ДОВОН ОШГАН ДОВЮРАКЛАР УНУТИЛМАЙДИ
19 август куни Оҳангарон тумани Эртош қишлоғида жойлашган Убайдулла Абдуллаев номидаги йўлчилар уйида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари, ёзувчи ва шоирлар иштирок этган тадбир Қамчиқ довонидан олиб ўтилган автомобиль йўлини қуриб ишга туширилганининг 60, ушбу йўлни қурган йўлчи Убайдулла Абдуллаев таваллудининг 100 йиллигига бағишланди.
Хотира тадбирини Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Тошкент вилояти бўлими раҳбари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Зарифа Эралиева табрик сўзи билан очиб берди.
Тадбир доирасида иккита китоб тақдимоти ҳам ўтказилди. Довон йўлининг қурилиш тарихи ва қурувчилари фаолиятини ўрганиб, тўплаган маълумотларига бадиий сайқал бериб “Довон ошган довюраклар” китобини ёзган таниқли журналист ва шоир Барот Исроил ҳамда йўлсозлик заҳмати “Қамчиқ” довони йўли қурилиши мисолида ёритилган “Довон” номли роман муаллифи Исоқжон Нишоновлар фахрий йўлсозларни байрам билан қутлади. Йиғилганларга ҳар икки китоб қаҳрамонларининг протатиплари аслида мана шу даврада ўтирган нуроний отахонлар эканлигини таъкидлаб ўтишди.
Убайдулла Абдуллаевнинг фарзанди Иззатилла Убайдуллаев, халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг опаси Гулчеҳра ая, журналист Беҳзод Қобулов, тадбиркор Аброр Назиров ҳамда ёшлар ташкилоти вакиласи Ирода Хайитқуловалар ҳам ўзларининг самимий тилакларини йиғилганларга ҳавола этишди.
Тадбир сўнггида “Қамчиқавтойўл” ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарияти томонидан фахрий йўлсозларга эсдалик совғалари топширилди.
Келгусида Убайдулла Абдуллаев ва сафдошларига бағишланган китоблар ададини ошириш, улар ҳақида ҳужжатли ва бадиий фильмлар суратга олиш, туркум кўрсатувлар тайёрлаш бўйича таклифлар берилди.
Матн ва фото: Отабек Бакиров