ДИҚҚАТ ТАНЛОВ!

ДИҚҚАТ ТАНЛОВ!


Халқ таълими тизимидаги таълим муассасаларида “Обод мактаб” экологик ойлигини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

  1-боб. Умумий қоидалар

  1. Мазкур низом халқ таълими тизимидаги таълим муассасалари ўртасида “Обод мактаб” экологик ойлигини (кейинги ўринларда – Экологик ойлик деб юритилади) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Экологик ойлик доирасида ўтказиладиган тадбирлар учун таълим муассасаси раҳбарлари томонидан педагогик жамоа, ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ёки ўрнини босувчи шахслардан пул йиғимларини ундиришга йўл қўйилмайди (ҳомийлик ҳолатлари бундан мустасно).

3. Экологик ойлик давомида асосан, Республика ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан бепул тарзда ажратилган гул ва ниҳол кўчатларидан фойдаланган ҳолда боғлар, гулзорлар яратилади.

2-боб. Ойликнинг мақсад ва вазифалари

         4. Экологик ойликнинг мақсади – ўқувчи-ёшлар ўртасида меҳнатсеварлик, экологик маданият, табиатга эҳтиёткорона муносабатни шакллантириш, таълим муассасаларини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш орқали ўқувчи-ёшларнинг фаоллигини ошириш, улар томонидан амалга оширилаётган ижодий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш.

        5. Экологик ойликнинг вазифалари – ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, қадрият, урф-одат ва анъаналарни ўқувчи-ёшлар онгига сингдириш, жамоа бўлиб ишлаш кўникмаларини шакллантириш, ўқувчиларнинг касбга бўлган интилишини ошириш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида ўқувчи-ёшларнинг таклифлари асосида инноватсион боғларни барпо этиш, ўқувчи-ёшларни ижтимоий фаоллигини ошириш, инноватсион менежмент, маркетинг ва ПР технологияларидан фойдаланган ҳолда ўзаро тенгдошлари билан тажриба алмашинувини ташкил этиш.

  3-боб. Экологик ойликни ўтказиш тартиби

  6. Экологик ойлик ҳар йили март - апрел ойида халқ таълими тизимидаги таълим муассасалари ўртасида ўтказилади.

7. Экологик ойлик доирасида қуйидаги 5 та танлов, лойиҳа ва аксиялар ташкил этилади:

“Обод мактаб” танлови - 20 март кунидан бошлаб ташабусскор ўқувчилар томонидан мактаб ҳудуди ободонлаштирилиб, мактаб ҳовлиси ва унинг атрофидаги ер майдонлари кўкаламзорлаштирилади. Умумтаълим мактаб ҳудуди ўқувчилар сонидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир синф номидан манзарали дарахт кўчатлари билан бойитилади.

Мавжуд дарахтларга ўқувчиларнинг исм фамилияси битилган махсус (этикеткалар) боғлагичлар боғланиб, дарахтлар синф ўқувчиларига бириктирилади ва мазкур ўқувчилар томонидан доимий парваришланиб борилади. Умумтаълим мактаб атрофи ободонлаштирилади. Дарахтлар сони ўқувчилар сонига нисбатан ҳисобланади.

“Меҳрли гуллар” лойиҳаси – умумтаълим мактабнинг синф хоналари, мактаб фоеси, кириш қисми ноодатий ҳолда хона гуллари ва ландшафтлар билан безатилади ва гуллар таълим муассасаларининг сардорлари томонидан доимий парвариш қилиб борилади. Экилган гуллар сардорлар томонидан кўпайтирилиб, байрамлар муносабати билан мактаб микроҳудудидаги ёлғиз қарияларга совға сифатида тақдим этиб борилади. Экилган гуллар тез кўпайиши ва ландшафтларда кўринишининг ўзгачалиги билан ажратилиши лозим.

“Ўқувчилар боғи” лойиҳаси - таълим муассасаси ҳудудидаги ер майдонлари синфлар кесимида тақсимланади. Ажратилган ер майдонларига ўқувчи-ёшларнинг таклифлари инобатга олинган ҳолда (яқин 2 ёки 3 йил ичида ҳосилга кирадиган) мевали дарахтлар экилиб, “Ўқувчилар боғи” яратилади. Мевали дарахтларни тўғри танлашга эътибор қаратиш талаб этилади.

“Табиатнинг дўстиман” аксияси - ўқувчи-ёшлар томонидан экологик маданиятни тарғиб этувчи мемлар (турли белги ва шаклларнинг тасвирий ифодаси) тайёрланади, улар таълим муассасасига ва атроф ҳудудига жойлаштирилади. Мемларни тайёрлаш жараёнида креативлик кўрсатиш тавсия этилади.

“Ҳашар наволари” медиа танлови - баҳор мавсумида ташкил этиладиган ҳашарлар давомида ўқувчилар томонидан умумтаълим мактабнинг ҳашар қўшиғи тайёрланиб, мактаб хор жамоаси томонидан биргаликда ижро этилади ва ижтимоий тармоқларга #обод_мактаб, #ҳашарнаволари хештеги билан жойлаштириб борилади.

8. Таълим муассасалари имконияти ва хоҳишидан келиб чиққан ҳолда юқорида келтирилган танлов, лойиҳа ва аксияларнинг барчасини ёки фақат айримларини ўтказиш ҳуқуқига эга.

