдуллаев, Алиназар Эгамназаров ва бошқалар маълум даражада ижобий иш қилдилар” деган жумладаги публицистлар фамилиялари қаторигаО.Маҳмудов ўз исми-шарифини ҳам тиркаб қўйган. Бунинг устига сўзбоши матни якунига мана бундайўзгартиш киритилган: “Айниқса, Обиджон Маҳмуд Довонийнинг “Кўҳна ва боқий Мингтепа” асари ҳам аввалгиси сингари 1898 йилги Андижон қўзғолонининг шонли 120 йиллигига муносиб туҳфа бўлади деб ишонч билдирамиз”. Аниқлашимизча, бундан сўзбоши муаллифи Р.Шамсутдинов бехабар экан.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунининг 18-моддаси, еттинчи хатбошисида: “Асарни нашр қилиш, омма олдида ижро этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланишда асарнинг ўзига, номига ва муаллифнинг исми-шарифи кўрсатилишига бирон-бир ўзгартиш киритишга фақат муаллифнинг розилиги билан йўл қўйилади”, деб белгиланган.

Энг ачинарлиси шуки, 2018 йил нашр этилган юқоридаги китобида 1898 йилги Андижон қўзғолони раҳбари Дукчи Эшоннинг тақдири ҳақида тўхталиб: “Унинг бир қанча дўстлари ва муридлари ўзи билан биргақатл этилдилар” (9-бет), деб қайд этиб ўтган. Шунингдек, китобнинг 285-саҳифасида: “Дукчи Эшон қатл этилишидан аввал хотини – Тожибиби Мақсудҳожи қизига Маккага бормасдан аввал уйланган”, 292-бетида: “...Эшон қатл этилганда ўғли Абдужалил 7 ёшда эди” деган жумлаларни қўллаган (таъкидлар бизники – муалл.). Таажжуб, бу мавзу билан илгари мутлақо шуғулланмаган, базавий маълумоти жиҳатидан бири геолог, иккинчиси тилчи бўлган Зокиржон Машрабов, Ваҳоб Раҳмоновларнинг илмий захирасида Дукчи Эшоннинг фожиали тақдири ҳақида қандай маълумотлар бор экан?

Муаллифлар “Ҳуррият” газетасидаги мақоласида: “1898 йил 17 май куни Андижон шаҳрида бўлиб ўтган халқ миллий озодлик ҳаракатининг ташкилотчиси ва раҳнамоси Муҳаммадали Эшон Собир Халфа ўғли — Дукчи Эшон ҳазратлари дорга осилмаган! Аксинча ул зот 1933 йили ноябрь ойининг 25-санасида 78 ёшларида боқий дунёга рихлат қилганлар”, деб қатъий таъкидлашган. Аммо бундай таъкидлар учун етарли асосларни, далилларни келтиришмаган.

Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси З.Машрабов 2022 йил 8 февралда 15-сонли – ЎзРФА вице-президенти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори, тарих фанлар доктори, профессор Б.А.Абдуҳалимовга йўллаган хатида Дукчи эшон тақдири ва у билан боғлиқ янги тарихий маьлумотларни йиғиш ва ўрганиш учун фонд томонидан икки маротаба илмий сафар уюштирилгани, оқибатда Дукчи эшон аслида дорга осиб ўлдирилмагани, 125 йил деганда Дукчи эшон ҳақидаги тарихий ҳақиқат ва адолат юзага чиқди деган фикрни билдириб, шундай ёзган: “Тошкент музейларидаги дорга осилган Дукчи эшон суратлари эндиликда уйдирма ва тўқима эканлиги исботланди, деб ҳисоблаймиз ва юқорида келтирилган маълумотларга Сиз ва олимларнинг муносабатингизни кутиб қоламиз ҳамда сизлар берган хулосалардан сўнг, ушбу қўлга киритилган маълумотлар оммавий ахборот воситалари орқали эьлон қилинади”.

Профессор Б.Абдухалимов мазкур хат бўйича Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тарих институти ва Шарқшунослик институтиданмазкур хат бўйича хулосалар беришни сўраган. Тарих институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Ш.Маҳмудов Фанлар Академиясига жавоб хатини йўллаган. Унда келтирилган маълумотлар ҳали тўлақонли асосланмаганини айтиб, бунинг жиддий сабаблари борлигини қуйидагича кўрсатиб ўтган: “Биринчидан, Дукчи Эшон ва унинг яқин сафдошларидан 5 нафари Россия императори Николай II нинг кўрсатмаси билан Сирдарё вилояти ҳарбий губернатори А.Корольков буйруғига кўра Андижон шаҳрида бутун вилоят аҳолиси орасидан мажбуран тўпланган 8000 киши кўз ўнгида дорга осиб ўлдирилган. Бу ҳақда ўша даврда Санкт-Петербург ва Туркистонда чоп этилган кўплаб расмий газеталарда Дукчи Эшон ва бошқа қўзғолончилар раҳбарларининг суратлари ҳамда уларнинг қатл этилганлиги тўғрисида маълумотлар келтирилади.

