ДХХ: Жойларда фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди

ДХХ: Жойларда фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди

https://t.me/xavfsizlik_uz


Давлат хавфсизлик хизматининг Навоий вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда вилоят прокуратураси нозири фирибгарлик йўли билан маҳаллий фуқародан 10 млн. сўм олган вақтида ушланди.

Аниқланишича, нозир ўзининг танишлари имкониятлари орқали уни Навоий шаҳар ҳокимлиги уй-жой ва ётоқхоналардан фойдаланиш бошқармаси тасарруфидаги ётоқхоналардан бирига навбатсиз жойлаштириб қўйишни ваъда қилган.

Жиноят ишлари бўйича Дўстлик туман судининг ходими эса Шароф Рашидов туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс билан бирга, Жиззах шаҳрида яшовчи фуқаронинг никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъвосини фуқаролик ишлари бўйича судда ишлайдиган танишлари орқали унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 4 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 2 минг АҚШ доллари олган вақтларида ДХХ ва прокуратура ходимлари томонидан ушланди.

 Муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган Гулистон шаҳридаги Адвокатлар ҳайъати адвокати 2021 йилда маҳаллий масъулияти чекланган жамиятга банкдан 240 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилишида ёрдам берганлиги учун хизмати эвазига унинг раҳбаридан 12 минг АҚШ доллари олган.

Бироқ, банк томонидан олиб борилган мониторинг жараёнида масъулияти чекланган жамият кредит маблағини мақсадсиз ишлатганлиги аниқланиб, прокуратура органлари томонидан унинг раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда адвокат муқаддам олган 12 минг АҚШ долларидан 1000 АҚШ долларини МЧЖ раҳбарига қайтариб берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

 ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси, вилоят прокуратураси ҳамда ИИБ ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса Миллий Гвардиянинг Самарқанд вилоят Қўриқлаш бошқармаси Иштихон туманлараро қўриқлаш бўлимида қоровул лавозимида ишловчи шахс ўзининг қариндошига муқаддам ҳокимлик томонидан боғдорчилик қилиш учун берилган 70 сотих ер майдонини харидорга 175 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 100 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

 Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168- (Фирибгарлик) ва 211- (Пора бериш) моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Report Page