“ДОРИ ҚУТИСИ” БИЗНЕСИ” ВА ТИЗИМДА КОРРУПЦИЯНИНГ БОШҚА КЎРИНИШЛАРИГА ДОИР МУРОЖААТЛАРНИНГ ЖИДДИЙ ЎРГАНИЛИШИ КАФОЛАТЛАНАДИ

“ДОРИ ҚУТИСИ” БИЗНЕСИ” ВА ТИЗИМДА КОРРУПЦИЯНИНГ БОШҚА КЎРИНИШЛАРИГА ДОИР МУРОЖААТЛАРНИНГ ЖИДДИЙ ЎРГАНИЛИШИ КАФОЛАТЛАНАДИ


@yakkabog`24 телеграм каналида эълон қилинган “Шифохоналарда дори қутиси бизнеси авж олган” деб бошланувчи хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Хабарда юқоридаги мазмунда асослантирилмаган, ҳатто қайси ҳудудда шундай ҳолат содир бўлаётганлиги ҳам очиқланмаган умумий гаплар келтирилган.

Мазкур канал асосан Яккабоғ тумани ҳудудидаги янгилик ва муаммоларни ёритганлиги боис хабарда келтирилган танқидий фикрлар мазкур ҳудуд миқёсида ўрганилди. Маълум бўлишича, туман тиббиёт бирлашмаси томонидан врачлар ва ўрта тиббиёт ходимлари беморларга эҳтиёжидан ортиқча дори-дармон тавсия этмаслик, дори-дармон ёзишдан ўз манфаати йўлида фойдаланмаслик, агар шундай ҳолатларга йўл қўйишса, қонуний тартибда жавобгарликка тортилишлари бўйича қатъий огоҳлантирилган.

Агар яккабоғлик фуқаролар шундай ҳолатларга дуч келсалар, туман тиббиёт бирлашмасининг 58-25-074, 58-25-282 рақамли, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг  78 771 03 34 ва 78 771 03 41 ишонч телефонларига қўнғироқ қилиб, мурожаат қилишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маъмурияти тизимда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш борасидаги ишларни кучайтириш бўйича барча чораларни кўради. Қанчалик билимли, малакали ва моҳир бўлмасин, таъмагир мутахассисга тизимда ўрин йўқ, деб билади. Шу сабабли ҳар бир тиббиёт ходимига ўз хизмат вазифасига виждонан ёндашиши нафақат ўзининг ва жамоасининг, балки ахборот майдони чегара билмаётган айни шароитда юртининг шаъни, обрў-эътибори билан боғлиқлиги батафсил тушунтирилмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан барча тиббиёт муассасаларининг қабул ва бошқа бўлимларида кўзга кўринарли жойларда “Ишонч телефонлари” кўрсатилган мурожаатлар лавҳалари жойлаштирилган. Фуқаролардан тиббиёт ходимларининг коррупцияга алоқадор хатти-ҳаракатлари юзасидан мазкур шифохона, ҳудуддаги тиббиёт бирлашмаси ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маъмуриятига зудлик билан хабар беришларини яна бир карра сўраймиз. Ҳар бир мурожаатнинг жиддий ўрганилиши кафолатланади. Бу борадаги ҳамкорликни жуда қадрлаймиз ва ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатларимиз тизимда жирканч иллатларнинг олдини олишда, қатъий жамоатчилик назоратини ўрнатишда катта самара беришига ишонамиз.

ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ БОШҚАРМАСИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

@qashqadaryo_ssb



Report Page