“ДИЛ БА ЁР-У, ДАСТ-БА КОР”
Ёҳуд Баҳоуддин Нақшбанд тарғиб қилган ҳалол меҳнат фазилати
XIV асрда Бухорода пайдо бўлган “Нақшбандия” тариқати намояндаларининг ҳар бири ўз касб-ҳунарига эга бўлиб, ҳалол меҳнат билан кун кечиришган. Атоқли шарқшунос Е. Бертелснинг ёзишича, Нақшбандия таълимоти негизида ихтиёрий равишдаги фақирлик ётади. Шунга биноан Баҳоуддин Нақшбанд умри бўйи деҳқончилик билан кун кўрган, ўз қишлоғи – Қасри Ҳиндувонда унчалик катта бўлмаган ер-майдонига бўғдой ва мош экар экан. У уйида ҳеч қандай мол-дунё ва бойлик сақламаган. Қишда қамишлар устида, ёзда эса бўйрада ётган. Баҳоуддин Нақшбанднинг уйида ҳеч қачон хизматкор ҳам бўлмаган. Ҳазрати Нақшбанд бутун умрини ўз хоҳиши билан фақирликда ўтказган. Зотан, бу тариқатнинг асл ақидаси – “Дил ба ёр-у, даст-ба кор” – яъни “доимо кўнглинг Аллоҳда бўлсин, қўлинг эса ишда” деган ғоя ҳам ҳалол меҳнатни тарғиб қилади. Баҳоуддин Нақшбанд ўз қўл кучи билан кун кўришни ёқтирган, топган-тутганини – етим – есирларга, бева-бечораларга инъом этган, бировдан таъмагирлик қилмаган.
Авлиёлар шоҳи бўлмиш – Ҳазрати Баҳоуддинга Нақшбанд номини берилишига икки сабаб бор. Бири шуки, бу зоти шариф кимхога, яъни матога нақш солиш (гул солиш) касби билан шуғулланган. Иккинчиси эса нақл қилишларича, Ҳазрати Баҳоуддин ким билан суҳбатлашсалар, шу суҳбатдан сўнг Аллоҳнинг муборак номи у кишининг қалбига нақшланиб қолар экан. Шу сабаб у кишига Нақшбанд унвони берилган. Бу тариқатдан мурод шуки, Аллоҳнинг номини юракда нақш этишдир. Нақш банд бар дил банд, яъни Аллоҳ номини кўнглингда нақш эт.
Шундай қилиб, Бухоронинг буюк фарзанди Баҳоуддин Нақшбанд асос солган “Нақшбандия” таълимоти Марказий Осиё, Ўрта ва Яқин Шарқ халқларининг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маданий ҳаётида катта ўрин эгаллади. У XVI асрда тариқат имомларидан Хожа Муҳаммад ал-Боқий Кобулий орқали Ҳиндистонда кенг тарқалди. Бу таълимот бошқалар меҳнати билан кун кечиришни, текинхўрликни, ижтимоий зулм-истибдодни қатъиян қоралайди. Нақшбандия вакиллари таркидунёчиликка қарши бўлганлар ва барчани ўз қўл кучи ва пешона тери билан ҳалол кун кечиришга чақирганлар. Нақшбандийлар касб-ҳунарли бўлишни тарғиб этиб, савдо-сотиқ, деҳқончилик, ҳунармандчилик, бадиий адабиёт, мусиқа, илм-маърифат, хаттотлик, наққошлик, миниатура, қурувчилик каби барча фойдали юмушлар билан шуғулланишга даъват этганлар. Шунинг учун ўз даврининг илм-маърифат дарғалари, мумтоз адабиёт намояндалари Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Хушҳолхон Хаттак, Махтумқули Фироғий каби улуғ мутафаккирлар Нақшбандия йўлини танлаганлар.
“Мақомоти Шоҳи Нақшбанд”да нақл қилинишича, бир дарвиш-деҳқон Ҳазрат Хожа Нақшбанд ҳузурига келиб, Бухорода сувсизлик оқибатида полиз хароб бўлиш арафасида турганлигини билдирибди. Шоҳи Нақшбанд полиз бошига борибдилар ва унга “Полизга сув бериш маҳали бўлибди, сув йўлларини тузат”, деб айтибдилар. Деҳқон-дарвиш Ҳазрати Хожа айтганидек қилибди. Аммо, дарё қуриган, ариқда сув йўқ эди. Нақшбанд унга қараб “Ҳақ Субхонаҳу Таоло сув бермоққа қодир”, дедилар. Деҳқон-дарвиш субҳидам қараса, полиз сероб бўлибди, ёнидаги сабзи, пиёз экилган ерлар ҳам сувдан тўйибди. Мушоҳада этиб кўрилса, далада на ариқ, на дарёда бир қултум сув бор эди”.
Мухтасар қилиб айтганда, ҳалол касб ва ҳалол меҳнатда барака бор. Зеро бутун дунёда ёйилган “Нақшбандия” таълимотининг моҳияти ҳам ана шунда.
Зилола РЎЗИЕВА, Қашқадарё вилоят Нишон туманидаги 3-мактабнинг технология фани ўқитувчиси.