ДИҚҚАТ ТАНЛОВ!

ДИҚҚАТ ТАНЛОВ!

Умумий ўрта таълим муассасалари ўртасида "Обод мактаб" ойлиги ташкил этилади!

Халқ таълими тизимидаги таълим муассасаларида “Обод мактаб” экологик ойлигини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур низом халқ таълими тизимидаги таълим муассасалари ўртасида “Обод мактаб” экологик ойлигини (кейинги ўринларда – Ойлик деб юритилади) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Ойлик доирасида ўтказиладиган тадбирлар учун таълим муассасаси раҳбарлари томонидан педагогик жамоа, ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ёки ўрнини босувчи шахслардан пул йиғимларини ундиришга йўл қўйилмайди (ҳомийлик ҳолатлари бундан мустасно).

3. Ойлик давомида асосан Республика ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси

ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан бепул тарзда ажратилган гул ва ниҳол кўчатларидан фойдаланган ҳолда боғлар, гулзорлар яратилади.

2-боб. Ойликнинг мақсад ва вазифалари

           4. Ойликнинг мақсади – ўқувчи-ёшлар ўртасида меҳнатсеварлик, экологик маданият, табиатга эҳтиёткорона муносабатни шакллантириш, таълим муассасаларини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш орқали ўқувчи-ёшларнинг фаоллигини ошириш, улар томонидан амалга оширилаётган ижодий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш.

           5. Ойликнинг вазифалари – ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, қадрият, урф-одат ва анъаналарни ўқувчи-ёшлар онгига сингдириш, жамоа бўлиб ишлаш кўникмаларини шакллантириш, ўқувчиларнинг касбга бўлган интилишини ошириш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида ўқувчи-ёшларнинг таклифлари асосида инновацион боғларни барпо этиш, ўқувчи-ёшларни ижтимоий фаоллигини ошириш, инновацион менежмент, маркетинг ва PR технологияларидан фойдаланган ҳолда ўзаро тенгдошлари билан тажриба алмашинувини ташкил этиш.

3-боб. Ойликни ўтказиш тартиби


6. Ойлик ҳар йили 20 мартдан - 28 апрелга қадар халқ таълими тизимидаги таълим муассасалари ўртасида ўтказилади.

7. Ойлик доирасида қуйидаги 5 та танлов, лойиҳа ва акциялар ташкил этилади:

“Обод мактаб” танлови - жорий йилнинг 20 март кунидан бошлаб ташабусскор ўқувчиллар томонидан мактаб ҳудуди ободонлаштирилиб, мактаб ҳовлиси ва унинг атрофидаги ер майдонлари кўкаламзорлаштирилади. Умумтаълим мактаб ҳудуди ўқувчилар сонидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир синф номидан манзарали дарахт кўчатлари билан бойитилади.

Мавжуд дарахтларга ўқувчиларнинг исм фамилияси битилган махсус (этикеткалар) боғлагичлар боғланиб, дарахтлар синф ўқувчиларига бириктирилади ва мазкур ўқувчилар томонидан доимий парваришланиб борилади. Умумтаълим мактаб атрофи ободонлаштирилади. Дарахтлар сони ўқувчилар сонига нисбатан ҳисобланади.

“Меҳрли гуллар” лойиҳаси – умумтаълим мактабнинг синф хоналари, мактаб фойеси, кириш қисми ноодатий ҳолда хона гуллари ва ландшафтлар билан безатилади ва гуллар таълим муассасаларининг сардорлари томонидан доимий парвариш қилиб борилади. Экилган гуллар сардорлар томонидан кўпайтирилиб, байрамлар муносабати билан мактаб микроҳудудидаги ёлғиз қарияларга совға сифатида тақдим этиб борилади. Экилган гуллар тез кўпайиши ва ландшафтларда кўринишининг ўзгачалиги билан ажратилиши лозим.

“Ўқувчилар боғи” лойиҳаси - таълим муассасаси ҳудудидаги ер майдонлари синфлар кесимида тақсимланади. Ажратилган ер майдонларига ўқувчи-ёшларнинг таклифлари инобатга олинган ҳолда (яқин 2 ёки 3 йил ичида ҳосилга кирадиган) мевали дарахтлар экилиб, “Ўқувчилар боғи” яратилади. Мевали дарахтларни тўғри танлашга эътибор қаратиш талаб этилади.

“Табиатнинг дўстиман” акцияси - ўқувчи-ёшлар томонидан экологик маданиятни тарғиб этувчи мемлар (турли белги ва шаклларнинг тасвирий ифодаси) тайёрланади, улар таълим муассасасига ва атроф ҳудудига жойлаштирилади. Мемларни тайёрлаш жараёнида креативлик кўрсатиш тавсия этилади.

“Ҳашар наволари” медиа танлови - Баҳор мавсумида ташкил этиладиган ҳашарлар давомида ўқувчилар томонидан умумтаълим мактабнинг ҳашар қўшиғи тайёрланиб, мактаб хор жамоаси томонидан биргаликда ижро этилади ва ижтимоий тармоқларга #obod_maktab, #hasharnavolari хэштеги билан жойлаштириб борилади.

8. Таълим муассасалари имконияти ва хоҳишидан келиб чиққан ҳолда юқорида келтирилган танлов, лойиҳа ва акцияларнинг барчасини ёки фақат айримларини ўтказиш ҳуқуқига эга.

