ДХХ: Тошкент, Сирдарё, Наманган ва Самарқанд вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатларига чек қўйилди

ДХХ: Тошкент, Сирдарё, Наманган ва Самарқанд вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатларига чек қўйилди


https://t.me/xavfsizlik_uz

Тошкент вилояти инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси ходими ҳамда Тошкент шаҳар Яккасарой туманида рўйхатдан ўтган масъулияти чекланган жамиятнинг норасмий эгаси ўзаро тил бириктириб, Қибрай тумани ҳудудида жойлашган мазкур МЧЖга тегишли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга мўлжалланган 13,7 гектар унумдор ер майдонини харидорга 3 млн. 425 минг АҚШ долларига сотишга келишади.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирида, улар сўралган пулдан 500 минг АҚШ долларини олган вақтларида ушланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ер сотиш билан боғлиқ бир нечта ноқонуний ҳолатларга чек қўйди.

Хусусан, Мирзаобод туманида яшовчи, муқаддам икки маротаба фирибгарлик билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган шахс тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога ҳокимият тизимида ишловчи танишлари орқали 20 гектар ер майдони олиб бериш эвазига, ундан 70 минг АҚШ доллари сўраб, олдиндан 30 минг доллар олган вақтида ушланди.

Гулистон шаҳрида яшовчи, 1990 й.т., маклерлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс 1998 й.т. фуқаро билан ўзаро келишиб, унинг номига боғдорчилик, чорвачилик ва балиқчилик ташкил этиш учун ажратилган 20 гектар ер майдонини 19 минг АҚШ долларига сотишни режалаштиради. Улар сўралган пулдан 15 минг долларини аванс сифатида олган вақтларида ушланди.

Худди шу каби Боёвут туманида ҳам 1979 й.т. маҳаллий фуқаро ўзганинг номидаги фермер хўжалигининг 10 гектар ер майдонини харидорга 14 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 10 минг доллар олган вақтида ушланди.

Наманган вилоятида кузатилган ҳолатда эса Янгиқўрғон туманида яшовчи, 1980 й.т. фуқаро муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун ҳозирда озодликни чеклаш жазосини ўтаётганлигига қарамасдан, яна қинғир йўлга киради.

Мазкур шахс қурилиш фирмаси вакилининг ишончига кириб, унга кўп қаватли уй-жой қуриш учун мансабдор танишлари орқали Мингбулоқ тумани марказидан 5 сотих ер майдони олиб бериш эвазига 24 минг АҚШ доллари талаб қилади.

У олдиндан 12 минг доллар ҳамда 32 млн 250 минг сўм олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармалари ходимлари томонидан ушланди.

Яна бир ҳолатда Самарқанд вилоятидаги туманлардан бирининг уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи хизмат мавқеидан фойдаланиб, 1975 й.т. фуқаро билан келишган ҳолда ўзганинг ишончига кириб, унга туман тиббиёт бирлашмасининг фойдаланилмаётган омборхона биносини олиб беришни ваъда қилишади ва эвазига 10 минг АҚШ доллари сўрашади.

Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, улар олдиндан 5 минг доллар олган вақтларида ушланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Report Page