ДИСПЕТЧЕР ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИНИ УЗМАСА НИМА БЎЛАДИ? ёхуд тизимидаги йирик аварияларнинг асосий сабаблари
@minenergy_uzЎзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тасарруфида фаолият юритаётган электр энергияси тизимига қуйидаги: 1) электр энергияси ишлаб чиқарадиган станциялар («Иссиқлик электр станциялари» АЖ ва «Ўзбекгидроэнергия» АЖ), 2) уларни узатиш учун юқори кучланишли магистраль тармоқлари («Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ), 3) электр энергиясини тақсимлаш тармоқлари («Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ) ва ниҳоят 4) электр энергияси истеъмолчилари киради.
Бундай тизимнинг асосий мақсади истеъмолчиларни сифатли ва ишончли электр энергияси билан узлуксиз таъминлашдир. Бунда асосий мезонлардан бири электр энергияси нархини техник ва иқтисодий талаблардан келиб чиққан ҳолда максимал камайтиришдир.
Мазкур тизимнинг бошқа ишлаб чиқариш соҳа ва йўналишларда фарқи ҳамда ўзига хос хусусияти шундаки, электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш — бир пайтнинг ўзида амалга оширилиши лозим бўлган ягона технологик жараён бўлиб, ҳар лаҳзада улар ўртасида тенглик (мувозанат) ўрнатиш ниҳоятда муҳим вазифа. Соҳанинг ушбу жиҳати бутун дунё электр энергия тизимларига хос хусусиятдир.
Хўш, бу нима дегани?
Аввало ўрта мактаб физика дарслигини эсга олайлик... Электр энергияси — бу зарядланган заррачаларнинг тартибли ҳаракати... Унинг тезлиги сониясига 300 000 километрни ташкил этади. Демак, маҳсулотнинг алоҳида тури сифатида таснифланадиган электр энергияси ишлаб чиқарилган заҳотиёқ, яъни сониянинг бир бўлаги ичида (миллисекундларда) истеъмол қилиниши лозим.
Юқоридаги фикрлардан шундай мантиқий хулоса чиқадики, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш ўртасида энергия баланси (!) мунтазам равишда таъминланиши лозим. Соҳанинг бундай ўзига хос шарти истеъмолчиларга сифатли электр энергиясини узлуксиз етказиб бериш ва энергия тизимининг узлуксиз ишлашини таъминлаш нуқтаи назаридан жуда муҳим аҳамиятга эгадир. Бир сўз билан айтганда, мувозанат сақлаш тизимнинг ишончли фаолиятининг кафолати ҳисобланади. Шунга кўра тизим диспетчеридан жуда қисқа вақтда кескин чора кўриш талаб этилади.
Электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиши (ёзда жазирама иссиқ мавсумидаги ёки қаҳратон қиш мавсумидаги совуқ об-ҳавода) кузатилган пайтда ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги энергия балансини таъминлаш жуда қийин вазифа бўлиб қолмоқда. Бунда катта аварияларни ва бутун мамлакатда ҳамма истеъмолчиларни ўчишини олдини олиш учун электр энергияси таъминотида чекловлар жорий этилишига мажбуран олиб келади. Диспетчерлик маркази томонидан энерготизимда мувозанат сақлаш жараёни ўз вақтида таъминламаса, тизимдаги «зўриқиш» турли йирик аварияларга сабаб бўлиб, катта-катта ҳудудларда узоқ вақт электр энергия бўлмаслигига сабаб бўлади.
Электр энергия таъминоти тизимидаги номутаносиблик ҳамда юқори истеъмол туфайли содир бўладиган аварияларнинг типик сабаблари қуйидагича бўлиши мумкин:
● ишлаб чиқарувчи қувватининг пасайиши ёки энергия тизимида истеъмолнинг кўпайиши, яъни истеъмолчи юкламасининг ортиши туфайли электр токи частотасининг кескин пасайиши. Частотани 46-47 Гц га тушиши (нормал частота 50 Гц) кучланишнинг кескин пасайиши билан бирга содир бўлади, бунинг натижасида авария (нонормал) ҳолатида ишлаётган жиҳоз ва ускуналар носоз ҳолга келади;
● электр энергия тизимининг асосий тугунларида (автотрансформаторларда) кучланиш даражасининг пасайиши туфайли генератор ва синхрон компенсаторлар фаолиятида реактив қувват юкламасининг етишмаслиги (ёки ҳаддан ташқари юкланиши), генератор ва синхрон компенсаторларнинг актив ва реактив кучлари нотўғри тақсимланиши, электр энергияси истеъмолчиларининг тармоққа ҳаддан ташқари кўп уланиши, энергоузелларда қувват оқимлари кўпайиши;
● энергия истеъмолининг интенсив ўсиши туфайли тизимлараро транзит қуввати ошиши туфайли энергия тизимининг айрим қисмларини генераторларида асинхрон режим пайдо бўлиши;
● тармоқлараро тизим ва тармоқ ичидаги транзит электр узатиш линиялари ва ускуналарида қувват оқимларининг максимал қийматидан ошиб кетиши ва энерготизимда пайдо бўладиган бошқа беқарорликлар туфайли йирик авариялар содир бўлишидир.
