ДОЛЗАРБ
1000 та китоб машмашаси бўйича турли хил гап- сўзлар тарқалаяпти. Мендан ҳам кўп киши "ўзи нима бўлаяпти?" қабилидаги саволларни сўради. Мен бу лойиҳада эмасман. Бошида битта телеграм гуруҳга қўшиб қўйишди "1000 та китоб" деган. Унга шунчаки, ҳамма биладиган маълумотлар ташлаб турилади. Бу ишчи гуруҳ телеграми ҳам эмас. Хуллас гуруҳ ичида қандай можаролар бўлган мен билмайман.
Ичкарида менежмент, лойиҳанинг молиявий тарафини ким бошқариши ҳақида келишмовчилик келиб чиққанлиги ҳақида хабарлар тарқалаяпти. Бу можаролар энг примитив! 20 миллиард давлат бюджети маблағига чоп этиладиган таржима китобларининг савияси масаласи хали кун тартибига қўйилмади. 2007 йилдан бери таржимашунослик, таржима танқиди билан шуғулланиб кетаётган мутахассис сифатида айтаманки, мазкур лойиҳа доирасида нашрга тавсия этишдан олдин ҳар бир таржима китоб инглиз ва ўзбек тили таржимашунослиги бўйича илмий фаолият олиб борган мутахассислар томонидан тақриздан ўтказилиши керак! Меҳриноз Аббосова доим илм ва адабиёт ичида юрган мен у бу вазифа учун у энг яхши экспертларни танлаган деб умид қиламан. Тендер биланми бе тендерми буюртмани қўлга киритган нашриётнинг мухаррирларига бу ишни ишониб бўлмайди! Қўлимда сўнгги 5-6 йилда китоб чиқаришни фақатгина бизнес деб қарайдиган, бу ишга арзонгаров таржимонларни ёллаб, гугл таржимага ўхшаш таржима китобларини пириллатиб босиб ётган нашриётларда чиққан таржима " китоблар" идаги хатоликлар бўйича бир Dsc диссертациясига етадиган таҳлилий материаллар бор. Балким, шу китобларнинг нашр этилиши кечикканлиги хайрли бўлгандир! Агар давлат буюртмаси билан чиқадиган китоблар қуйида таҳлилга тортадиган таржимадан парчадек кўринишда бўлса, ҳақиқий жанжал кейин бошланади!!! Сабаби, ҳозир ёшларимиз айнан чет эл адабиёти ва бизнесда муваффақиятларга эришган шахслар ҳақидаги таржима асарларни ўқишмоқда. Бу бест селлерларни чоп этаётган учар нашриётларнинг кўпчилиги виждонини еб қўйган! Тилимизга ёт грамматик конструкциялар, ёт услуб, ёт тасвирий воситаларни тўғридан-тўғри (гуглжон ёрдамида) кўчириб ўтказаётган таржимоннинг ўқиганда кўнгилни беҳузур қиладиган ишларини пул учун чоп этаяпти. Бугунги ёшлар орасида эса, Устоз таржимонларнинг асарларини ўқимаган, ҳақиқий ўзбек адабий тили нималиги ҳақида тўла тасаввурга эга эмаслари кўпчиликни ташкил қилади. Натижада, ўша китоблар уларнинг онг ости тафаккурида ўзбек тили услубияти ва тезаурисини ҳосил қилаяпти. Тузаётган гаплари ўзбекча, қолипи инглизча. Бир талабам шунақа китобларни ётиб олиб ўқийди. Хитой тилидан баҳолари аъло, инглиз тилидан айлтс 7 олган. Таржима бўйича вазифа берсам, тузаётган жумлалари ана шу "замонавий китоблар" стилида эканлиги сезилади. Чунки, қўлида доим ўша китоблар. Мен унга бошқа бир