Иккинчидан, Дукчи Эшонни қўлга тушириш ҳамда расмий ҳокимиятга тутиб беришга ёрдам берган хоин ва жосуслар ҳақида Россия империяси даврида ҳам, совет режимининг дастлабки ўн йилликларида ҳам воқеаларнинг иштирокчилари ва гувоҳлари, жумладан, Бобур номли халқаро жамоат фондининг хатида тилга олинган Фозилбек Отабек ўғли маълумотлари асосида кўп ёзилган.

Учинчидан, Россия империяси раҳбарияти ҳамда унинг Туркистондаги маъмурлари Дукчи Эшон тирик қолиши ҳамда хорижга жўнаб кетишидан умуман манфаатдор эмас эдилар. У пайтда ҳали кейинчалик урфга кирган қамоқхоналардаги айрим бадавлат жиноятчиларни катта маблағ эвазига сохта паспортлар билан таъминлаб, бошқа исмлар остида хорижий мамлакатларга чиқариб юбориш амалиёти бошланмаган эди.

Қолаверса, Муҳаммадали халфа Собир ўғли – Дукчи Эшоннинг ҳаёти ва фаолияти бўйича фақатгина мақолалар эълон қилинган бўлса-да, махсус тадқиқот олиб борилмаган. Бу борада ўша даврда ёзилган қўлёзма асарлар, маноқиблар, архив ҳужжатларини аниқлаб, улар асосида махсус тадқиқотларни олиб бориш мақсадга мувофиқ. Шундан сўнг, Дукчи Эшоннинг кейинги ҳаёти тўғрисида аниқ хулоса айтиш мумкин”.

Шарқшунослик институтининг жавоб хатида эса қуйидагилар баён қилинган: “Бинобарин, Дукчи Эшоннинг сўнгги тақдири ҳам авлодлари деб даъво қилаётганларнинг оғзаки ҳикоят ва ривоятларига эмас, асосли ва мантиқли, далил-исботли маълумотларга асосланиши лозим. Ана шу асосли ва мантиқли, далил-исботли маълумотларни қувватлаш мақсадида уларнинг оғзаки ҳикоят ва ривоятларини келтириш мумкин холос. Демак, айнан Дукчи Эшон ғазовотлардан омон қолгани ва Тавилдарага қочиб келиб яшаганига бошқа исботлар йўқми? Унинг сўроқ-саволида бунинг у эмаслигини аниқлаша олмабдими? Эшоннинг совет ҳукумати Тавилдарада эканини билмай қолибдими? Дукчи Эшон эканига унинг муҳри, ўз қўли билан ёзилган автограф хати, асарлари борми? Дукчи Эшон эканини исботловчи бошқа далил ва исботлар етарлими?

Хулоса шуки, мактубда айтилганидек, Дукчи Эшон тирик қолгани ва унинг авлодлари ҳақида кўрсатув қилинса ҳам уни мутлақ ҳақиқат сифатида эмас, балки шундай маълумотлар бор, ушбу кўрсатувдаги маълумотларни илм аҳли ўрганиб, асл воқеалар қандай бўлганини манбалар ва бошқа ишончли маълумотлар орқали исботлайдилар, деган мақсадда намойиш қилиш мумкин, албатта”.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ватанимиз, халқимиз ўтмишига қизиқиш кучайиб бораётган ҳозирги шароитда пухта ўрганилмаган, атрофлича текширилмаган, зарур далил-исботлар билан тасдиқланмаган маълумотларни тарқатиш фан ривожига ҳам, ватандошларимиз билимларининг бойишигаҳам хизмат қилмайди. Аксинча, оммани чалғитади, мозийда рўй берган воқеалар ҳақида, Ватанимизнинг асл фарзандлари ҳаёти ва фаолияти хусусида нотўғри хулосалар чиқарилишига сабаб бўлади.Мақола муаллифларининг тарихан исботланмаган, фактик материаллар, ҳужжатлар билан йўғрилмаган, ишончли манбага суянмаган фикр-мулоҳазалари, бизнингча, амалий ва илмий жиҳатдан исботланмаган, тарихий ҳақиқатга, мантиққа зиддир.

Агар Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирган сиймоларни юлдузларга қиёс қиладиган бўлсак, бундай тарихий шахслар ҳақида охиригача ўрганилмаган, чала маълумотлар тарқатиш улар ёғдусининг хиралаштириб қўйиши ҳам мумкин.

 

Бахтиёржон АЛИМОВ,

Мухторжон ХУДОЁРОВ,

Дилшодбек ҲОМИДОВ,

Азизбек МаҲКАМОВ,

Андижон давлат университети

тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари

хотираси” музейи илмий ходимлари.

(“Адабиёт газетаси”нинг 2022 йил 31 августдаги 5 – 6-қўшма сонидан олинди)





Report Page