9. Танлов уч босқичда амалга оширилади:

Биринчи босқич - таълим муассасаларида танлов ва акциялар ўтказилади ва ўтказилиш жараёнлари (барчаси) таълим муассасаларининг ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида ёритиб борилади ҳамда амалга оширилган ишлар якуни юзасидан таълим муассасаси томонидан 5 дақиқагача бўлган махсус ижодий ролик тайёрланади (барча танлов ва акциялар тасвирга олинган ҳолда мобил версияда 20 мб дан ошмаган ҳолда) лойиҳанинг қамров ҳисоботи ва эришилган натижа бўйича техник хулосаси (техник хулоса мутахассис (мутахассис бўлмаган ҳолатда мактабнинг биология фани ўқитувчиси) томонидан берилган бўлиши лозим) илова қилинган ҳолда Халқ таълими вазирлигига (телеграм мессенджери орқали @obod_maktab манзилига) электрон равишда жорий йилнинг 10 апрель кунига қадар юборилади.

Иккинчи босқич - келиб тушган ижодий ишлар махсус саралаш гуруҳи, республика экспертлар гуруҳи томонидан жорий йилнинг 20 апрель кунига қадар сараланади. Экологик ойлик давомида энг яхши “Обод мактаб” номзодлигига муносиб деб топилган 42 та (ҳар бир ҳудуддан 3 тадан) таълим муассасасининг ижодий ролиги жамоатчилик томонидан баҳоланиши учун жорий йилнинг 28-30 апрель кунлари Халқ таълими вазирлининг Facebook ижтимоий тармоғидаги  расмий саҳифасига жойлаштирилади.

Учинчи босқич - овоз бериш жараёнлари муддати якунлангунига қадар махсус саралаш гуруҳи аъзолари, республика экспертлар гуруҳи жойларга чиққан ҳолда экологик ойлик давомида энг яхши “Обод мактаб” номзодлигига муносиб деб топилган 42 та таълим муассасаси фаолиятини ўрганади.

10. Жамоатчилик баҳолаши (“Ёқтириш” белгисини босиш) натижаларига кўра экологик ойлик давомида энг яхши “Обод мактаб” деб ҳисобланган 14 та (ҳар бир ҳудуддан 1 тадан) таълим муассасаси ғолиб деб топилади.

4-боб. Баҳолаш мезонлари

11. Танловнинг барча босқичларда иштирокчи таълим муассасалари қуйидаги мезонлар асосида 100 баллик тизимда баҳоланади:

а) таълим муассасасининг ободлиги, тозалиги, ойлик давомида мевали, манзарали дарахт кўчатларининг экилганлиги, янги экилган кўчатларнинг ўқувчилар сонига нисбатан коэффициенти - 25 баллгача;

б) умумтаълим муассасасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларининг режа асосида ташкил этилганлиги, ҳудуднинг синфларга тақсимланганлиги, уларнинг тартиб билан белгиланганлиги (табличкалар), мевали, манзарали дарахт ва гул кўчатларининг маҳаллий иқлим шароитлари ва хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда режали экилганлиги, ҳар бир экилган дарахтга масъуллар бириктирилганлиги ва уларнинг парвариш қилиниши, дарахтларга шакл берилганлиги ва оқланганлиги – 15 баллгача;

в) таълим муассасаси ҳудудида оқава суви мавжуд бўлмаган тақдирда мевали, манзарали дарахт ва кўчатларини экилиб, парваришлаш йўлга қўйилганлиги – 20 баллгача;

г) таълим муассасаси ҳудудида гулзор ёки боғлар ташкил этилганлиги
– 10 баллгача;

д) таълим муассасаси ҳудудида гул кўчатлари экилганлиги, фойеси, коридорлари ва синф хоналарида гул парваришлаш йўлга қўйилганлиги
– 5 баллгача.

е) таълим муассасида ташкил этилган боғда мевали дарахтларнинг истиқболли тадбиркорлик мақсади кўзлаб экилганлиги – 10 баллгача.

ж) ҳашар қўшиғининг мазмун-моҳияти ва креативлик билан тайёрланганлиги

– 5 баллгача.

з) ижодий роликнинг тайёрланишида ижодкорлик ва креативлик намойиш этилганлиги – 5 баллгача.

и) ойлик давомида ўтказилган танлов, лойиҳа ва акцияларнинг барчаси ташкил этилганлиги – 5 баллгача.

5-боб. Танлов ғолибларини тақдирлаш

12. Ойлик якунига кўра энг яхши “Обод мактаб” деб топилган 14 та (ҳар бир ҳудуддан 1 тадан) таълим муассасаси ғолиб деб эълон қилинади ҳамда Халқ таълими вазирлигининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.

6-боб. Якуний қоидалар

13. Таълим муассасаларининг иштироки ва сонини таҳлил қилиш натижасида ҳудудий халқ таълими бошқармалари ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари фаолиятига баҳо берилади.

14. Ойлик доирасида ўтказиладиган танлов, лойиҳа ва акциялар бўйича фаолият очиқ овоз бериш йўли ва жойига чиқиб баҳоланиши сабабли апелляция комиссияси ташкил этилмайди, иштирокчилар томонидан билдирилган ёзма ариза ва эътирозлар кўриб чиқилмайди.



Report Page