ДХХ: Тошкент шаҳрида ноқонуний фаолият юритган МЧЖ аниқланди

ДХХ: Тошкент шаҳрида ноқонуний фаолият юритган МЧЖ аниқланди


https://t.me/xavfsizlik_uz

“FOREX” – дунёдаги энг йирик халқаро валюта айирбошлаш бозори платформаси ҳисобланиб, у чет эл валюталарини узлуксиз бир-бири билан алмашиш мақсадида йўлга қўйилган.

Мазкур бозорда асосан банклар, брокерлик компаниялари, ташқи савдо билан шуғулланувчи фирмалар, жисмоний ёки юридик шахслар трейдер сифатида иштирок этади.

Трейдерлар асосан молия бозоридаги нархларнинг тебраниши ҳисобидан фойда олади, яъни арзон олиб, қиммат бўлганда сотади ёки аксинча бўлиши мумкин.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ўзини трейдерлик фаолияти билан шуғулланаётганлигини маълум қилиб, молия-иқтисод соҳасида етарли билим ва тажрибага эга бўлмаган фуқароларни ишончига кирган ҳолда, уларнинг шахсий маблағларини ноқонуний ўзлаштириб келган масъулияти чекланган жамият фаолиятига чек қўйилди.

Хусусан, 1995 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, муқаддам судланган шахс 2020 йилда Тошкент шаҳрида “Realnaya Investitsiya” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этган ва мижозлар топиш мақсадида “Телеграм” мессенжерида ҳамда “Инстаграм” ижтимоий тармоғида гуруҳ очиб, тарғибот ишлари олиб борган.

МЧЖ раҳбари мижозлардан 15 минг АҚШ долларидан 200 минг АҚШ долларигача бўлган миқдорда пул маблағларини қабул қилиб олган ҳамда уларга ҳар ойда камида 10 % дан фойда беришни вада қилиб, ушбу фойдани янги жалб қилинган фуқароларнинг пул маблағлари ҳисобидан тўлаб келган.

Ҳозирги кунда МЧЖ раҳбарининг 100 нафар атрофидаги шахслардан жами 2,5-3 млн. АҚШ доллари миқдорида қарздорлиги мавжуд.

Таъкидлаш лозимки, МЧЖ раҳбари ноқонуний йўл билан топилган даромадларини бир нечта кўчмас мулклар ва қимматбаҳо автомашиналар харид қилиш орқали легаллаштирган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан масъулияти чекланган жамият раҳбари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, МЧЖ раҳбарига нисбатан Жиноят Кодексининг 168, 178, 179, 184, 1881, 189 ва 243-моддаларини қўллаган ҳолда мазкур жиноят ишида айбланувчи сифатида жалб этилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳурматли фуқаролар “Realnaya Investitsiya” масъулияти чекланган жамиятидан жабр кўрган бўлсангиз, Тошкент шаҳар прокуратурасига мурожаат қилишингиз тавсия этилади.


Report Page