Хўш, энерготизимда мувозанат сақлаш шунчалик муҳим иш экан, ушбу талабларга риоя қилинмаганда содир бўлган йирик аварияларга мисоллар борми? Истеъмолчиларга оқибатини тушунтиришда улар ҳақида мисол келтириш энг мақбул йўл эмасми?
Тўғри фикр! Истеъмолчилар диспетчерлик хизмати электр таъминотига айрим чекловларни киритиш орқали қандай талафот ва кўнгилсизликларнинг олдини олишга интилаётганини тушунтиришнинг энг яхши усули шу. Мисол тариқасида дунё электр энергия тизимларида содир бўлган йирик авария ва уларнинг ҳам маънавий, ҳам моддий, ҳам экологик зарарлари ҳақида бир нечта воқеа-ҳодисаларни баён қиламиз.
2005 йил 25 май санаси, Москва...
«Чагино» подстанциясидаги авария Россия тарихида 7 миллион аҳоли электр таъминотида узилишга сабаб бўлган энг катта талафот дея қайд этилган. Электр тармоқлари фаолиятидаги ушбу фавқулотдаги ҳолат Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳридан ташқари пойтахтнинг жануби-ғарбий ҳудудларига таъсир кўрсатди. Аниқроғи, Тула, Калуга ва Рязань вилоятларида ҳам электр энергия таъминоти тизимининг издан чиқиши кузатилган. Бир сўз билан айтганда, эрталабки юқори истеъмол оқибатида юзага келган ушбу ҳолат Москва шаҳрининг жанубий ҳудудлари ҳамда Москва вилоятида юқори кучланишли электр узатиш линиялари автоматик равишда каскадли ўчиш билан якунланган. Расмий маълумотларига кўра, Москва ва Москва вилоятидаги истеъмолчиларнинг қарийб 26 фоизи, Тула вилояти аҳоли ва саноат объектларининг 87 фоизи, Калуга вилоятларидаги истеъмолчиларнинг 22 фоизи электр таъминотисиз қолган. Рязань ва Смоленск вилоятларида ҳам электр таъминотида қисман узилишлар кузатилган.
Энди тасавур қилинг: энерготизимдаги авария туфайли йирик мегаполис дея аталмиш Москва шаҳрининг 11 минг 706 та бинога эга 5 та маъмурий тумани, шу билан бирга, 8 минг 814 та тураржой бинолари (кўпқаватли уйлар), 600 га яқин мактаб ва мингдан ортиқ мактабгача таълим муассасалари электр таъминотисиз қолган. Бир сония ичида бирваракайига 33 мингта лифт тўхтаб қолган ва унинг ичида чорасиз қолган 3 мингдан зиёд киши қутқарув хизматига мурожаат қилган. Электр таъминотисиз 28 та тиббий муассасалар (учта туғруқхона, бир нечта қон қуйиш маркази, шошилинч жарроҳлик ва онкология шифохоналари, бундан ташқари доимий равишда музлаткичдан фойдаланадиган ўликхоналар (морглар) фаолиятида беқарорлик юзага келган. Шунингдек, иш фаолияти электр энергиясининг узлуксиз таъминотига боғлиқ бўлган ичимлик суви таъминотида ҳам (30 та насос станцияси) узилишлар кузатилган.
«Чагино» подстанциясидаги авария туфайли Калуга-Рига, Серпухов-Тимирязевская, Лублин, Замоскворетская ва Калинин йўналишларида метро поездлари тўхтаб қолди (20 мингга яқин йўловчи 43 та поезд туннелларда саросимада қолишган). Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тезкор кучлари бир неча соат давомида йўловчиларни эвакуация қилиш билан шуғулланган. Тез тиббий хизматларга мавжуд кунлик талабдан бир неча маротаба кўп мурожаатлар қайд этилган. Бошқа метро линияларида тирбандликлар юзага келган. Курск, Павелетский, Киев, Рига ва Рязань темирйўлларида 37 та йўловчи, 125 та юк ва 700 та шаҳарорти ҳудудларга қатнайдиган поездлар тўхтаб қолган.
