“ДОИМ ЭЪЗОЗДАСИЗ, АЗИЗ УСТОЗИМ!” СамВМИда “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” кенг нишонланди

“ДОИМ ЭЪЗОЗДАСИЗ, АЗИЗ УСТОЗИМ!” СамВМИда “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” кенг нишонланди


Инсон ҳар доим ўқиб –ўрганишга эҳтиёж сезади. “Бешикдан, то қабргача илм изла” деган ҳикмат замирида ана шу маъно, моҳият мужассам! Жамиятимизда шундай касб эгалари борки, улар том маънода устоз ва мураббийлар деб аталиб, уларнинг асосий иш фаолияти, албатта таълим ва тарбиядан иборат. Мактабни муқаддас даргоҳ, дея улуғлаймиз. Жамиятда кишининг шахс сифатида шаклланишида, маълум бир касб ва ҳунарни эгаллашида олий таълим даргоҳининг ҳам катта ва беқиёс ўрни бор. Инсоннинг олий таълим даргоҳида ўтадиган бир неча йиллик умри, унинг келгусида қандай соҳа эгаси бўлиши ва ўз ишининг устаси бўлиб етишишида салмоқли аҳамият касб этади.   

Айни кунда Самарқанд Ветеринария медицинаси институтида  500 нафарга яқин профессор – ўқитувчилар фаолият кўрсатади, уларнинг 40 нафарга яқини профессорлар, 120 нафардан ортиғи фан номзодлари ва фалсафа доктори илмий даражасига эга бўлган профессор – ўқитувчилардир. Мамлакатимиз ветеринария ва қишлоқ хўжалиги соҳаси учун малакали мутахассис – кадрлар тайёрлайдиган олийгоҳ бугун ўзининг ўзига хос тарихи ва анъаналари билан устоз – мураббийлик қадриятларини таълим даргоҳида сақлаб келмоқда. 5000 нафардан зиёдроқ талаба – ёшлар таълим тарбия оладиган масканда бугун янгиланишлар, ўзгаришлар кўп. Мамлакатимизда олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бугун институт миқёсида яққол намоён бўлмоқда, талабалар ва профессор ўқитувчиларнинг интилишларида акс этмоқда.


Бу йилги “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни институтда ҳар доимгидек ўзгача кўтаринки кайфиятда нишонланмоқда. Эрта тонгдан институт ҳовлисига қадам қўйганингиздан, бу ердаги байрамона руҳ ва шодон кайфиятни ҳис қилиш мумкин. Талаба – ёшлар Устозлари - профессор ўқитувчиларга ҳурмат – эҳтиром бажо келтириб, уларни гуллар ва бошқа совғалар билан кутиб олишди. Тадбир доирасида институт профессор –ўқитувчилари иштирокида “Заковат” интеллектуал ўйинлари ва спортнинг стол тенниси ва шахмат-шашка турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди.

Шунингдек, байрам арафасида СамВМИда  “Дилбар қизлар” ҳунар ўрганиш маркази иш бошлади. Марказнинг очилиш маросимида институт ректори, профессор Худайназар Юнусов, соҳалар проректорлари, ўқитувчи – мураббийлар ва институт меҳмонлари иштирок этишди. Институт ҳудудида, мослаштирилган бинода ташкил этилган мазкур марказда талаба қизлар учун тикувчиликнинг турли йўналишлари ва пазандачилик бўйича тўгарак машғулотлари ўтказилади.  СамВМИ хотин –қизлар масалалари бўйича кенгаш раиси Жамила Сайфиддинованинг сўзларига кўра, талаба – қизлар бу марказда дарсдан бўш вақтларида ҳунар ўрганишлари ва шу билан бирга даромад топишлари ҳам мумкин.    

“Доим эъзоздасиз, азиз Устозим” деб номланган маърифий, маданий байрам кечасида Устозлар шаънини улуғловчи фикр-мулоҳазалар билдирилди. СамВМИ профессор –ўқитувчиларига йўлланган Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов ва Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси раиси Б.Норқобиловларнинг байрам табриклари институт ректори Х.Юнусов томонидан ўқиб эшиттирилди.

Шунингдек, “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни муносабати билан институтнинг бир гуруҳ профессор ўқитувчиларига “Ташаккурнома” “Фаҳрий ёрлиқ”лар ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. 

Байрам кечаси институт бадиий жамоасининг куй – қўшиқлари ва саҳна кўринишлари билан давом эттирилди.

СамВМИ Ахборот хизмати

Report Page