9. Танлов уч босқичда амалга оширилади:

Биринчи босқич - таълим муассасаларида танлов ва аксиялар ўтказилади

ва ўтказилиш жараёнлари (барчаси) таълим муассасаларининг ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида ёритиб борилади ҳамда амалга оширилган ишлар якуни юзасидан таълим муассасаси томонидан 5 дақиқагача бўлган махсус ижодий ролик тайёрланади (барча танлов ва аксиялар тасвирга олинган ҳолда мобил версияда

20 мб дан ошмаган ҳолда) лойиҳанинг қамров ҳисоботи ва эришилган натижа бўйича техник хулосаси (техник хулоса мутахассис (мутахассис бўлмаган ҳолатда мактабнинг биология фани ўқитувчиси) томонидан берилган бўлиши лозим) илова қилинган ҳолда Халқ таълими вазирлигига (телеграм мессенджери орқали @обод_мактаб манзилига) электрон равишда 11-23 апрел кунига қадар юборилади.

Иккинчи босқич - келиб тушган ижодий ишлар махсус саралаш гуруҳи, республика экспертлар гуруҳи томонидан 25-30 апрел кунига қадар сараланади. Экологик ойлик давомида энг яхши “Обод мактаб” номзодлигига муносиб деб топилган 42 та (ҳар бир ҳудуддан 3 тадан) таълим муассасасининг ижодий ролиги жамоатчилик томонидан баҳоланиши учун 2-5 май кунлари Халқ таълими вазирлигининг Фаcебоок ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасига жойлаштирилади.

Учинчи босқич - овоз бериш жараёнлари муддати якунлангунига қадар махсус саралаш гуруҳи аъзолари, республика экспертлар гуруҳи жойларга чиққан ҳолда экологик ойлик давомида энг яхши “Обод мактаб” номзодлигига муносиб деб топилган 42 та таълим муассасаси фаолиятини ўрганади.

10. Жамоатчилик баҳолаши “Лике” натижаларига кўра экологик ойлик давомида энг яхши “Обод мактаб” деб ҳисобланган 14 та (ҳар бир ҳудуддан 1 тадан) таълим муассасаси ғолиб деб топилади.

  4-боб. Баҳолаш мезонлари

  11. Танловнинг барча босқичларда иштирокчи таълим муассасалари қуйидаги мезонлар асосида 100 баллик тизимда баҳоланади:

- таълим муассасасининг ободлиги, тозалиги, ойлик давомида мевали, манзарали дарахт кўчатларининг экилганлиги, янги экилган кўчатларнинг ўқувчилар сонига нисбатан коеффитсиенти - 25 баллгача;

- умумтаълим муассасасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларининг режа асосида ташкил этилганлиги, ҳудуднинг синфларга тақсимланганлиги, уларнинг тартиб билан белгиланганлиги (табличкалар), мевали, манзарали дарахт ва гул кўчатларининг маҳаллий иқлим шароитлари ва хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда режали экилганлиги, ҳар бир экилган дарахтга масъуллар бириктирилганлиги ва уларнинг парвариш қилиниши, дарахтларга шакл берилганлиги ва оқланганлиги – 15 баллгача;

- таълим муассасаси ҳудудида оқава суви мавжуд бўлмаган тақдирда мевали, манзарали дарахт ва кўчатларини экилиб, парваришлаш йўлга қўйилганлиги

– 20 баллгача;

- таълим муассасаси ҳудудида гулзор ёки боғлар ташкил этилганлиги

– 10 баллгача;

- таълим муассасаси ҳудудида гул кўчатлари экилганлиги, фоеси, коридорлари ва синф хоналарида гул парваришлаш йўлга қўйилганлиги –

5 баллгача.

- таълим муассасида ташкил этилган боғда мевали дарахтларнинг истиқболли тадбиркорлик мақсади кўзлаб экилганлиги – 10 баллгача.

- ҳашар қўшиғининг мазмун-моҳияти ва креативлик билан тайёрланганлиги

– 5 баллгача.

- ижодий роликнинг тайёрланишида ижодкорлик ва креативлик намойиш этилганлиги – 5 баллгача.

- ойлик давомида ўтказилган танлов, лойиҳа ва аксияларнинг барчаси ташкил этилганлиги – 5 баллгача.

  5-боб. Танлов ғолибларини тақдирлаш

  12. Ойлик якунига кўра энг яхши “Обод мактаб” деб топилган 14 та (ҳар бир ҳудуддан 1 тадан) таълим муассасаси ғолиб деб эълон қилинади ҳамда Халқ таълими вазирлигининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.

6-боб. Якуний қоидалар

  13. Таълим муассасаларининг иштироки ва сонини таҳлил қилиш натижасида ҳудудий халқ таълими бошқармалари ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари фаолиятига баҳо берилади.

14. Ойлик доирасида ўтказиладиган танлов, лойиҳа ва аксиялар бўйича фаолият очиқ овоз бериш йўли ва жойига чиқиб баҳоланиши сабабли апеллятсия комиссияси ташкил этилмайди, иштирокчилар томонидан билдирилган ёзма ариза ва эътирозлар кўриб чиқилмайди.

15. Мазкур низомга заруратдан келиб чиққан ҳолда ташкилий қўмита томонидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.






Report Page