Мобил алоқа, банкоматлар ишида узилишлар бўлган, интернетдан фойдаланиш, биржаларда савдо-сотиқ, саноат корхоналари фаолиятида том маънодаги тўхташ содир бўлди. Экологияга зиён келтирилди: тозалаш иншоотларидан чиққан оқава сувларни Москва дарёсига рухсатсиз оқизишга мажбур бўлинди. Москва ва унинг атрофидаги кўплаб корхоналар жиддий муаммоларга дуч келишди. Петелино ва Тула паррандачилик фермаларида бир миллиондан ортиқ парранда йўқ қилинди, эритилган никель қотиб қолганлиги сабабли Ступино металлургия заводининг эритиш ўчоқлари ишдан чиқди (кейинчалик печларни таъмирлаш қиймати 1 миллион долларга баҳоланди).
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Фуқаро муҳофазаси стратегик тадқиқотлар марказининг маълумотларига кўра, фавқулодда ҳолат Москвада 2 миллиондан ортиқ кишига, Москва, Тула ва Калуга вилоятларида 5 миллионга яқин аҳолига салбий таъсир кўрсатди. Москва шаҳри ҳукумати етказилган зарарни 1 миллиард 708 миллион 400 минг рублга, 25 майдан 30 майгача давом этган иш вақтини (иш унумдорлиги пасайишидан кўрилган зарарни) 3 миллиард рублга баҳолади. Москва вилояти 504 миллион рубль миқдорида зарар кўрган. Тула вилояти маъмурияти 436 миллион 800 минг рубль зарар миқдорини ҳисоблаган. Россия темир йўлларининг зарарлари тахминан 650 миллион рублга баҳоланди.
1977 йил 13 июль, Нью-Йорк...
«Хелловен», яъни «қўрқув кечаси» байрами куни тармоқдаги йирик авария оқибатида 9 миллиондан зиёд аҳоли электр таъминотисиз қолди. Фожиа рўй беришига об-ҳавонинг фавқулодда иссиқ келиши ва байрам куни барча совутиш ҳамда бошқа электр жиҳозларидан оммавий тарзда кенг фойдаланиши сабаб бўлди. Жиноий тўдалар, саросимали вазиятдан фойдаланиб, шаҳардаги хонадонларга босқинчиликлар уюштиришди. Полиция 3700 кишини ҳибсга олишга муваффақ бўлди, аммо бу зўравон ва қароқчиларнинг кичик бир қисми эди. Ўша куни Нью-Йоркда талончи ва вандаллар томонидан етказилган зарар бир миллиард долларга баҳоланди. Шаҳар ҳокимияти 9 миллион долларни йўқотди: 5 миллион солиқ ва яна 4 миллиони қўшимча иш учун полиция ва ўт ўчирувчиларга устама тўлашга мажбур бўлди. Электрон савдолар тўхтатилгани туфайли Нью-Йорк биржалари 20 миллион доллардан кўпроқ зарар кўрди. Бир кунда 2000 дан ортиқ дўконлар саросимага тушган ва ундан фойдаланиб қолганлар томонидан талон-тарож қилинди.
1999 йил 6 июль, Нью-Йорк...
200 мингдан зиёд Манхеттен аҳолиси 19 соат давомида электр энергиясидан маҳрум бўлишди. Иссиқ ҳаво туфайли электр жиҳозларининг тизимга ҳаддан зиёд уланиши натижасида юқори энергия истеъмоли вужудга келиб, йирик аварияни келтириб чиқарди. Электр таъминотида жиддий авария содир бўлганини билган ҳуқуқ-тартибот кучлари дарҳол хавфсизлик чораларини кўришди.
2006 йил 5 ноябрь, Ғарбий Европа...
Европа ғарбида жойлашган қатор мамлакатларида миллионлаб одамлар электр энергиясидан бебаҳра қолишди. Энерготизимдаги фавқулодда ҳолат юз беришига Германияда совуқ об-ҳаво туфайли истеъмолнинг кескин ўсиши сабаб бўлган. Энерготизим тўлиқ ишдан чиқишини олдини олиш мақсадида электр тармоқлари автоматик тарзда узишларни амалга оширди. Бу жараён нафақат Германия ва Францияга, балки Италия, Бельгия ва Испанияга ҳам салбий таъсир кўрсатди. Авария туфайли нафақат аҳоли ва саноат корхоналари, балки Европадаги тезюрар темирйўл тизими ҳам маълум муддат иш фаолиятини тўхтатишга, вагонларда қолган йўловчилар хавфсизлиги билан шуғулланишга мажбур бўлишди.
