ДХХ вилоятларда ноқонуний ер сотиш ҳолатларига чек қўйди

ДХХ вилоятларда ноқонуний ер сотиш ҳолатларига чек қўйди


https://t.me/xavfsizlik_uz

Наманган вилоятидаги туманлардан бирининг давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўзининг ҳайдовчиси номида бўлган сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликнинг 1 гектар ер майдонини бошқа бир фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси, вилоят прокуратураси ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пулни хизмат хонасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

 Хоразм вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими 1990 й.т. маҳаллий фуқаро билан келишган ҳолда, Урганч туманидаги МЧЖ балансида бўлган 30 сотих ер майдонини тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган шахс номига танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилишади.

Давлат хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, улар сўралган пулдан 30 минг АҚШ долларини олган вақтларида ушланди.

 Хоразмда кузатилган яна бир ҳолатда эса Хива шаҳрида яшовчи, 1984 й.т. фуқаро тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган шахсга Урганч шаҳри ҳудудидан 2 сотих ер майдони олиб бериш учун 30 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 20 минг доллар олган вақтида ушланди.

 Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи, 1992 ва 1993 йилларда туғилган икки нафар фуқаро ўзганинг ишончига кириб, унга Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган фермер хўжалик балансида бўлган 1,9 гектар ер майдонини олиб бериш эвазига 605 минг АҚШ доллари талаб қилишади.

ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимларининг Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида, улар сўралган пулдан 60 минг АҚШ долларини аванс сифатида олган вақтларида ушланди.

 Тошкент вилоятининг Чиноз туманида яшовчи, 1965 й.т. фуқаро ўғлига тегишли бўлган, чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликнинг 1,8 гектар ер майдонини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 25 минг АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у олдиндан 10 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

 Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Report Page