китобни бердим устоз таржимонлар ўгирган таржима китоб. Шуни аслият билан солиштириб хатосини топ- деб вазифа бердим. Эртасига "тамаддун" - сўзини хато деб топиб, бу ерда таржимон " тамадди" - деган сўзни ноўрин ишлалиб, камига грамматик хато ҳам қилиб "тамадди" ни " тамаддун" ёзибди🤦♀️ дейди. Бу сиз учун кулгилидир! Мен буни миллат фожеаси - деган бўлар эдим! Ўзбек адабий тили ёшлар ўртасида йўқолиб бораяпти! Бунининг сабаблари жуда кўп. Улардан биттаси ана шу яхши тақриздан ўтказилмай нашр этилаётган таржима китобларда! Чунки, ёшлар айнан шуларни кўп ўқишаяпти! Гап исботи билан дейишади келинг қўлимдаги юзлаб мисоллардан бирини улашаман:
-Б.447 ( Т. Драйзернинг "Сармоядор" асари)
Нозирлардан ташкари залда яна стенограф ва нимжон, кичкинагина, юзлари сув қўшилган сутдек қонсиз, сочлари сийрак, соколи чўчқа ёғининг рангига ўхшаш, бир сўз билан айтганда, америкалаштирилиб, путури кетган Хитой мандаринига ўхшаш суд котиби ҳам бор эди.
(Биринчи сафарга нашриёт номи, таржимон ва мухарририни ёзмадим. Гарчи бу таржима танқидига зид. Илмий мақолада ёзаман. Аммо ижтимоий тармоқ учун ёзмадим)
Сизга савол ҳурматли ношир ва таржимон: Таржима қонуниятларидан оз бўлсада хабарингиз борми? Олам Миллий Лисоний Манзараси термини нималигини биласизми? Бирор бир предмет ёки ҳодиса бадиий тасвир воситаси сифатида лисонга кўчиши учун, миллатнинг географик иқлим шароити, маданияти, иқтисодиёти, тарихи, дини муайян таъсир ўтказади. Кишилар асрлар давомида юзлашадиган предмет ва ҳодисалар кейинчалик адабий тилга бадиий тасвир компоненти бўлиб кириб келади. Масалан: бизда қишда қор ёққани учун , қорни кўп кўрганлигимиз учун " қордек оппоқ " тасвири бадиий адабиётимизда бор. Ҳинд адабиётида йўқ , ўрнига " сутдек оппоқ", " фил суягидек оппоқ" ишлатилади. Ёки олманиннг қизиллиги бизга жуда таниш(энг арзон ҳамманинг ҳовлисида бор бўлган ҳаммадан ҳар доим рўзғорда олма бўлган)лиги учун "олмадек қизил ёноқ" ни ишлатамиз қиз ёноқларини тасвирлашда. Баъзи Европа адабиётларида бу қулупнай ва пуштиранг атиргул билан берилади.
Бу мисолдаги " юзлари сув қўшилган сутдек қонсиз" тасвири ўзбек адабий тилида йўқ! Сабаби, прагматик тасаввуримиздаги "сутга сув қўшиш", " бировнинг ҳаққини ейиш" бу ўта негатив ассоциациялар ўлароқ , тилимизда йўқ тасвир бадиий матнга ёпишмайди. Мутолаа жараёнидаги бу каби ёқимсиз тасвирлар китобхонларда "когнитив диссонанс" - матндан қониқмаслик, ўқиса ҳам онг ости матнни қабул қила олмаслиги ҳолатини келтириб чиқаради. Аммо энг ёмони. Катта китобхон бу психологик ҳолатни хис этади аммо она тилимизда ёзилган миллий адабиётимиз дурдоналарини варақлаб ҳам кўрмаган, замонавий " таржима китоблар" ни қўлтиқлаб юрган "крутой" ёш қора кўзларимиз бу матнларни тил нормаси деб қабул қилади!