2009 йил 10 ноябрь, Бразилия...
Тизимдаги йирик авария туфайли электр таъминотининг узилиши Бразилияда яшовчи 50 миллиондан ортиқ аҳоли турмушига салбий таъсир кўрсатди. Мамлакат иқтисоди ҳисоби охирига етказилмаган даражада зарар кўрди. Айнан шу йирик авария Уругвай энерготизимида ҳам беқарорлик вужудга келишига сабаб бўлди.
2018 йил 25 март, Якутия, Россия Федерацияси...
Баҳор ойининг дастлабки ойидаги совуқ кунларнинг бирида Якутск шаҳридаги 2-сонли электр станцияси фаолиятининг бир қисми фавқулодда тўхтатилди. Натижада Якутскнинг бир қисми ва Якутиянинг марказий ҳудудларида истиқомат қилувчи истеъмолчилар авария бартараф этилгунга қадар электр энергиясиз кун кечиришга мажбур бўлишди.
2018 йил 3 июль, Озарбайжон...
Ёз фаслининг дастлабки иссиқ кунларида юқори энергия истеъмоли вужудга келиб, мамлакат электр энергия тизимида йирик авария юз берди. Бунинг натижасида Озарбайжоннинг 39 та шаҳри ва вилоятларида электр таъминоти узоқ муддатга узилди.
Бундай фавқулодда ўчиришлар пайдо бўлишининг асосий сабаблари энергия ускуналарининг ҳаддан ташқари юкланиши ҳамда мавжуд қувват ва электр энергияси таъминотида мувозанатининг бузилишидир. Бундай тизимли аварияларнинг олдини олиш учун электр энергия тизимини мунтазам равишда ривожлантириб бориш, истеъмол маданиятини шакллантириш орқали мамлакатда энергия самарадорлигини ошириш, модернизация (замонавий, янги ускуналарни ўрнатиш), тизимни муқобил энергия турлари билан бойитиб бориш ва энерготизим фаолиятини мувофиқлаштирувчи ташкилотларда янги технологияларни жорий этиш орқали меҳнат унумдорлигини ошириш ҳамда технологик сарфларни камайтиришга эришиш талаб этилади.
Албатта, юқорида санаб ўтилган масалалар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ва муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг тегишли қарорлари билан белгилаб берилган энергетика тизими учун истиқболли вазифалардир. Яна бир муҳим масала шуки, мамлакатимизнинг электр энергия тизимида аварияларнинг олдини олиш учун Миллий диспетчерлик маркази туну кун, тўрт фасл, ўн икки ой давомида электр режимларини, яъни электр ишлаб чиқарилиши ва бир вақтнинг ўзида истеъмол қилинишини онлайн режимида назорат қилиб бориши лозим. Бундай назорат электр энергиясини истеъмол қилиш ва ишлаб чиқариш ўртасидаги мутаносибликни доимий равишда таъминлаш ва энергия ускуналарини ҳаддан ташқари юкланишига йўл қўймаслик учун, аниқроғи юқорида мисоллар тариқасида келтирилган йирик авария ҳолатларига йўл қўймаслик учун керак, зарур ва шарт.
Ҳукуматимиз томонидан электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ) босқичма-босқич жорий этилмоқда. Бу, ўз навбатида, аҳоли ва юридик истеъмолчиларини электр энергияси истеъмолини назорат қилиш ва келгусида мавсумий истеъмол ҳажмини олдиндан аниқлаш имкониятини яратади.
Агар истеъмолчилар электр энергия тизимидаги барча ресурслардан оқилона фойдаланмаса ва бу орқали энерготизимда мувозанат таъминланмаса, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ташкилотларининг диспетчерлари ўз фаолиятидаги тартибга мувофиқ чекловлар ўрнатади. Агар бу мувозанат ҳудудий назоратчилар томонидан амалга оширилмаса, яъни маълум жадвалга асосан чекловлар ўрнатиш орқали мувозанат сақлай олинмаса ёки улар томонидан марказий диспетчерлик бошқаруви кўрсатмаларига амал қилинмаса, энерготизим хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан юқори кучланишли электр линиялари тармоқдан вақтинча узиб қўйилади. Аниқроғи, бундай амалиёт қўлланилишига мажбур бўлинади. Агар ҳудудий диспетчерлар маълум жадвал тартибига асосан, тегишли техник-муҳандислик қоидаларига биноан паст кучланишли электр тармоқларида энерготизим балансини таъминласа (0,4 кВ, 6-10 кВ), марказий диспетчерлик бошқарувида фавқулотда қарор қабул қилинишига ҳожат бўлмайди.
