“ДИЛ БА ЁР-У, ДАСТ БА КОР!”

Дин ва қайсидир динга эътиқод қилишга нисбатан муносабат билдириш нозик масала, нафақат нозик, балки етарлича билим талаб қиладиган масала. Жаҳон миқёсида кўпчиликда ислом дини деганда экстремизм ва радикализм тушиниладиган ёки ким(лар)нингдир атайин қилинган ҳатти-ҳаракатлари билан шундай фикрни шаклланишига уринишлар кузатилмоқда.
Facebook ижтимоий тармоғидаги “Rassom Tuz” саҳифасида экстремизмга қарши кураш чораси сифатида қамоқ радикализм мафкурасини бартараф эта олмаслиги қайд этилган ва унга қарши курашиш учун илм-маърифатга эътибор қаратиш таклиф қилинган пост эълон қилинди (https://www.facebook.com/rassomtuz/posts/pfbid02u84RkYkbyHRdTUiZ6JMBvrydKeKGswCYMphiaqkxXEAX2VGZ8KnvX6YzsoLUgwBMl).
Бир қарашда тўғри таклиф киритгандек туюлади, аммо пост билан батафсил танишилса, фикрлар юқоридаги “ариқдан суғорилган”ига амин бўласиз: “Каримов Ўзбекистонни Афғонистонга айлантирмоқчи бўлган диний зомбилардан қамоқ ëрдамида қутилмоқчи бўлди. Бу стратегик хато бўлганини бу яратиқларнинг қамағдан чиқиб яна айни пропгандани давом эттиргани бўлди. Букрини гўр ҳам тўғирлай олмайди. Бу зомби муллалар тўй¸ аза ва тармоқда толибон ва ИШИД шаклидаги форматни улуғлаб алжирамоқда. Давлат бу чўпчак булшитга илмни қарши қўйиш керак. Инсоният тарихи¸ Марказий Осиëда араб босқини дахшати ва айнан диний догматиклар зиллати боис юз берган касофатлар аниқ тиниқ ҳикоя қилиниши керак. Эволюция назарияси¸ биология ва геенетика тарғиб қилиниши керак. Бўлмаса хозир кўрганимиз каби дев қадамлар билан толибонча афғонистон бўлишга яқинлашаверамиз. Яшасин илм ва ирфон. Битсин бидъат ва хурофот. Бу шиорни юз йил олдин жадидлар кўтариб чиққан эди”.
Асл, соф диний илмлар ахлоқий қоида ва маънавий йўналишлар бериб, инсонларни тўғри йўлда туришга чақиради. Ислом динининг ахлоқий қоидалари инсонларни адолатли, ҳалол ва меҳрибон бўлишга чақиради. Бу қоидалар инсонларнинг ҳаётида мустаҳкам ахлоқий асосларни яратади.
Албатта, илм-маърифатни ривожлантириш диний экстремизм ва радикализмга қарши курашишда муҳим аҳамиятга эга. Диний экстремизм ва радикализм диннинг асосий қоидаларини бузади ва уларни нотўғри талқин қилади. Экстремист ва радикаллар ўз мақсадларига эришиш учун зўравонлик ва терроризмни қўллайдилар. Бу эса жамиятда тинчлик ва тотувликни бузади.
Илм-маърифат инсонларнинг фикрлаш доирасини кенгайтириб, уларни турли хил фикр ва ғояларнинг асл моҳиятини тушуниб етиш имконини беради. Бу эса экстремизм ва радикализмнинг асосий сабабларидан бири бўлган билимсизлик ва нотўғри тушунчаларга чек қўяди.
Илм-маърифат орқали инсонлар диннинг ҳақиқий қоидалари ва маънавий қадриятларини тўғри тушуниб, уларни нотўғри талқин қилишдан сақланадилар. Шу тариқа, илм-маърифат экстремизм ва радикализмга қарши курашишда самарали восита бўлиб хизмат қилади.
Шуни ҳам унутмаслик керак-ки, дунёвий ва диний илмларни биргаликда ўрганиш инсонларнинг маънавий ва ахлоқий ривожланишини таъминлаб, уларнинг кундалик ҳаётида амалий фойдалар келтиради. Бу икки хил илмни интеграция қилиш инсонларнинг турли жабҳаларда ривожланишини таъминлайди, шунингдек, уларнинг жамиятдаги фаолиятларини яхшилашга ёрдам беради.
Фикрларимни жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини бутун дунё эътироф этган пири комил аждодларимиздан бири Баҳовуддин Нақшбандийнинг олийжаноб, ўта дунёвий ва ҳаётий ғояларни мужассамлаштирган “Дил ба ёр-у,даст ба кор!”( Қўлинг меҳнатда-ю, дилинг Аллоҳда бўлсин!) деган сўзлари билан якунлайман.
Хотамжон ҚОБУЛОВ
иқтисод фанлари номзоди, профессор