Кейинги тасвирдаги "соқоли чўчқа ёғининг рангига ўхшаш" тасвири эса ўта абсурд таржима! Бу ўринда таржимон иккала тасвирнинг ҳам гугл таклиф қилган вариантни эмас тилимиздаги Олам Миллий Лисоний Манзарасига мос муқобил вариантини топиб таржима қилиши керак эди! Таржимон бу " трансфер" қилиб берувчи машина эмас, ҳар бир матнни қайта ишлаб аслият тилидан таржима тилига ўтказади! Шунинг учун таржимани " қайта яратиш" санъати дейилади. Америкалик таржимашунос Лоуренс Венаттининг бир гапи бор " Таржимон қанчалик матнда кўринмаса, иши кўринадиган ва пухта бўлади"! "Кўринмаслик" деганда маданиятлараро тўсиқларнинг бартараф этилганлиги, матннинг фаросат билан адаптация қилинганлиги назарда тутилган! Чўчқа ёғи билан кундалик юзлашмайдиган ва истеъмон қилмайдиган миллат тилига бу тасвирни гугл шундайлигича ўтказиши мумкин. Аммо сизда тафаккур борку! "Таржимон" фалончи деб китобга фамилиянгизни қўйгансиз! Юзида қон йўқ, соч-соққоли қордек оппоқ деб таржима қилиш мумкин эди.
Кейинги гапга ўтсак- "путури кетган Хитой мандаринига ўхшаш суд котиби ҳам бор эди"🤦♀️
Шу гапни кўп кишига ўқиб бердим. Экспримент учун. Сут котибининг ташқи қиёфасини тасаввур қилдингизми? - дедим. Ҳамма -мандаринга ўхшаса керак, юзлари пашшахўрда босган мандарин пўчоғидек- дейишди ва кулгили юз ифодасини қилди. Китобхонлар хатто қиёфа тасвиригаям тушунмаяпти. 🤦♀️Аслиятда ( пастда аслият матнини бердим👇🏼) Аслиятда ёзувчи чолнининг тунд қиёфасини ейдиган мандаринга эмас, турли американча сўзлар қўшилавериб бузилиб кетган кекса "Хитой Мандарин тили" га мажозий ўхшатган бўлсачи??? Хитойлик ўқитувчимизга ўқитсам, у Мандарин тили- назарда тутилаяпти- деди инглизчасини ўқиб. Қайси мандаринга ўхшатган бўлса ҳам, ўзбек бадиий адабиётида инсоннинг юзи мандаринга қиёсланмайди.
Бадиий таржима жараёнида ўзга миллат маданиятини китобхонга таништириш асосий мақсад қилиб қўйилган бўлса, таржимон миллий колоритга эга нарса-буюм ва ҳодисаларга изоҳлар илова қилади. Аммо тўғридан- тўғри таржима тилида йўқ бўлган тасвирий воситалар, грамматик ва услубий қолипларни кўчириб олиб ўтмайди. Ҳар бирини қайта ишлаб, силлиқ ўқиладиган бадиий матн яратади!
PS: Инглизчаси билан солиштириш учун аслиятини бердим👇🏼Кичик бир маълумот- мазкур китобда бунақа хатолар ғиж- ғиж. Шу нашриёт ҳам 1000 та китоб лойиҳасида иштирок этаяпти. Лойиҳада ички арзимас низолар тезроқ барҳам топиб, сифат масаласига жиддий фокус қаратилса мақсадга мувофиқ бўлар эди!
Chapter 51,page 549
Only custom and indifference had allowed
it to fall so badly from grace. A third bailiff guarded the
door of the jury-room ; and in addition to these there was
present a court clerk small, pale, candle-waxy, with
colorless milk-and-water eyes, and thin, pork-fat-colored
hair and beard, who looked for all the world like an
Americanized and decidedly decrepit Chinese mandarin
and a court stenographer.
Гулноза Одилова
таржимашунос, Dsc, профессор.