ДИЛИ ЎКСИК КЎНГИЛЛАР ЯЙРАДИ

ДИЛИ ЎКСИК КЎНГИЛЛАР ЯЙРАДИ

Xiva tongi gazetasi tahririyati. Muassis:Xiva shahar va tuman ho
Шукуҳ

Оламу одамларга қувонч ва шодлик, файзу барокот улашиб, шамсу қамар бўлиб, кун ва тунни тенглаштириб, Наврўз – янги йил, янги кун янгиланаётган Ўзбекистонимизга, севимли Ватанимизга қутлуғ қадамлари билан кириб келди. Кексаю-ёш бу кўркам кунни ўзгача шукуҳ, ўзгача файзу тароват, янги орзу-умидлар билан қарши олишди.

Нуфузли меҳр даргоҳларидан бири бўлган, муассасамизда ҳам ушбу улуғ айёмга бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. “Наврўз – меҳр-оқибат тимсоли” деб номланган байрам шодиёналари том маънода ҳақиқий меҳр-мурувват, саҳоват, эзгуликнинг ифодаси сифатида қалблардан чуқур жой олди.

Фасли баҳор айниқса васийликка олинган тарбияланувчиларга руҳан тетиклик, хуш кайфият, илқ табассум улашди.

Вилоят, туман ҳокимликлари, ижтимоий хизматлар агентлиги вилоят бошқармаси ва қатор ҳомий ташкилотлар томонидан ташкил қилинган байрам тадбирларида вилоят ҳокимлиги масъул ходими О.Юсупов, Хива туман ҳокими С.Полвонов, Ижтимоий хизматлар агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ш.Бердиев, вилоят божхона хизмати ходими У.Рўзметов, Урганч “Мотор” трнасформатор” заводи иш бошқарувчиси З.Машарипова ва бошқалар жамоа аҳлини байрам билан самимий табрикладилар. Ҳомийлар томонидан нозу неъматга тўла тўкин байрам дастурхони ёзилди. Туман маданият бўлими санъаткорлари ранг-баранг чиқишлари билан дили ўксик кўнгилларни яйратиб юборди.

Муассаса раҳбари Х.Атаев тадбирларнинг чиройли ва бетакрор бўлишида ҳомийлик ёрдамларини кўрсатган жамоалар раҳбариятига, тадбиркор саҳоватпеша инсонларга самимий миннатдорчилик билдирди.

Меҳнатда ўрнак кўрсаётган, касбига садоқатли ишчи-хизматчиларга маъмурият томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Кутилмаганда энг катта совға – муассасамизнинг ходими Садоқат Абдуллаева ҳомий ташкилот Урганч “Мотор” трнасформатор” заводи томонидан муқаддас умра зиёратига бепул йўлланма билан сийланди.

Наврўзи оламнинг кўркидан, меҳр-саҳоватли иноснларнинг самимиятидан беихтиёр қалбимдан қуйидаги сатрлар шеър бўлиб тўкилди:

Пайвандлаб меҳр-ла дилларни дилга,

Завқу шавқ бағишлаб ҳар бир кўнгилга.

Шодликлар улашиб, барча халқ, элга,

Янги Ўзбекистонга Янги йил келди.

 

Кўзларда табассум, юзларда ханда,

Меҳр жўш уради ҳар юрак танда.

Ўзгача бир шукуҳ шонли Ватанда,

Янги Ўзбекистонга Янги йил келди.

Р.КАРИМОВ,

Хива “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун

 эркаклар интернат-уйи маънавий-маданий ишлар

ташкилотчиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Report Page