Белгиланган чекловлар ҳудудий электр тармоқлари томонидан бажарилмаган тақдирда тизимдаги йирик аварияларнинг олдини олиш учун (35 кВ ва 110 кВ) «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ таркибидаги Миллий диспетчерлик маркази томонидан катта ҳудудлар электр таъминотидан узиб қўйилади. Бу амалиёт ҳукумат томонидан тасдиқланган электр энергия хавфсизлиги қоидаларига биноан амалга оширилади. Натижада, йирик талафот келтириши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисалар ҳамда жиддий иқтисодий зарарларнинг олди олинади.
Демак, чеклов киритилиши, энергобалансни зудлик билан тиклаш ва тармоқга уланган истеъмолчиларни талабини қондириш учун қўшимча қувватларни ишга тушириш учун зарур бўлади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, электр энергия тизими узоқ муддатли комплекс ривожланиши, барча турдаги таъмирлаш ишлари ўз вақтида, сифатли бажарилиши зарур. Ёзги мавсумнинг юқори даража истеъмоли ҳамда куз-қиш мавсумини муваффақиятли ўтказиш учун барча зарур чоралар кўрилиши талаб этилади. Кундалик диспетчерлик бошқаруви истеъмолчиларни сифатли электр энергияси билан таъминлаш тизимида ўзига хос назоратчи вазифасини ўтамоғи лозим. Юқори истеъмол даражаси пайдо бўлиб, ускуналарда ҳаддан зиёд юкланиш пайдо бўлиши оқибатида тизимнинг ишдан чиқиш хавфи вужудга келса, истеъмолчилар кичик бир қисмини таъминотдан узиш орқали кўпсонли истеъмолчиларнинг таъминоти таъминланиши — ўша назоратчилар зиммасидаги муҳим вазифа.
Истеъмолчиларнинг маълум тўлов эвазига электр энергиясидан фойдаланиш ҳуқуқидан ташқари энергиятежамкорлик ва энергиясамарадорлик масаласида маълум мажбуриятлари ҳам бор. Айнан шу нарса истеъмолчилар томонидан унутиб қўйилмоқда. Тежамкорлик ва самарадорлик истеъмолчининг экотизимга кўрсатаётган саъи-ҳаракатидан ташқари ўзи учун иқтисодий манфаат эканлигини ҳам унутмаслик лозим. Аммо беҳуда сарфланадиган энергия кони зарар: кеч тушгандан эрталабгача ҳовлидаги бир нечта чироқ ёниқ туради, кўп қаватли биноларнинг кириш қисмида ҳам нечта ёриткич бўлса, барчаси ёқилган туради. Фойдаланилмаган пайтларда ҳам телевизор, радио, компьютер, батарея қувватлагич ва бошқа электр жиҳозларини истеъмолга уланган ҳолда қолдирамиз.
Энергия тежамкор бўлмаган электр жиҳозларидан фойдаланиш ҳамда эскирган технологиялардан фойдаланиш оқибатида иқтисодиётимизга зарар келтирамиз. Электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш, аниқроғи уни ўғирлаш орқали истеъмолни бошқариш ва назорат қилиш тизимидан ташқари қанча-қанча электр энергияси сарф қилинади. Натижада истеъмол асоссиз равишда ошади, қувват блоклари, магистрал ҳаво линиялари, трансформатор подстанциялари ва электр узатиш тармоқларининг ортиқча юкланиши кузатилади. Бу, ўз навбатида, тизимдаги аварияларнинг пайдо бўлиши учун зарур шарт-шароит яратиши турган гап.
Бундай исрофгарчилик, ортиқча ҳаражат ва меҳнатни камайтиришнинг ягона йўли шу — истеъмол маданияти даражасини юксалтириш, энергия тежамкорлиги ва самарадорлигига боғлиқ амалиёт ва тушунчаларни кундалик ҳаётимизга олиб кириш. Бу ҳақда кўп ва хўп гапириш, жамоатчилик эътиборини тортиш, давлат томонидан тегишли қарор ва мажбуриятларни жорий этиш бугунги кун талабидир.
Биздан атиги бир нарса — атроф-муҳит тозалигини сақлаш, ўз фарзандларимиз ва келажак авлодларимиз соғлиғини асраш, жамиятимиз равнақи ва жонажон юртимиз ривожига ижобий таъсир кўрсатадиган электр энергия сарфи, ундан оқилона фойдаланиш ва тежамкорлик маданиятини юксалтириш масалаларига онгли муносабатда бўлишимиз давр талабидир.
Эсо Садуллаев, техника фанлари номзоди